Илмийликнинг физик идеали.
Экспериментал тадқиқотлар гуркираб ривожланиши билан фанни таҳлил қилувчи мутафаккирлар ўртасида “мутлақ” ва “зарурий” билимни фақат математика соҳасидагина эмас, балки физика соҳасида ҳам ҳосил қилиш мумкин, тажрибага асосланган фанларда илмий ҳақиқат илдизлари кўпроқ мужассамлашган, деган қараш пайдо бўлди16.
Ж.Беркли, Д.Юмдан бошлаб то позитивизмгача бўлган ғарб олимлари математикани конвенциал, аналитик ўқув предмети, шартли белгилар йиғиндиси, физикага оид назарияларни ривожлантириш воситаси, деб талқин этдилар ва бу билан математикани фан статусидан маҳрум этдилар.
Ҳозирги замон неопозитивистлари математика фан эмас, балки фан тили, деб ҳисоблайдилар.
Илмийликнинг физик идеали сифатида дастлаб механикага, кейин физикага эталон(андоза) сифатида қарала бошланди. Кимё фанида Бертло, биологияда Шлейден, табииётшуносликда Гельмгольц илмийликнинг физик идеалига таяндилар.
Гуманитар соҳаларда ҳам илмийликнинг физик идеалига алоҳида эътибор берила бошлади. Масалан, Бокль тарихнифан даражасига кўтаришга бўлган интилишларини ифодалаб, “тарих Бэкони” бўлмоқчи эканини айтган эди.
XIX аср филологи В.Шерер: “Чиройли фикрлар, доно сўзлар, умумий иборалар энди бизга ёрдам бермайди. Бизга конкрет тадқиқотлар зарур, бу тадқиқотларда пухта, ишончли билиб олинган ҳодисалар уларни дунёга келтирган фаол кучлардан иборат бўлсин. Биз бу стилни табииётшуносликдан олдик. Табииётшунослик триумфатор(ғалаба нашидасини сурувчи) сифатида бизнинг барчамиз мансуб бўлган ғолиблар извошини олға тортиб боряпти,”17- деб ёзган эди.
Илмийликнинг физик идеалини қабул қилган социал-гуманитар фанлар XVII асрдан то ХХ асргача “социал механика”, “социал физика”, “социал инженерия” яратишга уриндилар. Америкалик социологлар Г.Ландберг, О.Ларсен: “Биз социологияга табиий фан сифатида қарар эканмиз, инсоннинг ижтимоий хулқ-атворини худди биолог асалари уясини ёки организмнинг тузилиши ва функциясини объектив руҳда тадқиқ этгани сингари ўрганамиз”, - деб ёздилар.
ХХ асрга келиб, илмийликнинг физик идеали неопозитивизмнинг физикализм доктринасида ўз ифодасини топди. Универсал фан ғоясининг тарафдорлари психология ва социал-гуманитар билимларни физик атамалар тилига кўчиришни таклиф қилдилар. Позитивистлар ҳар қандай эмпирик мазмунни физик атамалар тилида ифодалаш мумкин, деб ҳисобладилар. Масалан, ўлчаш, кузатиш, эксперимнгт илмий билишнинг барча соҳаларида физика тили билан ифодаланади, яна бунинг устига юқоридаги процедуралар физик асбоблар орқали амалга оширилади.
Бироқ физикализм доктринасини ҳаётга татбиқ этишда жиддий қийинчиликлар юз берди, шунинг учун ҳам унинг тарафдорлари кейинчалик ундан воз кеча бошладилар. Масалан, электромагнит, атом ва бошқа ҳодисаларни ифодалаш учун механика тилининг етарли эмаслини аён бўлди.
Лекин шунга қарамасдан илмийликнинг физик идеали неопозитивистлар (Карл Поппер) томонидан ижодий ривожлантирилди. Улар назарий концепциялар илмийлигининг ягона асоси – бу, назарияларни эмпирик текшириб кўриш имконининг мавжудлиги, фактларга таяниш, верификация ва фальсификация (илмий назарияни инкор этиш, танқид қилиш имконининг мавжудлиги) ғояларини илгари сурдилар.
А.М.Мостапенко физиканинг бошқа фанлар учун аҳамияти тўғрисида шундай деб ёзади: “Фанлар тизимида физиканинг алоҳида роли шу билан белгиланадики, физик билиш методологияси бошқа барча табиий ва ижтимоий фанлар учун илмий қатъийлик ва ишончлилик эталони бўлиб хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам физика табиатнинг фундаментал қонунларини ўрганади, у аллақачон нафақат эмпирик, балки назарий методга эга бўлган илмий билишнинг энг ривожланган соҳаси сифатида қарор топди. Бунчалар ривожланган назарий билиш методига эга бўлмаган фанлар физикага бундай методларнинг манбаи сифатида таянадилар. Бунддан ташқари, таъкидлаш жоизки, ҳар қандай фандаги билиш методологияси моҳиятан ягонадир. Шунинг учун ҳам умумий аҳамиятга эга бўлган илмий методология энг ривожланган фан таъсирида, ҳозирги пайтда физика таъсирида шаклланади”18.
Л.Б.Баженов физиканинг фундаментал аҳамиятини лингвистик, методологик ва онтологик аспектда таҳлил қилар экан, физиканинг юксак даражада ривожланганлиги, математикалашганлигига алоҳида урғу берди.
Юксак даражадаги илмийлик физикада нималарда намоён бўлади? Тадқиқотчилар физик назарияларнинг мантиқий структурасига, уларни текшириш усуллари ва процедураларига, изоҳлашдаги ўзига хосликка ва олдиндан башорат қилишга, математикалашганлик даражасига ва ҳ.о.ларга алоҳида эътибор беряптилар.
Илмийликнинг физик стандарти қуйидагилардан иборат:
1. Илмийликнинг бу типида эмпирик асос марказий ўрин эгаллайди. Агар илмийликнинг математик типида ҳар қандай аксиомага йўл қўйиш мумкин бўлса, физик аксиома фактуал характер касб этади.
2. Физика хулосалари ўзгариши, математик формулалардан фарқли равишда мантиқан физика қонунларининг бузилишига йўл қўйиш мумкин.
3. Физикада билим структурасига гипотетик-дедуктив билим сифатида қаралади, билимнинг ўзи эса эҳтимолли характерга эгадир.
4. Бу ерда илмий гипотеза янги факт ва ҳодисаларни олддиндан кўришга имкон берадиган прогностик кучи билан алоҳида аҳамият касб этади.
Илмийликнинг физик стандарти ҳозирги замон фанининг ғурури бўлган кўплаб илмий назарияларни яратишда ўзининг юксак даражадаги эвристик аҳамиятга эга эканини кўрсатди.
Бироқ илмийлик физик стандартининг биологик билимларга қўллаш қатор эътирозларга сабаб бўла бошлади. Масалан, машҳур биолог Е.Геккел XIX асрдаёқ: “Гарчи барча фанлар учун аниқ, математик асослаш принцип жиҳатдан таъсирчан метод бўлиб қолаётган бўлса ҳам, уни биологик билимларнинг кенг соҳаси учун қўллашнинг имкони йўқ. Бу ерда аниқ математик-физик метод ўрнига тарихий, социал-фалсафий метод қўлланади”, - деб ёзган эди.
Лекин бундай қараш ўзини оқламади. Ҳозирги пайтда биологик объектларни ўрганишда физикавий-кимёвий, математик, кибернетик ва ҳ.о. аниқ методлар муваффақиятли қўлланяпти. Бироқ шунга қарамай қатор тадқиқотчилар таъкидлаганидек, вақтлар ўтиб, биология ривожланди, унинг муаммолари тобора мураккаблашди, натижада бу муаммоларни ўрганиш учун математик, физикавий ва кимёвий методлар кутилган ижобий натижани бера олмаслиги аён бўла бошлади.
Назарий биологияни яратиш йўлида икки хил қараш вужудга келди: бир томондан, назарий биологияни яратиш учун биология физик идеалга яқинроқ туриши лозим, деган ғоя илгари сурилса, иккинчи томондан, биологик объектларнинг ўзига хослигини, унинг системали уюшганлигини, улар тарихий ривожланиш маҳсули эканлигини кўрсатувчи сифат жиҳатдан янги биологик назариялар яратилиши керак, деган ғоя илгари сурила бошлади.
Назарий биологиянинг қандай бўлишини келажак кўрсатади. Бироқ ҳозирги пайтда физик мезонларни биологик билимга қатъий татбиқ этиш салбий оқибатларни келтириб чиқаряпти.
Назарий объект қандай тавсифланса, унинг келажагини ҳам шундай башорат қилиш мумкин, деган қараш ҳам биологларнинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда. Э.Майрнинг таъкидлашича, физиклардан келиб чиққан бу ғояни бирон бир биолог айтишга журъат этмайди19.
Дарҳақиқат, ноёб ҳодисаларнинг жонли оламида классик механика қонунларига ўхшаш умумий қонунни очиш мутлақо мумкин эмас. Лекин шунга қарамай, биология физик стандартга яқинлашиши, эволюция назариясининг экология билан синтезлашуви натижасида физика билан тенглашишига умид боғлаш мумкин.
Ҳозирги пайтда биологик билимларга илмийликнинг физик идеалини қўллаш қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Чунончи, биологиянинг илмийлигини, хусусан, эволюция назариясини келажак билан боғлаш мақсадга мувофиқ эмас. Ҳолбуки, эволюция назарияси соф биологик назариядир.
Машҳур рус биофизиги С.Э.Шнолнинг таъкидлашича, “Фақат биологик ҳодисалар (жараёнлар, объектлар) озми-кўпми узоқ давом этган, табиий танланиш натижасида рўй берган эволюциянинг маҳсулидир. Фақат биоллогик ҳодисаларга нисбтангина табиий танланиш нуқтаи назаридан уларнинг мукаммаллиги, уларнинг биологик прогрессивлик даражаси сингари умумий мезонни қўллаш мумкин. Худди шу маънода ўтмиш замонларнинг концентрантлари бўлган биологик объектлар табиий танланиш натижасида ҳосил қилинган физикавий-кимёвий механизмлар орқали амал қилади. Шундай қилиб, эволюция назариясигина биологиянинг ўз назариясидир”20.
Do'stlaringiz bilan baham: |