Макканинг олиниши
Милодий 630 йили маккаликлар яраш битимини бузишади. Улар Пайғамбар билан иттифоқ тузган бир қабилани Каъба олдида қириб ташлайдилар. Сўнг бу ишнинг оқибатидан қўрқиб, Абу Суфённи янги битим тузиш таклифи билан Мадинага юборишади. Аммо Маккада кечган қирғин–қабоҳат хабари аллақачон бу ерга етиб келган эди.
Пайғамбар ўз яқинлари билан маслаҳатлашади. Сўнг шаҳар дарвозаларини бекитишга буюради. Натижада бирор кимса Мадинадан чиқиб кетиши ва ҳар қандай маълумотнинг ташқарига чиқиш йўллари кесилади. Сўнгра у катта сафарга тайёргарлик кўришга фармон беради. Аммо сафардан не мақсад эканлигини ҳеч кимга айтмайди. Фақат Мадина атрофидаги қабилаларга киши юборилади ва ҳар дақиқа тайёр бўлиб туришлари тайинланади.
У Мадинадан икки ёки уч минг киши билан чиқиб, айланма йўллар билан ҳаракат қилиб, йўл–йўлакай бошқа қабилаларни ҳам эргаштириб, олға юради. Шимолга боряптими, жанубга ёки шарққа боряптими –– билиб бўлмайди. Унинг лашкари ортгандан ортиб бораверади, Маккага яқинлашганда ўн минг кишига етади. Араблар одатича, лашкар неча даста қўшин бўлса, кечаси шунча гулхан ёқиларди. Муҳаммад, ҳар бир жангчи биттадан гулхан ёқсин, деб буюради. Шундай қилиб, ўша кечаси Макка атрофидаги тоғларда ўн минг гулхан ёқилади. Бу –– юз минглаб аскар дегани эди. Маккаликларни қўрқув–ваҳима босади. Тоққа яширинча пусиб келиб, гапнинг тагига етмоқчи бўлган Абу Суфён қўлга тушади. Маккаликлар саркардасиз қоладилар.
Муҳаммад шаҳарга киши юбориб, Каъба олдидаги муқаддас масканда, Абу Суфён уйида ва ўз хонадонларида тинчгина ўлтирган кишиларга ҳеч қандай зиён етказилмайди, деб хабар қилади. Қўрқиб қолган, ҳайрат–ҳаяжонга тушган маккаликлар ана шу уч жойда тўпланиб, ғуж бўлиб туришади. Муҳаммад ҳеч қандай қаршиликка учрамай, бир томчи қон тўкмай, шаҳарга қадам босади. У севимли Қасва туясига миниб, яшил байроғини ҳилпиратиб, Каъбага кириб боради. Унга қанчалар ранж–аламлар етказиб, гарданига беҳисоб таҳқир–маломатлар ортган шаҳар энди унинг қаршисида бош эгиб турар эди. Ҳазрат Мусо бундан минг йил олдин айтган башорат рўёбга чиққан эди.
Муҳаммад Каъба атрофида айланади, қўлидаги узун ҳассасини Муқаддас Қора тошга тегизади, «Ҳақиқат келди, ёлғон йўқолсин!» деб нидо солади. Сўнг калитларни олдириб, Каъба эшигини очдириб, ичкари киради. Каъбани бутун ашёлардан бўшатиб, деворларини ювдиради. Сўнгра ҳар бурчагида ўлтириб, бир ракаатдан намоз ўқийди, қизил мармардан ясалган устун ортида ҳам тоат–ибодат қилади. Бекаа водийси яна тозариб, яшнаб кетади. Пайғамбар энди бу ерда дарахт кесиш, Каъба атрофида яланғоч юриш, қон тўкишни буткул тақиқлайди. Зиёратчилар битта–биттадан келиб, Муқаддас даргоҳни тавоф этишлари мумкин эди.
«Мен энди сизга нечук муомала этай?» –– деб сўрайди у маккаликлардан. Улар ҳам қўрқиб, ҳам хижолат чекишади. «Бизни ўз биродарларинг деб бил ва шунга шунга яраша муомала қил», деб илтижо этишади ёшлар. «Бизни амаки–тоғаларинг деб бил ва шунга яраша муомала қил», деб ялинишади катталар. «Юсуф ўз оғаларини кечирганидай, мен ҳам сизларни маъзур тутаман», дейди у. Ва Абу Суфённинг ҳам, амакиси Ҳамзанинг юрагини чайнаган Ҳинднинг ҳам гуноҳларидан кечади.
Макка ишғол этиларкан, Муҳаммад соддалиги ва камтаринлигича қолади. Ғалаба шодиёнасига ноғоралар гумбурлаб, карнай–сурнайлар чалинмайди, шароблар ичилиб, уйлар таланмайди, аёллар таҳқир этилмайди. Бир неча ашаддий жиноятчилар жазога тортилади, холос. Муҳаммад маккаликларга мурожат қилади: «Сиғинишга ёлғиз Аллоҳ муносибдир,–– дейди, у. –– Аллоҳ тенгсиздир ва ҳамиша ваъдасига вафоси бордир. Дунёдаги барча инсонлар тенг ва биродардирлар, зероки улар Одам Атонинг наслидандирлар».
Шундан сўнг бундан бир неча йил олдин Муҳаммадга имон келтирган ҳабаш –– Билолдан азон ўқиш сўралади. Азон айтилгач, Муҳаммад ва унинг яқинлари Каъба олдида тиз чўкиб тоат–ибодат қилишади. Хуллас, бир пайтлар пайғамбарнинг кўзига кўринган рўё энди рўёбга чиқади.
Муҳаммадга кўп йиллар душманчилик қилган Абу Суфён гуноҳини кечишини сўраб, ўтинади ва имон келтириб, мусулмон бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |