2.2. Президентлик республикаси
Президентлик республика бошқарув шакли сифатида, биринчи навбатда, сайлаб қўйилган давлат бошлиғи бир вақтнинг ўзида ҳукумат раҳбари ҳам бўлиши билан фарқ қилади. Президентнинг ўзи парламент розилиги билан шу ҳукуматни тузади ва зарурат туғилганда уни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга бўлади. Бутун халқ томонидан сайланган президент умуммиллий манфаатлар ифодачиси, миллат рамзи бўлиши (ҳар қалай шундай бўлиши керак ҳам) президентлик бошқарув шаклининг ижобий томонидир. Мазкур шакл бутун ваколатни бир шахсга беради ва у фавқулодда ҳолатларда масъулият ва раҳбарликни ўз қўлига олади. Бошқарувнинг президентлик шакли, одатда, парламент шаклига нисбатан юқорироқ даражадаги сиёсий барқарорликни таъминлайди. Зеро, ҳукумат (президент) конституцияда белгилаб қўйилган қатъий муддатга сайланади.
Президентлик бошқарув шаклининг заиф жойлари ҳам мавжуд. Бошқарувнинг парламент шаклидан фарқли ўлароқ, у ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқлари ўртасидаги зиддият ва можароларни, шунингдек, конституциявий инқироз эҳтимолини истисно этмайди.1 Бундай вазият, чунончи, президент билан парламент кўпчилиги бошқа-бошқа партиялар, сиёсий оқимларга мансуб бўлган вақтларда юзага келиши мумкин.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, президентлик институти ваколатлари деярли барча давлатларда бир хил бўлса-да, уларни амалга оширишда катта фарқлар мавжуд. Президентларнинг қуйидаги ваколатлари мавжуд: мамлакат ички ва ташқи сиёсатида давлатни намойиш этиш бўйича ваколатлари; президентлик институтининг қонунчилик ташаббуси бўйича ваколатлари; ҳукуматга нисбатан ваколатлари; давлат органларини шакллантириш ва кадрлар сиёсати бўйича ваколатлари; ҳуқуқий ҳужжатлар, норматив актлар яратиш бўйича ваколатлари; фавқулодда вазиятлар бўйича ваколатлари; ҳарбий сиёсат соҳасидаги ваколатлари; шахснинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш соҳасидаги ваколатлари; халқаро муносабатлар бўйича ваколатлари. Бундан ташқари, президентлик институтига нисбатан конституцияларда ваколатлар билан бирга, маълум бир жавобгарлик ва тақиқлар ҳам мавжуд: бошқа лавозимларни эгаллашнинг ман этилиши; бошқа фаолият билан шуғулланмаслик; бадиий, илмий, адабий фаолият учун қалам ҳақи олмаслик; айрим мамлакатларда президент мамлакат ҳудудидан фақат парламент рухсати билан чиқиши мумкинлиги; конституция ва қонунларни била туриб бузиш, оғир жиноятларни содир этиш, коррупция, давлатга хиёнат қилиш каби хатти-ҳаракатларга жавобгарлик шулар жумласидандир1.
Шундай қилиб, бошқарувнинг парламент ва президентлик шаклларидан бирини танлаш ягона, аммо беқарор раҳбарият (парламент бошқаруви) билан барқарор, лекин икки ҳокимият ўртасидаги ихтилофларни истисно этмайдиган раҳбариятдан бирини танлаш деган маънони англатади.
Аслида, “Президентни сайлашнинг энг мақбул услубининг ўзи бормикан?” Уларнинг ҳар бири ўзининг кучли ва заиф томонларига эга. Шу муносабат билан президентлик сайловларининг аҳамияти ортиб боради. Тўғридан-тўғри сайловлар энг содда ва демократик сайловлардир. Бундан ташқари, президентлик ҳокимияти қонунчилик ҳокимиятига ниҳоятда қарам бўлиб қолиши ҳам мумкин (масалан, фавқулодда ҳолат шароитларида президентни иккинчи муддатга қайта сайлаш тартибини олиб кўринг).
Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, давлат бошқарув тизими қотиб қолган эмас, балки тарихий тараққиёт жараёнида муқаррар равишда ўзгариб, янгиланиб туради. Айни пайтда дунёдаги давлатлар бошқарув шакллари кўп минг йиллик тарихга эга бўлиб, жамият тараққиёти асосида такомиллашиб, мазмун жиҳатидан мукаммаллашиб борган. Буни Ўзбекистон давлат бошқаруви мисолида кўриш мумкин. Конституциямизга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимятини ташкил этишнинг асосий тамойилларидан бири – халқ ҳокимиятчилигидир. Республикада халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Халқ давлатни бошқаришда бевосита ёки сайлаб қўйилган ўз вакиллари орқали иштирок этади.
Дарҳақиқат, жаҳон тарихий тажрибаси президентлик республика шакли давлат бошқарувининг энг мақбул, халқ манфаатлари – эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай шаклларидан бири эканлигини кўрсатиб турибди1.
Президентлик бошқарув шаклида “кучли президент” қоидасига асосланилади. Президент ҳукумат бошлиғи ҳисобланиб, уни тузади ва ҳукумат президент олдида ҳисобот беради. Президент ҳам расман, ҳам амалда давлат бошлиғи ҳисобланиб, махсус тартибда халқ ёки сайловчилар ҳайъати томонидан сайланади, шу боис у парламентдан мустақил ҳолда фаолият юритади.
Президент мустақил ҳолда норматив ва норматив бўлмаган ҳужжатлар қабул қилиш ҳамда парламент қабул қилган қонунларга вето қўйиш ҳуқуқига эга.
Давлат бошлиғи кенг ваколатларга ва мамлакатда ҳокимиятни амалга оширишда муҳим нуфузга эга бўлиб, шахсан ўзи ёхуд парламент розилиги билан ҳукумат аъзоларини тайинлайди ҳамда вазифасидан озод қилади, шунингдек баъзи ҳолларда парламентни ҳам тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга.
Президент ижроия ҳокимият раҳбари бўлса-да, айни вақтнинг ўзида миллатнинг яхлитлиги рамзи ҳисобланади. Президент мамлакатда олий бош қўмондон вазифасини ҳам амалга оширади. Масалан, Россия, Франция, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа қатор давлатларда президент бевосита халқ томонидан сайланади. Сайловлар тегишли қонунлар асосида амалга оширилади.
Давлат меxанизми тизимида давлат раҳбарининг ўрни тўғрисидаги масала жуда мураккаб. Унинг ҳақиқий ўрнини белгилашга ҳаракат қилганингизда ҳар сафар истисно қоидаларга, қарама-қарши фикрлар ва мисолларга дуч келасиз. Кўпинча давлат раҳбарини ижро ҳокимиятига тегишли эканлигини ишонч билан таъкидлайдилар. АКШнинг жаҳонга машҳур Конституциясининг 2-моддасида ижро ҳокимияти АКШ президентига тегишли деб баҳоланган, фикримизча, давлат раҳбари институти кўпчилик ҳолатларда алоҳида мустақил комплексни ташкил қилиб, ҳокимиятнинг бирор тармоғига уни киритишга ҳаракат қилиш нотўғри ва самарасиздир.
Франция Конституциясида, Президентнинг давлат бошқарувида тутган ўрни, роли ва аҳамияти анча аниқ белгиланган (5-модда); “Республика Президенти Конституцияга риоя этилишини кузатиб боради, ўз арбитражлари орқали давлат органларининг мўтадил фаолиятини, шунингдек, давлат ҳокимиятнинг мустақиллигини таъминлайди. У миллий мустақиллик, ҳудудий яxлитлик, ҳамжамиятлар битимлари ва шартномаларига риоя этилишининг кафолати ҳисобланади”. Келтирилган мисоллардан кўринадики, давлат раҳбари халқ томонидан сайланган президент ёки монарx бўлса ҳам Конституцияларда уларнинг давлатдаги ҳақиқий роли тўлик баён этилмайди ва аниқ таъриф берилмайди.
Кўпгина манбаларда таъкидланганидек, республика президентининг монарxдан энг асосий белги ва фарқи шундаки, президентлик сайланадиган лавозим ҳисобланади. Республикада давлат раҳбари бўлиб расман ва юридик жиҳатдан белгиланган барча сензларга мувофиқ келадиган ҳар бир фуқаро сайланиши мумкин. Монарxиядан фарқли равишда президент муайян муддатга сайланади, бу лавозимни эгаллаш вақтинчалик xарактерга эга.
Дарҳақиқат, президентлик республикасида давлат раҳбари давлат бошқарув ишларида муҳим роль ўйнайди. Президент ижро ҳокимиятини бошқаради, давлат раҳбарлиги билан ҳукумат раҳбарлиги бир шаxс тимсолида қўшиб олиб борилади. Президентлик республикалари АҚШ, Мексика, Венесуелла, Миср ва бошқа мамлакатларда ҳақиқий вазият ана шундай. Бошқарувнинг аралаш шакли бўлган мамлакатларда ҳам (Франция, Португалия, Польша ва бошқалар) президент муҳим роль ўйнайди.
Президендик ва аралаш республикаларда давлат раҳбари асосий иқтисодий устуворлик ва йўналишларни танлашда, халқаро муаммолар ва иттифоқ тузиш бўйича мамлакатнинг сиёсий раҳбари сифатида жуда катта ваколадарга эга. Президент ҳақиқий ижро ҳокимиятига эгалик қилади, айни чоғда, Қуролли кучларга раҳбарлик қилиш, тартибни сақловчи кучлар ва бошқа турли фуқаролик xизмати, яъни минглаб давлат xизматчилари билан ишлашда, муҳим ваколатларга эга.1
Давлат раҳбарлиги ва ижро ҳокимияти раҳбарлиги вазифалари бир одам қўлида тўпланиши принципига турлича баҳо бериш мумкин, аммо кўпчилик мамлакатларида уни рисоладагидек, ҳолат деб эътироф этишади. Бундан ташкари, баъзи бир давлатшунослар ҳисоблаганидек, президентлик лавозими ижро ҳокимияти билан қўшиб олиб борилганидагина анча мақсадга мувофиқ бўлади. Парламентар республика президенти, юкоридаги ҳолатдан фарқли равишда, иктисодиёт, ички ва ташки сиёсат соҳасида бирон-бир ҳақиқий ҳокимиятга эга эмас.
Президентлик Республикаси ундай давлат бошқарув шаклида президент мамлакатда сиёсий мустақил бўлиб, ўзининг масъулияти остида қарор қабул қилади. Президентлик республикасида давлат бошлиғи, у бошчилик қиладиган ижро этувчи ҳокимият ва иккинчи томондан қонун чиқарувчи орган парламент ўртасида “ўзаро мувозанатда саклаш” ва “бир-бирини тийиб туриш” тамойили тизими ўрнатилади. Масалан, АКШ, Мексика, Миср, Бразилия ва бошқа кўпгина давлатларда президентлик республикаси бошқаруви ўрнатилган.
Президентлик республикаси қуйидаги асосий xусусиятлар билан тавсифланади:
биринчидан, Президент президентлик республикасида одатда парламентдан мустақил ҳолда, тўғридан-тўғри (Лотин Америкаси мамлакатлари) ёки эгри сайловлар йўли билан (АҚШ, Индонезия) сайланади. Президентлик бошқарув шаклининг ўзига xос xусусияти бўлиб, президент ваколатни тўғридан-тўғри халқдан олиши ҳисобланади. Яъни бунда мамлакат фуқароси ўз xоҳиш-иродасини билдириш орқали президентни сайлашда бевосита иштирок этади. Президентлик лавозимига номзодлар учун ҳар бир мамлакатда турлича сензлар (талаблар) белгиланган бўлиб, ушбу талабларга жавоб берувчи ҳар бир фуқаро қонунчиликда белгиланган муддатга президент этиб сайланиши мумкин. Президент умумхалқ томонидан сайлов ҳуқуқи принциплари асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Президентни сайлаш меxанизми унинг давлат ҳаётидаги ўрни ва ролини белгилаб беради. Бундай сайловлар, масалан, Лотин Америкасининг бир қатор давлатларида: Мексика, Чили, Перу, Колумбия, Коста-Рика; Осиё давлатларида: Филиппин, Мисрда назарда тутилган.1
иккинчидан, Президентлик республикасида президент кенг ва мустақил ваколатларга эга бўлиб, у нафақат давлат бошлиғи, балки қуролли кучларнинг олий бош қўмондони ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи ҳисобланади.
учинчидан, Президент республикасида ҳукумат парламентдан ташқари йўл билан шаклланади. Унинг аъзолари президент ташаббусига кўра лавозимларга тайинланади ва озод қилинади (АКШда Сенатнинг розилиги талаб қилинади), шу тариқа ҳукумат ҳам президентлик сайловларида ғолиб чиққан сиёсий партия томонидан шакллантирилади.
Президентлик республикасига ҳокимият бўлинишининг қатъий тартиби xосдир. Бунда министрлар парламент олдида эмас, балки президент олдида сиёсий жавобгар бўладилар. Ҳукумат аъзоларини парламентнинг ташаббусига кўра истеъфога чиқариш ҳолати деярли учрамайди. Лотин Америкасининг баъзи мамлакатларида (Венесуела, Уругвай, Колумбия, Эквадор) парламент баъзи министрларга ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга, бироқ бу уларнинг алмаштирилиши шарт дегани эмас. Президент республикасида парламент, одатда президент томонидан тарқатиб юборилиши мумкин эмас. Масалан, АҚШ президент республикасининг классик намунасини ўзида намоён қилади. Ҳокимият бўлинишининг ўта катъий шартлар асосида президент томонидан қатор Конституциявий ваколатлари самарали амалга ошириши парламент – Конгресс кўмагига эришиш лаёқатига эга бўлишига боғлик бўлади.
Xорижий мамлакатларда ўтган асрнинг 80-90 йилларда умумий демократлаштириш жараёни бирмунча ўзгара бошлади. Африка давлатларида кўппартиявийлик тизими, бир шаxснинг президентлик лавозимини эгаллаб туриш муддатининг чекланиши, парламентнинг маълум ваколатлари кенгайиши, унинг ижроия ҳокимиятига нисбатан назорат функциясини киритиш воситалари орқали – кучли президентлик ҳокимиятини бирмунча чеклашни кўзда тутган Конституциявий ислоҳотлар ўтказилди. Шу тарика катор Лотин Америкаси мамлакатларида ҳам янги Конституцияларни қабул қилиш ёки амалдаги Конституцияларга ўзгартиришлар киритиш жараёнида давлат меxанизмининг айрим қисмлари орасида ҳукуматнинг баъзи вазифаларни қайта тақсимлаш ислоҳотлари ўтказилди.1
Президентлик республикаси давлат бошқарув шакли сиёсий тизимнинг етарлича барқарор ишлаши учун шароитлар яратади. Президентлик республикасида давлат бошлиғининг сиёсий сабабларга кўра истеъфога чиқариш мумкин эмас, шу билан бирга ҳукуматнинг тақдири ҳам парламентдаги турли партиялар орасидаги муносабатларга тўғридан-тўғри боғлик бўлмайди. Ундан ташкари, президентлик республикасида ижроия ҳокимияти ҳамда парламентнинг “бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш” тамойилини самарали амалга оширилиши учун расман имкониятлар яратилади.
Россия давлат органлари тизимида Россия Федерацияси Президенти – давлат раҳбари асосий ўринни эгаллайди. Россия Президенти расмий равишда хокимиятнинг ҳар қандай филиалига тегишли эмас; у ҳокимият органларининг мувофиқликда ва изчил фаолият юритишини таъминлайди. Россия Федерацияси Президенти парламент билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда ижро етувчи ва суд ҳокимияти соҳасида кенг ваколатларга эга.1
Президентлик республикасида унинг ваколатлари доираси жуда кенг бўлади. Одатда президент қонунчилик ташаббуси, референдум тайинлаш ҳуқуқи, фавқулодда ҳолат жорий этиш ҳуқуқи, афв этиш билан боғлиқ масалаларни мустақил равишда ҳал қилиш, тақдирлаш, фуқароликни бериш ҳуқуқлари бор. Бундан ташқари президент олий бош қўмондон ҳисобланиб, уруш эълон қилиш ва тинчлик ўрнатиш ҳуқуқига эга ва ўз ваколатлари доирасида норматив хужжатлар қабул қилади.
Юқорида айтилганларнинг барчаси президентга ижтимоий муносабатларга мақсадли ва самарали таъсир кўрсатишга имкон беради, чунки қарорлар улар томонидан якка тартибда қабул қилинади ва ўз фаолиятини парламент фракциялари билан мувофиқлаштириш, муросага эришиш керак эмас. Кучли ҳокимият айниқса ислоҳотлар даврида ва мамлакатни инқироздан чикариш вақтида жуда муҳим ҳисобланади.
Бироқ, бази ҳолатларда кучли ҳокимиятнинг фазилатлари ягона ҳукмдор кўлида тўпланиши ва уни суиистеъмол қилиш унинг камчиликларга айланиши мумкин. Шундай қилиб, президент республикаси жуда кучли президентлик ҳокимияти билан супер президентликка айланиши мумкин, аммо барчаси қайта сайланган президент билан.2
Президентлик республикаси шароитида ҳокимиятнинг ҳар иккала тармоғи (қонун чиқарувчи ва ижроия) маълум даражада бир-биридан ажратилганлиги учун, ўзларининг бутун Конституциявий ваколатлари муддати давомида мустақил фаолият олиб боришларига имконият мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |