Сўнгги ҳаж ва сўнгги кунлар
Ҳижрий 9 (милодий 632) йили Пайғамбар сўнгги марта ҳажга боради. Бутун Арабистондан йиғилган 124 минг эркак ва аёл унга эргашиб, Макка томон йўлга тушадилар. Муҳаммад ҳожилар кийими –– оддий матодан тикишсиз тайёрланган ихром ёпиниб, инсоннинг худога мусалламлиги ҳақида илк бор ҳазрат Иброҳим айтган сўзларни такрорлайди: «Мен шу ердаман, Эгам, сенинг хизматингдаман, сендан ўзгасига сиғинмайман». Унга эргашиб келаётган халойиқ ҳам жўр бўлиб, бу сўзларни такрорлайди. Теварак–атрофдаги саҳро тиловат қилувчиларнинг овозлари, ҳаяжонли нидоларига тўлиб кетади.
Маккага келгач, Муҳаммад Каъба атрофидан етти бор айланади. Ҳожар (Ҳожара, ҳазрат Иброҳимнинг хотини) сув излаб юрган йўллардан ўтиб, Сафо ва Маъво тоғларидан чиқади. Сўнг Арофат водийсида севимли туяси Қасва устида ўлтириб, халойиққа сўнгги бор мурожаат қилади. Ўзига ранж–озор етказганларнинг гуноҳидан кечади. Аёлларга ва қўл остида хизмат қилувчиларга ҳамиша мулойимат кўрсатиб, меҳрибон бўлинглар, деб тайинлайди.
«Дунёдаги барча инсонлар баробардир, ––дейди у. –– Насаб, ранг ёки ирқ ўз–ўзича инсонни яхши ёки ёмон этолмагай. Мен сизга уч нарсани мерос қолдирдим: булар –– менинг оилам, Қуръони карим ва кўрсатган ибратимдир. Шуларни маҳкам тутсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсиз».
Сўнг у туясини ҳайдаб, Одам Ато ўз гуноҳидан ўтишни сўраб, тангрига илтижо этган жойга боради ва чуқур ўй–хаёлга толади. Қуёш қизариб ботаркан, Пайғамбар ҳам оҳиста оғиб, олдинга йиқилади. Ранги бўздек оқариб кетади. Ҳозир бўлганлар унга худодан ваҳий етганини англайдилар. Дарвоқе, бу Пайғамбарга етган сўнгги ваҳийларнинг бири эди. Мана у:
«Мен бугун имонингизни мукаммал айладим ва сизга буткул меҳру муҳаббат бойладим ва сизга дину диёнат бўлсин деб, исломни сайладим».
У ёруғ дунёдан кетиш фурсати яқинлашганини англайди. Маккага юз буриб, ўнг томонга маккаликларни, чап томонга мадиналикларни тизиб, қаршисида йиғилган халойиққа қараб, юмшоқ ва ҳаяжондан титроқ овоз ила сўзлайди. Овоз шу қадар паст эдики, жангчилар унинг сўзларини такрорлаб, орқа сафларга етказишга мажбур бўладилар. Пайғамбар озиб–тўзиб кетган, ҳолдан тойган эди.
У зиёратни тугатиб, Маккага қайтади. Зам–зам булоғидан сўнги бор сув ичади, ўзи туғилиб ўсган шаҳарга маъюс ва ҳорғин кўзларини тикиб, узоқ термилади… Сўнг Мадинага жўнайди. Шу–шу Маккага бошқа келмайди. Унинг бор–йўқ саксон кунлик умри қолган эди.
Икки ойдан сўнг Муҳаммад касалга чалинади. Ҳарорати кўтарилиб, боши қаттиқ оғрийди. Лекин масжидга чиқиб, намозхонларга имомчилик қилишни давом эттираверади. Бир гал яқинларидан бирининг таъзиясига, Уҳудга боради. Аҳволи танг бўлавергач, имоматни Абу Бакрга топширади.
«Бировдан қарзим борми? –– деб сўрайди у бир кун.
–– Қарздор бўлиб ўлишни истамайман. Қарздор бўлиб ўлганлар нариги дунёда қарзини тўлашади».
Шунда бир киши ўрнидан туриб, унинг қаршисида қўл қовуштиради: «Ё Пайғамбар, –– дейди у, –– сизга ўтин чопиб келганим учун мендан бир дирҳам қарздорсиз». Пайғамбар Ойшани чақириб, дарҳол қарзни тўлашни буюради. Сўнг ўзи асраб қўйган етти динорни камбағалларга улашади.
Ҳижрий 10 (милодий 632) йил раббиул аввал ойининг ўн иккисида Пайғамбарнинг аҳволи оғирлашади. У такрор–такрор шивирлайди: «Намозни канда қилманглар, аҳли оилангиз ва хизматкорларингизга меҳрибон бўлинглар». Ёнида ҳозир бўлганлар бу сўзларни эшитиб, йиғлашади. Улар Пайғамбарнинг умри тугаб бораётганини англашади. Унинг овози заифлашиб, пасайиб боради. Яқинлари хастанинг бошига энгашиб, сўзларини аранг илғайдилар. У қайта–қайта: «Ўзинг мени маъзур тутгайсан, Эгам!» «Дийдорингга муяссар этармисан, қудратли Эгам?» –– деб пичирлайди. Шунда эшик тақиллаб қолади.
«Ким у?» –– деб сўрайди Фотима.
«Кирсам бўладими?» –– дейди рудапо кийинган бир киши.
«Пайғамбар хаста», –– деб жавоб беради Фотима.
Ҳалиги кимса сўрайди: «Кирсам бўладими?»
Фотима яна жавоб қайтаради: «Худонинг пайғамбари –– касал».
Ҳалиги кимса учинчи бор сўрайди: «Кирсам бўладими? Мен Жаброилман».
Буни эшитган Пайғамбар: «Ё Жаброил, кираверинг», –– дейди.
«Мен Худонинг амри билан жонингизни олгани келдим», –– дейди фаришта.
«Бурчингизни адо этинг, –– дейди Пайғамбар. –– Ё қудратли Эгам, дийдорингга муяссар айла мени!»
Атрофдагилар Пайғамбарнинг тўсатдан жим бўлиб қолганини сезишади. Унинг жони чиқиб бўлган эди. Ҳамма ўзини ерга отиб, дод–фарёд кўтаради.
«Пайғамбар ҳам ўладими?! –– деб ҳайқиради Умар. –– Йўқ, Пайғамбар ҳеч қачон ўлмайди! Пайғамбар ўлди деб ким айтолади? Мусо Сино тоғидан қайтганидек, у ҳам қайтиб келади».
Сўнг Абу Бакр оёққа туриб дейди: «Ё халойиқ, мени тингланг. Биз Муҳаммадни севардик, Муҳаммад бугун дунёдан ўтди. Биз Аллоҳни севамиз. Аллоҳ эса ҳеч қачон ўлмайди. Аллоҳ –– боқийдир!» У Қуръондан бир оятни қироат қилади. «Муҳаммад –– расулиллоҳдир. Унга ўхшаш пайғамбарлар дунёдан ўтди. У ўлса ёки ўлдирилса, сиз йўлингиздан қайтасизми?»
Пайғамбар бир неча йиллар олдин айтган бу сўзлар маъносига одамлар энди етишади. У соддагина қилиб: «Мен Худонинг Пайғамбари, сизга йўл кўрсатувчиман», –– дерди. У ҳеч қачон «Менга сиғининглар», «Мен эгангиз бўламан», деган эмас.
Мадина аҳли бир тан, бир жон бўлиб оёққа туради ва Пайғамбар йўлидан бориб, осмонларни, ерни ва ердаги барча мавжудотни яратган ягона Аллоҳга сиғинишга аҳд қилади.
Камтарин маросим ўтказилиб, уни ўзи севиб, севилган Мадина тупроғига дафн этишади. Энди ҳаж учун Маккага келганлар унинг қабрини зиёрат қилиш учун Мадинага ҳам ўтишади. Зиёратчилар яшил гумбаз остида, унинг қабрини ўраган темир эшиклар олдида бош эгиб туришади. Бу ерда ҳамиша муаттар ҳидлар анқийди, дуою тиловатлар янграйди. Зиёратчилар ҳар гал: «Ассалому алайкум, расулиллоҳ!» –– дейишаркан, унинг руҳи шодланиб: «Ва алайкум ассалом!» –– деб жавоб қайтаради.
******************************************************************
Инглиз тилидан Жамол Камол таржимаси
Тошкент «Камалак» 1991 й.
Do'stlaringiz bilan baham: |