Марказий Фарғона неолит ёдгорликлари илк неолит босқичига оид ёдгорлик бўлиб, у ХХ асрнинг 50- йилларда тадқиқ қилинган. Улар марказий Фарғонанинг чўллларида топилган бўлиб, бугунги кунгача 80 дан ортиқ макон аниқланган. Улар умумий тарзда Марказий Фарғона маданияти деб номланади.
Неолит маконлари Қорақалпоқ даштида, Мингбулоқ, Сариқсув, Оққум, Дамкўл ва Қизилтепа худудларидан топилган. Улар жумласига Замбар 1,2, Янгиқадам 12,14, 16,19, 35, Мингбулоқ, Сариқсув, Узункўл, Дорозкўл, Мадёр ва бошқаларини киритиш мумкин.
Маконларда маданий қатламлар сақланмаган. У ердан призма, қалам шаклидаги тош ўзаклар, қирғиччалар, ранда, бурғу, кескич қуроллари, пайконлар топилган. Пайконлар асосан баргсимон шаклда бўлган. Қуролларнинг кўпчилиги парақа ва тош синиқлари асосида ясалган. Геометрик шаклдаги қуроллар топилмаган.
Ибтидоий одамлар кўл, дарё ва булоқлар атрофида ўз маконларини қуриб, овчилик, балиқчилик ва термачилик билан шуғулланганлар.
Марказий Фарғонанинг шимолий қисмида жойлашган Мадёр 3,4 ва бошқа маконлари сўнгги неолит даврига, яъни мил.авв. IY – III минг йилликларга оиддир.
Учтут ёдгорлиги чақмоқтош қазиб олиш ва бирламчи ишлов бериш устахонаси бўлиб, Навоий вилояти Учтут худудидан топилган. Уни Я.Ғ.Ғуломов раҳбарлигидаги экспедиция 1960 йилда топган. Ёдгорликни 1966–1967 йилларда Т.Мирсоатов ўрганган ва неолит даврга оид ўра(шахта)ларни очган. Шунингдек, бу ердан тош даврининг турли босқичларига оид моддий буюмлар ҳам топилган.
Дастлабки даврларда ибтидоий одамлар қояларда кўриниб ётган чақмоқтошларни синдириб олганлар. Кейинги даврларда чақмоқтошни қидириб, тоғ ёнбағирларида 4,5 ва 5 метрли ўралар ковлаганлар. Керакли хом ашёни олиш учун ўраларнинг пастки қисмидан ҳар томонга қўшимча йўлаклар очиб борганлар. Ўралар махсус тош, суяк ва ёғочдан ясалган куракчасимон қуроллар ёрдамида қазилган. Ўралар деворларида куракчалар излари мавжуд. Чақмоқтошни кончилар тош болталар ёрдамида ковлаганлар. Шунингдек, у ерда ўт ёқиб тошни қиздиришган ва совуқ сув қуйиб, портлатганлар. Улар керагича хом–ашёдан олиб, кейинчалик ўралар оғзини ҳарсанг тошлар билан ёпиб қўйганлар. Археологлар бу ерда 100дан ортиқ бундай ўзига хос ўраларни топганлар, улардан фақат 35таси ўрганилган.
Учтут ёдгорлиги сингари шахталар фақат неолит даври ёдгорликларида учрайди. Неолит шахталари Англия, Франция, Дания, Шимолий Германия ва Белоруссия каби давлатларда ҳам топилган.
Неолит ва энеолит даври маданиятлари ҳудудий тарқалиш схемаси.
Мавзуни мустаҳкамловчи саволлар:
Неолит даври ёдгорликларини сананг.
Калтаминор маданияти неча босқичда ривожланган?
Неолит даври ютуқлари нималардан иборат?
Учтутдаги неолит даври шахталари ҳақида маълумот беринг?
Ишлаб чиқарувчи хўжалик ва унинг моҳияти нима?
Жойтун маданияти қайси худудда шаклланган?
Хисор маданияти хусусиятларини тушунтириб беринг?
Марказий Фарғона ёдгорликларининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат?
Do'stlaringiz bilan baham: |