10-мавзу: Илмий тадқиқотда моделлаштириш. Илмий
тадқиқот логикаси.
Режа:
1. Моделлаштириш – янги илмий билимлар ҳосил қилиш усули.
2. Моделлаштириш турлари.
3. Идеал моделллаштириш.
4. Илмий тадқиқот логикаси.
Таянч тушунчалар:моделлаштириш, моддий модель, идеал модель, аналогия(ўхшатиш), муаммо, илмий муаммо,илмий тадқиқот логикаси.
Оламни билиш жараёнини осонлаштириш учун фан ривожланишининг илк босқичлариданоқ турлича моделлар қўлланилган. Илмий тадқиқотда моделлаштириш усулидан Анаксимандр, Демокрит, Эпикур, ўрта аср олимлари – Коперник, Галилей, Ибн Сино, Беруний ва бошқалар самарали фойдаланганлар.
Моделлаштириш Ватанимиз буюк олимларининг ижодий фаолиятида жуда муҳим роль ўйнаган.
Ҳозирги пайтда илмий моделларни шартли равишда икки турга ажратадилар:
1. Моддий (физик, ашёвий, ҳаракатчан) модел;
2. Идеал (мантиқий, логик математик тасаввурдаги) модел.
Моделлар маълум маънода реал воқеликнинг инъикоси ҳисобланади.
Маълумки, ҳар қандай моддий модел даставвал инсон миясида вужудга келадиган идеал модел билан узвий боғлангандир, кейин эса металл, ёғоч, пластмасса ва бошқа материаллар орқали яратилади.
Ҳозирги замон биологик кузатишларда кенг қўлланиладиган турли ҳайвонлар(масалан: бақа, маймун, ит ва х.о.) тирик моделлар ҳисобланади.
Биологик қонуниятларни ўрганишда моделлаштиришнинг аҳамиятига ортиқча баҳо бериш хатодир, чунки моделлар мураккаб ҳаётий жараёнларни ўрганишда кўмакчи восита ҳисобланади, холос.
Агар илмий тадқиқотда қўлланиладиган моделлаштириш қандайдир объектни шунчаки сунъий равишда яратиб , унинг ички, яширин хоссаларини билишга имкон берсагина ўзини оқлайди.
Ҳозирги замон табииётшунослигида ўхшатиш назарияси - аналогия кенг қўлланилмоқда, бу эса турли моделлар яратиш имконини бермоқда.
Моделлар яратишда унинг ўрганилаётган система билан барча даражаларда тўла мос бўлишига интилишнинг кераги йўқ, бошқача қилиб айтганда, бундай қурилмалар том маънода модел бўлолмайди.
Модел ва моделлаштирилаётган объект ўртасидаги муносабат айният муносабати эмас, балки ўхшатиш(аналогия) муносабатидир. Бунда аналогиянинг барча даражалари эмас, балки асосан структура даражасидаги аналогия рўёбга чиқади.
Илмий тадқиқотда физик моделларни муваффақиятли қўлланилишига қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
Итальян хирурги ва табииётшуноси Даниэл Петруччи инсон эмбрионини сунъий шароитда ўстирмоқчи ва ҳомиланинг ривожланиш жараёнини кузатмоқчи бўлди. Олим организмнинг озиқланиши учун кўплаб мосламалар яратиб, ойна камера-“биологик бешик”ка жойлаштирди ва ҳомиланинг ўсиш жараёнини кузата бошлади. Ҳомиладор аёлнинг қон плазмаси ҳомиланинг озиқланиш манбаи бўлиб хизмат қилди. Киноаппарат туғилиш ва ўсишнинг барча босқичларини суратга олиб, мунтазам равишда ҳомиланинг ўсиш жараёнини кузатди.
Плёнкада биринчи ҳужайранинг пайдо бўлиши, инсон танасининг асосий аъзоларининг шаклланиши акс этди27.Бироқ Петруччининг кузатишлари эмбрион ривожланишининг 59-кунигача давом этди: тадқиқот Ватиканнинг қатъий талаби билан тўхтатилди, унда католик черкови диний асослари емирилишини кўрдилар.
Ҳозирги замон фанида идеал ёки логик моделлаштириш кенг қўлланилмоқда. Уни баъзан информацион моделлаштириш ҳам дейилмоқда.
Моделлаштиришнинг бу тури ҳақида академик В.М.Глушков шундай деб ёзди: “Инсон миясига динамик информацион моделлаштиришнинг универсал инструменти(воситаси) сифатида қараш мумкин. Бу ерда универсаллик мияга қандайдир муайян динамик информацион моделнигина эмас, балки ихтиёрий моделни яратиш имкони мавжудлигини англатади. Миянинг бундай универсаллигида инсоннинг теварак-атрофдаги объектив оламни билишга бўлган чексиз қобилияти мужассамлашгандир”28.
Мантиқий моделлаштириш фикран эксперимент ўтказиш билан, яъни тасаввур қилинадиган турлича шароитларда объектнинг турлича харакатланиш вариантлари тўғрисида мантиқий мулоҳаза юритиш билан боғлиқдир. Бунда турли тил системалардан, шартли белги, схема, расм, чизма, оддий материал ва ҳ.о.дан фойдаланиш мумкин.
Фикрий экспримент моддий моделдаги физик экспериментнинг олдини олиши, тажрибаларининг энг юқори сифатда бўлишига имкон яратиши мумкин.
Моделлаштириш методи аналогия методи билан узвий боғланган. Аналогия методи кибернетикада кенг қўлланилмоқда. Кейинги йилларда кибернетика модели табииётшунослик билан бир қаторда жамиятшуносликда ҳам қўлланилмоқда.
Ғарб социологиясида, жумладан, АҚШ социологиясида математик метод – социометрия муваффақиятли қўлланиляпти.
Do'stlaringiz bilan baham: |