11-маъруза. Кабел тармоқлари. Ер қазиш ишлари. Кабеллар билан бажариладиган ишлар. Ер ости иншоотлардаги ишлар.
Режа:
I.
Кабел тармоқлари. Ер қазиш ишлари.
II.
Кабел ва муфталарни иншоотларга осиш ва маҳкамлаш.
III.
Муфтани очиш ва кабелни кесиш.
IV.
Муфтага қўйиладиган бирикма билан ишлаш.
V.
Кабелларни ётқизиш. Кабел ва муфталарни бошқа ерга кўчириш.
VI.
Ер ости иншоотларилаги ишлар.
VII.
Синов саволлари.
I. Кабел тармоқлари. Ер қазиш ишлари. Ер ости иншоотлари ва йўлларида жойлашган кабелларни таъмирлаш ёки кабелларни ётқизиш билан боғлиқ ер қазиш ишлари, ушбу ер ости иншоотлари ва йўлларини эксплуатация қиладиган жавобгар корхона ёки цех раҳбарининг ёзма рухсати билан иш раҳбари тайинланганида олиб борилади. Рухсатномада ер ости иншоотлари ва йўлларини жойлашиши ҳамда ёттан чуқурлиги кўрсатилган чизмаси илова қилинган бўлиши керак.
Агар чизмада белгиланмаган кабел, қувур, ер ости иншооти ва шунингдек қурол-яроғлар топилса, уларни қайси ташкилотга тегишлигини аниқламагунча ва тегишли ташкилотлардан ишни давом эттиришга рухсатнома олмагунча ер қазиш ишлари тўхтатилиши зарур.
Кабел трассасидан 5 м гача яқин жойларда куч билан урадиган машина ва механизмлардан, кабел тармоқларини қўриқ майдонида эса ер қазиш машиналаридан фойдаланиш ман этилади.
Кабел тармоқларини ҳимоя зоналарида ер қазиш машиналаридан фойдаланиш, фақат қазиш учун ушбу тармоқни эксплуатация қилувчи корхона ходимларигагина рухсат этилади. Қазиш ишларини ер қазиш машиналари ва пневматик машиналар, ҳамда лўм ва киркалар ёрдамида, бевосита кабел устида уни ҳимоя қатламигача 0,3 м қолгунга қадар амалга ошириш мумкин. Ерни қолган қатламидаги тупроқ белкурак ёрдамида олиб ташланиши керак.
Қиш фаслида белкурак билан тупроқ қазишга фақат тупроқни иситгандан кейингина киришиш мумкин. Бунда иссиқлик манбаини кабелгача 15 см га яқинлаштириш мумкин.
Ўра, хандақ ва траншея қазиладиган жойлар талабини эътиборга олган ҳолда тўсилган бўлиши керак. Тўсиқда огоҳлантирувчи белги ва ёзувлар, тунда эса огоҳлантирувчи ёруғлик сигнали бўлиши керак.
Ўпирилиш хавфи бор бўлган бўш ёки нам тупроқли ерларда траншеялар қазилаётганда уларнинг деворлари мустаҳкам маҳкамланиши керак.
Тўкилиб кетадиган тупроқли ерлардаги ишларни деворларини мустаҳкамламасдан, унинг четидаги табиий қиялик бурчагини сақлаган ҳолда бажариш шарт.
Ер ости сувлари йўқ табиий нам тупроқ ерларда ва ер ости иншоотлари яқин жойлашган ерларда траншея ва ҳандақларни, мустаҳкамланмаган тик деворларининг чуқурлигини:
- ўйилган, қумли ва катта бўлакли ерларда 1 м дан;
- қумлоқ ерларда 1,25 м дан;
- қумоқ ва соз тупроқли ерларда 1,5 м дан оширмасдан қазишга рухсат этилади;
Зич ёпишқоқ ерларда тик деворлари траншеяларни роторли ёки оддий экскаваторларда маҳкамлаш ускуналарини қўймасдан 3 м гача чуқурликда ковлашга рухсат этилади. Бундай ҳолларда траншеяларга одамларнинг тушиши ман этилади. Одамларни тушиши зарур бўлган траншея қисмлари тирговичлар билан мустаҳкамланиши ёки ён томонлари табиий қиялик ҳолида бажарилиши шарт.
Қиш фаслида ерни музлаган қисмида (ерни қуруқ тупроқ қисмидан ташқари) ер қазилганда уни тирговичларсиз бажаришга рухсат этилади.
Ер қазиш шароити 11.8-бандда кўрсатилгандан фарқ қиладиган ҳолатларда ўра ва хандақлар қазишни тик деворларини тиргович билан мустаҳкамлаб ёки табиий қияликни сақлаган ҳолда бошлаш зарур.
Чуқурлиги 3 м гача бўлган ўра ва хандақларни намунавий лойиҳа асосида махсус маҳкамловчи ясамалар билан мустаҳкамлаш шарт.