МУНДАРИЖА
1. ЎҚУВ МАТЕРИАЛЛАР...............................................................................................
2. МУСТАЪҚИЛ ТАЪЛИМ МАШҒУЛОТЛАРИ.......................................................
3. ГЛОССАРИЙ.................................................................................................................
4. ИЛОВАЛАР....................................................................................................................
- фан дастури......................................................................................................................
- ишчи фан дастури...........................................................................................................
- тарқатма материаллар...................................................................................................
- тестлар...............................................................................................................................
- баҳолаш меъзонлари.......................................................................................................
1. МАЪРУЗАЛАР МАТНИ
1-мавзу: “Илмий тадқиқот методологияси” фанининг
предмети, мақсад ва вазифалари
РЕЖА:
1. Илмий тадқиқот методологияси – илмий асарлар яратиш усуллари тўғрисидаги фалсафий фан.
2. Илмий билиш назарияси(эпистемология) – гносеологиянинг муҳим бир соҳаси.
3. Ўқув предметининг мақсад ва вазифалари.
Таянч тушунчалар:илмий билиш, гносеология, ижод, илмий ижод, ақлий меҳнат, рационализм, фан, табииётшунослик, жамиятшунослик, техника, техник фанлар, илмий билиш усуллари, олим шахси.
Фан жамиятимиз тараққиётининг муҳим омили, комил инсон шахсини шакллантиришнинг зарур шарти бўлиб қолган ҳозирги шароитда истеъдодли талаба-ёшларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, уларда илмий асарларни таҳлил қилиш, илмий фактлар тўплаш, уларни системалаштириш, баҳолаш, илмий янгиликлар яратиш кўникма ва малакаларини шакллантириш олий ўқув юртлари олдидаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолди.
Мамлакатимиз олий ўқув юртларида юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида уқтириб ўтилганидек, бир томондан, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ҳозирги давр талаблари даражасига кўтаришни, ўқув хоналари ва илмий лабораторияларни замонавий асбоб-ускуна ва техник воситалари билан жиҳозлашни, иккинчи томондан, ўқитишнинг замонавий технологияларини амалиётга татбиқ этишни, “доцент” ва “профессор” илмий унвонлари бериш тизимини такомиллаштиришни, уларнинг рағбатлантирувчилик ролини кучайтиришни, илмий тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини оширишни талаб этяпти1.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов2014 йил 16 майда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида қайд этилганидек, миллий мустақиллик туфайли маънавий янгиланиш жараёнларининг тобора чуқурлашиб бориши улуғ аждодларимизнинг илғор илмий анъаналарини изчил давом эттиришни қатъий талаб этяпти. “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, - деб ёзади И.А.Каримов, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам худди улар каби мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”2.
Юқори илмий даража ва илмий салоҳиятга эга бўлган малакали мутахассислар тайёрлаш, бир томондан, ўрта умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежларда ўқитиш сифати ва самарадорлигини ҳозирги давр талаблари даражасига кўтаришни, иккинчи томондан, ёш тадқиқотчиларда ижодкор шахсига хос сифат ва фазилатларни, илмий тадқиқотни ташкил этиш кўникма ва малакаларини шакллантиришни, илмий ижод методологиясини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишни талаб қиляпти.
Талаба-ёшлар ўртасида аввало фаннинг умумбашарий қадрият, ижтимоий онгнинг алоҳида бир шакли, оламни билиш ва ўзлаштиришнинг ишончли воситаси, комил инсон шахсини шакллантиришнинг муҳим омили сифатидаги аҳамиятини кенг тарғиб этиш, уларда илмий фикрлаш малакаси ва маданиятини шакллантириш айниқса муҳимдир.
Талаба-ёшларда, аввало, илмий асарларни мутолаа қилиш маданиятини, илмий асарларни конспектлаштириш, тезислар тузиш, тақриз, реферат, илмий мақола ва илмий доклад ёзиш қоидаларини ўзлаштиришларига яқиндан ёрдам бериш ғоят хайрлидир.
Илмий асар қандай шакл ва мазмунда бўлишидан қатъи назар тадқиқотчидан мустаҳкам ирода, сабот-матонат, собитқадамлик, жиддийликни, янги илмий билимлар ҳосил қилиш, илмий изланиш натижаларини умумлаштириш, системалаштириш эркин ва мустақил хулосалар чиқариш йўллари ва усулларини пухта билишни талаб этади.
Катта фан остонасида турган юзлаб ва минглаб ёш тадқиқотчилар катта илмий тажриба ва билимга эга бўлган устозлардан “Қандай қилиб олим бўлиш мумкин? Илмий ижодкор бўлишнинг сири нимада?” сингари саволларга тўғри жавоб олишга интиладилар.
Узоқни кўрувчи бир гуруҳ олимлар ёш тадқиқотчиларда мустақилликни тарбиялаш, уларни илмий ижодий фаолиятга йўллаш керак, деб ҳисоблайдилар. Муҳими, инсониятнинг машҳур олимлари орттирган бой тажрибани, яъни илмий билимлар ҳосил қилиш, илмий кашфиётлар яратиш усулларини ёшларга ўргатиш мақсадга мувофиқдир.
Олимлик маҳорати тезда шаклланиб қолмайди. Бунинг учун фанни севиш, унга бутун онгли ҳаётингни бағишлаш, эришган ютуқларингдан интелектуал завқ олиш, умумий ишга ўз ҳиссангни қўшаётганингни қалбан ҳис этиш талаб қилинади.
Агар ёш тадқиқотчида юқоридаги сифат ва фазилатлар бўлмаса, яна муҳими, фаннинг умумбашарий аҳамиятини англамаса, фанга бойлик орттириш, сохта обрў топиш, гердайиш, кибр - ҳаво воситаси деб қараса, ҳеч бир китоб, жумладан, мазкур китоб ҳам “эзгу” орзулари ушалишида ёрдам бера олмайди.
Академик Эркин Юсуповнинг олимларни: “отилиб чиққан” ва “осилиб чиққан” олимлар тоифасига ажратиши бежиз бўлмаган. Отилиб чиққан олимлар, шубҳасиз, илмий ижодга ўзлигингни намоён этиш, истеъдод ва қобилиятингни рўёбга чиқариш, илм заҳматларидан ҳаловат топиш, ўзлигингни абадийлаштириш, фан ва инсониятолдидаги бурчингни сидқидилдан адо этиш имконияти, воситаси деб қарайдилар ва бутун ҳаётларни илм-фанга бағишлайдилар.
“Осилиб чиққанлар” эса бир амаллаб диссертацияни “ҳимоя қилиб”, бутун умр бўйи илмий даража соясида жон сақлайдилар ва илмий унвонга амал пиллапояларидан юқори кўтарилиш, молу дунё орттириш имконияти деб қарайдилар ва фаннинг кушандасига айланиб, ҳақиқий истеъдодларни йўқ қилиш билан машғул бўладилар.
Шу боисдан ҳам фан “де факто” олимлар “де юра” олим сифатида қадр-қиммат топишидан ҳаётий манфаатдордир. Ҳар қандай диссертация, хусусан, магистрлик диссертациялари ҳимояларининг ўта талабчан ва принципиал танқидий руҳда бўлишининг боиси пок ва муқаддас фанни қалбаки, сохта, фирибгар “олимлар” дан ҳимоя қилиш; фаннинг жамият ва шахс тақдиридаги буюк аҳамияти ва моҳиятини тўлароқ рўёбга чиқариш орқали жамиятни қолоқлик, жаҳолат, зулм ва адолатсизликлардан ҳалос этиш, ижтимоий ривожланиш ўртага қўйган муаммоларни холисона ўрганиш ва оқилона ҳал этиш, халқимизга муносиб ҳаёт даражасини яратишдир.
Мазкур ўқув қўлланма олий ўқув юртларининг барча йўналишдаги магистрларига ўқитилаётган “Илмий тадқиқот методологияси” фанининг намунавий дастури асосида тайёрланди. Мавзуларни изчил ва системали равишда баён этишга, фаннинг фалсафий моҳияти, ижтимоий онг системасида тутган тутган ўрни, жамиятнинг маънавий янгиланиши ва шахс ҳаётидаги аҳамиятини, илмий ижод фалсафаси ва психологияси, илмийлик мезонлари, илмий тадқиқот олиб бориш усуллари, илмий тадқиқот шакллари, жумладан, диссертация ёзиш қоидалари ва усулларини ёритишга ҳаракат қилинди.
Маълумки, фан демократик жамият маънавий ҳаётини белгиловчи муҳим омил сифатида илм аҳлида олижаноб инсонийсифат ва фазилатларни камол топтиради.
Жамиятимиз тараққиёти, айниқса, фан-техника тараққиёти шу жамиятда яшаб, ижод этувчи инсонларнинг ақлий баркамоллиги, маҳоратига боғлиқ. Бунинг учун инсон ўқиши, мустақил мутолаа қилиши, ўз устида тинмай ишлаши, изланиши керак. Бу иш фақатгина ягона узлуксиз таълим тизими орқали амалга оширилиши мумкин. Узлуксиз таълимни амалга оширишда ҳар бир шахснинг хар томонлама баркамол ривожланиши, унинг ахлокий, маданий камолоти учун қулай шароит яратилиши талаб этилади.
Мазкур фан орқали магистрантлар курснинг предмети, вазифаси, фан доирасида ўрганиладиган асосий масалаларнинг мазмун-моҳиятини аниқлаш, илмий билиш, метод, методология, методика тушунчаларининг моҳиятини англаш, илмий иш олиб бориш асослари, тамойилларини аниқлаш, илмий тадқиқот олиб боришдаги вазифаларни белгилаш, жамиятни демократлаштириш ва бозор тамойиллари асосида ислоҳ қилинган иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришларнинг ижтимоий фанларга таъсири масалаларини ўрганадилар. Курсни ўқитишдан асосий мақсад, магистратура талабаларига илмий тадқиқот методологиясининг пайдо бўлиш шакилланиши ва унинг турли йўналишлари ҳақида изоҳ бериш, илмий тадқиқот методологиясига доир фалсафий билимларни мукаммал даражада ўрганиш, постноклассик фан тараққиётида ўз-ўзини ташкиллаштириш, ўз-ўзини бошқариш, диссипация, флуктуация, аттрактор каби илмий тадқиқот методологиясининг асосий муаммо ва қонуниятларини тадқиқ этишдан иборат.
Шунингдек, магистрантларда илмий изланиш технологиясини эгаллаш ва ундан оқилона фойдаланиш махорати ҳақидаги билим кўникмаларини ҳосил қилишга қаратилган.
Ўзбекистон мустақиллигини таъминлашда ва мустаҳкамлашда илмий салоҳиятли, юксак малакали кадрларнинг фаолияти муҳим ўрин тутади. Таълим тўғрисидаги қонун, кадрлар тайёрлашнинг миллий Дастури қўйган вазифаларни амалга оширилиши натижасида олий ўқув юртларида магистрантларни тайёрлашга катта эътибор берилмоқда. Магистрантларнинг илмий дунёқарашини таркиб топтиришда, уларнинг фан, илмий тадқиқот, унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги тасаввурларини шакллантиришда илмий тадқиқот методологияси асосларини эгаллаш муҳим илмий-назарий ва методологик аҳамият касб этади.
Фанни ўқитишдан мақсад магистрантларга дунёни билиш, илмий билишнинг асосий мазмуни, метод, методология, методика тушунчаларининг моҳияти, илмий тадқиқотнинг зарурий шартлари, илмий тадқиқот олиб боришнинг мантиқий схемаси, илмий тадқиқот олиб боришда илмий билиш усулларидан фойдаланиш, мавзуни танлаш, илмий-методик адабиётларни ўрганиш, манба танлаш ва фактик материал тўплаш, илмий тадқиқот режасини тузиш ҳамда унда назария ва амалиёт бирлигини сақлаш, диссертация қўлёзмаси устида ишлаш ва малакаларини шакллантиришдан иборат.Шунингдек, магистратура талабаларига илмий тадқиқот методологиясининг пайдо бўлиши, шаклланиши ва унинг турли йўналишлари ҳақида тушунча бериш ҳамда фалсафий билимларини мукаммаллаштиришдир.
Ўқитишда фалсафа ва илмий билиш методологияси ўртасидаги диалектик алоқадорликка алоҳида эътибор берилади. Унда ҳозирги замон фани ва методологиясининг умумфалсафий масалалари ёритилади, фан тарихи ва тараққиёти, ҳозирги замон эпистемологиясидаги муҳим муаммолар, фан ҳақидаги концепцияларни илмий тадқиқот методологияси руҳида қараб чиқиш кўзда тутилади.
Фанни ўқитишнинг асосий мақсади – магистрантларни илмий тадққиқот методологиясига оид билимлар билан қуроллантириш ҳамда шу асосда уларни ўз ихтисослиги жараёнларини таҳлил қилишга ва фан муаммоларини илмий ҳал қилишга тайёрлашдан иборат.Шунингдек, табиий ва ижтимоий фанлар орасидаги ўзаро алоқадорликни тахлил қилиш; илмий тадқиқот методологиясининг мувофиқлаштирувчи фан эканлигини илмий асослаш; илмий тадқиқот методологияси ва диалектиканинг узвий алоқадорлигини исботлаш.
“Илмий тадқиқот методологияси” фани масалалари доирасида магистрант:
- илмий тадқиқот олиб боришнинг методологик асослари, илмий тадқиқот олиб боришнинг зарурий шартлари, илмий изланишга хос асосий тушунчалар, илмий иш олиб боришнинг мантиқий тузилмаси, илмий билишда умумий ва хусусий методлар, мавзуни танлаш босқичлари, тадқиқот режасини тузиш, илмий методик адабиётлардан фойдаланиш, фаннинг ўзига хос хусусиятлари, илмий тадқиқотнинг амал қилиш механизмлари ҳақида тасаввурга эга бўлиши, тадқиқот структурасини, шунингдек, илмий тадқиқот методологияси ривожланишнинг бифуркацион механизмини, ўзини ўзи уюштирган тизимларнинг эволюцияси жараёнларида хаоснинг конструктив ролини аниқлашни, ҳозирги замон дунёқарашига кўрсатган таъсирига кўра илмий тадқиқот методологияси ғоялари нисбийлик назарияси ва квант механикаси ғояларига тенг туришини, илмий тадқиқот методологияси тушунчаларини ҳар қандай ривожланувчи тизимларга нисбатан қўллаш билиши керак;
- магистрант илмий тадқиқот жараёнини яхлит жараён сифатида тасаввур қила олиши, меҳнатсеварлик, тадқиқот жараёнини тавсифлаш, хулосаларни таърифлаш ва олинган натижаларни баҳолаш, эмпирик ва назарий тадқиқот усулларини фарқлаш, кенгайтирилган тадқиқот режасини ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотнинг методологик тамойиллари, илмий лойиҳаларни тузиш, илмий изланишларнинг йўналишлари, шунингдек, илмий тадқиқот методологиясининг фалсафий масалалари, илмий тадқиқот методологияси ҳар қандай объект эволюциясини ҳаракатга келтирувчи ўз-ўзидан ташкил топиш механизмини тавсифловчи таълимот эканлиги ҳақидаги билим ва кўникмаларига эга бўлиши керак;
- Илмий тадқиқот методологиясининг фалсафий масалалари жуда кўп фанлар учрашадиган муаммолар хусусида ишлаётган соҳа бўлгани учун ҳамда синергетик билим хосил бўлишининг ўзига хос ноанъанавий жиҳатлари мавжудлиги учун уни методология нуқтаи назаридан баҳолаши ва улардан фойдалана олиши, билимнинг конструктив ҳарактери, илмий фаолият маҳсулининг амалий аҳамиятини англаш, илмий-методик адабиётларни ишлаб чиқиш усуллари ва талабларини билиш, ҳавола бериш (цитата бериш) усуллари, мавзуни ёритиш учун матндан фактик мисоллар танлаш, фактик материалларнинг миқдорини белгилаш, қўлёзмани таҳрир қилиш, илмий ишни илмий услубда равон ва саводли ёзиш малакаларига эга бўлиши лозим.
Фанни самарали ўрганиш учун магистрантлар фалсафа, миллий истиқлол ғояси, педагогика, психология, янги педагогик технология ва педагогик маҳорат, шунингдек мамлакатимизда бозор муносабатларига ўтиш жараёнида фан тараққиётига оид билимларни ҳам мукаммал ўрганишлари лозим. Айниқса, бу фанни ўрганишда эпистемология фанлари асосларини эгаллаш жуда муҳимдир. Шунингдек, “Илмий тадқиқот методологияси” билим соҳаларига доир таълим йўналишларида фанлардан ўрганиладиган муаммолар борасида етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиш талаб этилади.
Фан доирасида ўрганиладиган асосий масалалар магистрантларда илмий иш олиб бориш юзасидан бошланғич билимларни шакллантириш, фалсафа, тилшунослик, адабиётшунослик терминларини ўзлаштириш, ижтимоий фан соҳаларига оид назарий масалаларнинг таҳлил қилиниши ва ёритилиши, кенг қўлланиладиган метод ҳамда усулларни ўрганиш, мавзу доирасидаги муаммонинг ҳал қилиниши борасида муайян билимга эга бўлишда муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |