Автомобиль йўллари тармоғининг техник тизими
Автомобиль йўллари тармоғининг техник тизими бир пайтнинг ўзида автомобиль йўлларининг техник фойдаланиш ҳолатини ҳамда автомобиллардан фойдаланишнинг шарт-шароитларини белгилаб беради.
Йўлларнинг техник тизимига баҳо беришда қуйидагиларга аҳамият бериш керак.
Аввало жаҳоннинг ривожланган давлатлари автомобиллаштириш тараққиётининг тарихий тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, автомобиль парки ва автомобтль йўллари тармоғи барча даврларда ўзаро ҳамоҳанг тараққий этиб борган.
Ҳозирда эса автомобиль парки ўсиш суръатлари билан қаттиқ ва такомиллашган қопламали автомобиль йўллари тармоғи ривожланиш суръатлари ўртасида муайян мутаносиблик мавжуд бўлиб, бунда автомобиль парки ўсиши, уларнинг умумий йўл босиш суръатлари ортиб бормоқда.
Автомобиллар таркибидаги ва ҳаракатланиш жадаллигидаги ўзгаришлар, уларнинг ўсиши кўп жиҳатдан йўллар кесиб ўтаётган ҳудудлар иқтисодий тараққиёти билан, иқтисодий қамровдаги ҳудудда саноат ва қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ортиши, аҳоли сонининг кўпайиши, юк ташиш тизимининг такомиллашуви билан бевосита боғлиқ.Автомобиль паркининг умумий тизимининг ўзгаришига юқори суръатларда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ва уларнинг аҳолига сотишнинг кенгайганлиги ҳам таъсир этади.
Буларнинг барчаси йўлларнинг транспорт-фойдаланиш ҳолатида ўзгаришларга олиб келади.
Автомобиль паркининг ўсиши, қатнов жадаллиги ва юкланишнинг ортиб бориши йўл қопламаларида бузилишларнинг тез суръатларда кўпайишига олиб келади. Илмий-тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар 10 йилда бундай бузилишлар 1,5 баробарга кўпайиб бормоқда.
Бунда, йўлларнинг транспорт-фойдаланиш кўрсаткичларининг юқори даражасини таъминлашда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун,йўлларнинг ишдан чиқишига таъсир этувчи барча омилларни комплекс тарзда ўрганишни автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштиришда уларни ҳисобга олишни талаб этади.
Йўл тўшамалари ва қопламаларида ўзгаришлар ва носозликларни юзага келтирувчи омиллар
Органик боғловчи – битум қўллаган ҳолда қопламалар қуриш кенг кўламда тараққий этган. Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, шу турдаги қопламали йўл тўшамалари шарт шароитлари маълум даражада физик-кимёвий, физик-механик ва табиий иқлим омиллари таъсири билан белгиланади, уларнинг ўзаро биргаликдаги таъсири натижасида фойдаланиш жараёнида қопламалар сифат кўрсаткичларининг ўзгариши юз беради
Нефть битуми қўлланилиб қурилган йўл қопламаларининг ишлаш муддати кўп жихатдан ушбу қурилиш материалининг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Йўл қопламаларининг юқори сифат даражасини таъминлаш транспорт воситалари ва табиий шароитлар таъсирида унда қолдиқ деформация (ёриқлар, кўчишлар, силжишлар, уваланишлар) ларнинг юз бермаслиги учун, боғловчи материал сифатида ишлатиладиган битум қатор технологик талабларга жавоб бериши керак.
Йўл қопламасида битумнинг вазифаси минерал зарраларни бир-бирига зич боғлаб яхлит холга келтириб, оғир шароитларда автомобиль йўлларидан фойдаланишни таъминлашдан иборат экан, у холда битум минерал материаллар сирти билан мустахкам ёпишиш (яхши адгезияланиш ), хамда ички мустахкам молекуляр боғланиш (яхши когезияланиш ) хусусиятларига эга бўлиши керак
Қопламанинг иссиқ хароратдаги мустаҳкамлиги ва совуқ ҳароратдаги эластиклиги (эгилувчанлиги)ундаги битум материали йўл қопламаси ишлайдиган муайян хароратлар оралиғида ёпишқоқ-пластиклик хусусиятига эга бўлганидагина таъминланади. Битумларда бундай хусусиятларнинг йўқлиги ёз ойлари даврида қопламада сурилишлар, силжишларнинг, қиш даврида эса ёриқлар пайдо бўлиши ва кўчишининг рўй беришига олиб келади. Шунингдек йўл қопламаси ишлаш муддати битумнинг кимёвий таркиби билан аниқланади.
Битум бу коллоид тузилма бўлиб, унда ёғлар (углеводородлар) дисиерс мухит , асфальтенлар-дисперс фаза ва смолалар-юза фаол моддалар бўлиб ҳисобланади. Компонентлар таркиби нисбатига кўра битумлар турлича хусусиятларга эга бўлади.
А сфальтенлар-битумнинг дисперс фазаси ҳисобланиб, юқоримолекуляр модда кўринишида бўлиб, қаттиқ ва мўрт, смолалар таъсирида кўпчиш ва ёғлар (углводородлар) да эриш хусусиятига эга бўлади. Улар битумнинг ёпишқоқлик даражасини белгилайди, ҳамда юмшаш хароратини, пластик ҳолати хароратлари оралиқларини аниқлаш имконини беради.
1- турдаги битумларнинг кимёвий таркиби: асфальтенлар-25%, смолалар-24%, углеводород (ёғ) лар-50%;
2-турдаги битумларнинг кимёвий таркиби: асфальтенлар-18%, смололар-36%, углеводород (ёғ) лар-48%.
3- турдаги битумларнинг кимёвий таркиби: асфальтенлар-21-23%, смолалар-30-34%, углеводород (ёғ) лар-45-49%;
Йўл қопламалари ва уларнинг транспорт-фойдаланиш кўрсаткичлари йўл битумлари сифати билан чамбарчас боғлиқ. Битумнинг сифати эса унинг кимёвий таркиби билан аниқланади.
Йўл тўшамалари ва қопламалари қуриш ишлари учун битум маҳсулоти Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан, хом нефть маҳсулоти эса Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон нефть конидан олинмоқда.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишлатилаётган нефть маҳсулотининг сифат кўрсаткичлари ўрганилганда шу нарса аниқландики, нефтнинг ёпишқоқлигини таъминловчи асфальтенлар миқдори 2.2% (баъзи маълумотларга кўра 7% гача)ни ташкил этади.
Россиядан келтирилган битумлар кимёвий таркибида эса асфальтенлар 14-27 % ни ташкил этган.
Бу эса кўп жихатдан битум маҳсулоти сифатини белгилайди.
Бир қатор тадқиқотчилар томонидан олиб борилган тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, асфальтбетон материалининг сув, хаводаги кислород таъсирида эскиришида уч босқич яққол ажралиб туради.
Биринчи босқичда кўрсатилган омиллар таъсирида узоқ муддат давомида материал мустахкамлиги сувга чидамлилиги ва деформатик ўзгаришларнинг камайиши кузатилади.
Булар унинг таркибидаги углеводород (ёғ) ларнинг камайиши, смола ва айниқса асфальтенларнинг нисбатан кўпайишига, шунингдек ёпишқоқликнинг ортиши ва битумнинг минерал материаллар билан ўзаро бирикиши (когезия) ҳолатининг кўпайганлигидадир.
Эскиришнинг иккинчи босқичида битум минерал материалининг сувга, совуққа чидамлилигининг камайиши юз беради, бошқа кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолади.
Эскиришнинг учинчи босқичида материалнинг чўзилиши ва сиқилишида мустаҳкамлигининг кескин пасайиши, сувга тўйинганлигининг ортиши, кўпайиши юз бериб, сув ва совуққа чидамлилиги камаяди.
Сувга ва совуққа чидамлилик камайгандан сўнг қопламанинг емирилиши юзага келади, минерал қатламлар кўчиб ажрала бошлайди, бу эса ўйдим-чуқурликларнинг пайдо бўлиши ва натижада қоплама хизмат муддатининг кескин камайишига олиб келади.
Назарий тадқиқотлар ва амалий кузатишлар шуни кўрсатяптики, органик боғловчи қўлланиб қурилган қопламалар хусусиятларининг йўллардан фойдаланиш жараёнида юз берадиган ўзгаришлари уларнинг когезион мустаҳкамлигининг камайиши билан боғлиқ. (молекулалараро тортишиш кучининг камайиши).
Техника фанлари доктори А.С. Колбоновская битумлар тузилишига кўра уч турга бўлинишини кўрсатиб ўтади.
Лаборатория шароитида эскириши кузатилган барча битумларда ҳарорат ва бошқа омилларнинг таъсирида аввалига когезион мустаҳкамлигининг ортиши, энг юқори кўрсаткичга етганидан сўнг-когезион мустаҳкамликнинг кескин камайиши кузатилган. Бунда барча бу уч хил турдаги битумлар максимал мустаҳкамлигига эришганда кимёвий таркиби бир хил қийматларни: асфальтенлар 37-38%, смолалар 17-18%, углеводород (ёғ) лар 43-44% кўрсатади. Бу эса шундан далолат берадики, битум эскириш жараёнида муайян тузилишга эришиб, сўнг кескин равишда когезион мустаҳкамлиги камаяди.
Битум асосида тайёрланган материалларнинг мустаҳкамлиги, худди шундай тузилишга эришгунга қадар ўтадиган вақт билан боғлиқ бўлади.
Бир қатор мутахассислар томонидан олиб борилган тадқиқотлар, йўл қопламасидаги битум таркибидаги битумнинг кимёвий таркибидаги бундай критик ўзгаришлар 8-9 йил ўтгандан сўнг рўй беришини кўрсатмоқда.
Битумнинг группавий кимёвий таркиби муайян даражада бажариладиган таъмирлаш ишлари турларини ва муддатларини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |