Ушбу лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида нима дея оласиз? Уларнинг муваффақиятли амалга ошиши Ўзбекистонга нечоғлиқ боғлиқ? Юқоридаги савдо маршрутларининг қайси бири республика учун муҳимроқ? Станислав Притчин: — Назаримда, сиз айтиб ўтган глобал транспорт маршрутлари ичида Ўзбекистон учун энг оптимали Туркманистон орқали ўтадиган “Боку – Тбилиси – Карс” темир йўли ҳисобланади. Туркманистон транзит салоҳиятини оширишдан манфаатдор, бироқ ҳозирча бу борада жиддий силжишлар кузатилгани йўқ.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ҳам узоқ йиллардан буён пайсалга солиб келинди. Мазкур лойиҳанинг истиқболлари тўғрисида ҳозирча бир гап айтиш қийин. Чунки масала инвестицияларга бориб тақалмоқда. Темир йўлнинг асосий қисми тоғли ҳудудлардан ўтиши керак. Бундай мураккаб қурилиш ишларига катта маблағ талаб қилинади. Қирғизистоннинг молиявий аҳволи ҳаммамизга маълум. Қолаверса, мамлакат раҳбарияти янги темир йўл Қирғизистоннинг шимолий қисмини кесиб ўтишини хоҳлайди. Бу эса лойиҳанинг янада қимматлашишига олиб келади.
Эроннинг Чобаҳор ва Покистоннинг Гвадар портларига чиқадиган трансафғон магистраллари бўйича ҳам саволлар кўп. Марказий ҳамда Жанубий Осиёни ўзаро боғлайдиган бу икки лойиҳа нафақат бенефициар мамлакатлар, балки минтақада геосиёсий устуворликка эришмоқчи бўлган ташқи акторларнинг манфаатларига бирдай жавоб беради. Бироқ афғон юрти тинч бўлмагунича уларнинг истиқболи ҳақида гапириш бефойда.
Афғонистонда сиёсий кучлар мувозанати таъминланмаган, толиблар ва расмий ҳукумат ўртасида қарама-қаршилик сақланмоқда. Бундай таҳликали вазият Марказий Осиё республикалари иштирокидаги трансчегаравий транспорт лойиҳалари истиқболига соя солиши аниқ. Доимий уруш хавфи янги темир йўл қурилишига инвестициялар жалб қилишни ҳам қийинлаштирмоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда жанубий йўналишдаги транспорт коридорлари ҳозирча Ўзбекистон учун устувор аҳамият касб этолмайди. Чунки Афғонистондаги ҳарбий тўқнашувлар исталган вақтда миллиардлаб долларни ҳавога совуриб юбориши мумкин.
Бахтиёр Эргашев: — Ҳозирги кунда трансевроосиё транспорт коридорларининг фаоллашувини кузатяпмиз. Улар жаҳон савдосининг йирик субъектлари – Европа мамлакатлари, Хитой ва Ҳиндистонни бир-бири билан боғлайди. Ўзбекистон ушбу вазиятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун, аввало, транспорт маршрутларини диверсификациялаш, яъни фақат денгиз, ёки фақат қуруқликдаги йўллар билан чекланиб қолмаслик зарур. Ўзбекистоннинг амалдаги транспорт сиёсати худди шу мантиққа асосланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон қизиқиш билдираётган транспорт коридорлари аслида халқаро логистика тизимининг бир бўлаги саналади. Ушбу йирик лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодий манфаатларига жавоб беради. Аммо уларнинг муваффақиятли амалга ошиши бизгагина боғлиқ эмас. Масалан, юртимиз учун биринчи даражали аҳамият касб этадиган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш 1997 йилдаёқ таклиф этилган. Бироқ турли ички ва ташқи омиллар сабаб ишлар ҳалигача якунига етказилгани йўқ. Ваҳоланки, мазкур транспорт коридори учала томонга мислсиз фойда келтиради. Биргина мисол, Хитойнинг Қашғар транспорт-логистика марказида турган юк состави Қозоғистон орқали Ўзбекистонга келиши учун камида ўн кун йўл юриши керак. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли орқали эса юкларни бор-йўғи икки кунда манзилига етказиб бериш мумкин бўлади. Фарқини кўряпсизми?!
Янги логистика йўналиши нафақат Ўзбекистонни, балки Узоқ ва Яқин Шарқ, Жанубий Европа, ҳатто Шимолий Африка минтақалари, қолаверса, Жанубий Кавказ транспорт коридори орқали Туркияни ҳам Хитой билан боғлай олади. Лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги юқори бўлишига қарамай, афсуски, ҳозирча мазкур масалада геосиёсат ютиб чиқмоқда.
Жанубий йўналишда ҳам Ўзбекистон манфаатларига жавоб берадиган лойиҳалар талайгина. Эроннинг Бандар-Аббос ва Чобаҳор денгиз портларига чиқувчи транспорт маршрутлари шулар жумласидан. “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўли Эроннинг Хаф шаҳри орқали Ҳинд океанига чиқиш имконини беради. 600 километрлик ушбу транспорт йўлаги қурилишидан нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки қўшни Афғонистон ҳам ютади. Лекин бу ерда яна геосиёсат устунлик қилмоқда. Эроннинг АҚШ ва Исроил билан муносабатлари таранг. Бундай шароитда Эрон портларига чиқувчи темир йўл маршрутлари геосиёсий хавф остида қолиши аниқ.
Бошқа томондан, Ўзбекистон Покистоннинг Гвадар портига чиқадиган “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” трансафғон темир йўлига ҳам катта умид боғламоқда. Мазкур лойиҳа амалга ошса Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари энг қисқа йўл орқали бир-бир билан боғланади. Пировардида биз учун жадал суръатларда ривожланаётган Покистон, Ҳиндистон, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорлари очилади.
Бироқ, менинг назаримда, ҳозирча Ўзбекистон асосий диққат-эътиборини Покистон йўналишига жамламагани маъқул. Айни вақтда бор кучни “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт коридорига ташлаш керак. Чунки бу лойиҳадан тез ва катта фойда кўрса бўлади.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуришни 1997 йилдапрезидент Ислом Каримов таклиф қилганди. Бироқ орадан шунча вақт ўтиб ҳам лойиҳа якунига етгани йўқ. Бунга нима тўсқинлик қилмоқда? Қирғизистондаги янги раҳбарият даврида вазият ижобий томонга ўзгаришига умид борми? Станислав Притчин: — Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг жорий йил 11-12 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат таширифи чоғида бу масала атрофлича муҳокама қилинганди. Президент Шавкат Мирзиёев янги темир йўл қурилиши бўйича қўшни республика расмийлари билан самарали мулоқот олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Лекин лойиҳани орқага сураётган бир қатор омиллар мавжуд.
Биринчидан, халқаро аҳамиятга молик транспорт коридорини қуришга Қирғизистон молиявий жиҳатдан тайёр эмас. Ташқи қарзи тобора ортиб бораётган мамлакат халқаро молиявий институтлардан яна қарздор бўлиб қолишни хоҳламайди. Жорий йилда Қирғизистон учун Хитойдан олинган кредитлар бўйича имтиёзли давр тугайди ва республика улар бўйича тўловни ўз вақтида амалга ошириши керак. Мана шундай оғир вазиятда Қирғизистон “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон”темир йўл қурилишига бош қўшиши амримаҳол.
Иккинчи омил Қирғизистондаги сиёсий вазият билан боғлиқ. Бу ерда давлат раҳбари тез-тез алмашади. Қолаверса, таъсир доираси президентникидан кам бўлмаган маҳаллий элиталар бор. Ҳатто давлат аҳамиятига молик масалаларда улар билан ҳисоблашишга тўғри келади.
Баъзан биргина маҳаллий оппозиция ўзи назорат қилаётган ҳудуддан ўтган транспорт коридорининг тақдирига нуқта қўйиши мумкин. Натижада бутун мамлакат имижига путур етиши ҳеч гап эмас.
Бахтиёр Эргашев: — “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишига тамал тоши қўйилганидан буён Қирғизистонда давлат раҳбарияти беш марта алмашди. Ҳар сафар бу масалада музокараларни янгитдан бошлашга, ҳар қайси президент билан алоҳида келишувга эришишга тўғри келган. Мамлакатдаги мана шундай сиёсий беқарорлик салкам чорак асрдан буён темир йўл қурилиши бўйича бир тўхтамга келишга имкон бермаяпти. Қолаверса, республикада маҳаллий элиталарнинг давлат сиёсати ва юқори доирада қабул қилинаётган қарорларга таъсири жуда катта эканини унутмаслик керак.
Қирғизистоннинг позицияси ташқи кучлар хоҳиш-истакларига қараб ҳам ўзгариб туради. Жумладан, Россия Қашғардан Ўшгача темир йўл ётқизилса, Хитой ҳарбий техникасини Марказий Осиёга тўғридан-тўғри олиб ўтиши мумкинлигидан қўрқади. Янги транспорт коридори Россиянинг нафақат геосиёсий, балки иқтисодий манфаатларига ҳам зид. Расмий доираларда мазкур лойиҳа Қозоғистон ва Россия ҳудудидан ўтган ҳамда Хитойни Европа билан боғлайдиган темир йўл орқали юк ташувларининг асосий қисмини олиб қўяди, деган қараш мавжуд. Аслида бундай йўқотиш нари борса 10-15 фоизни ташкил қилади, холос. Лекин транспорт команиялари шу даромадидан ҳам айрилишни хоҳламайди. Улар ўз манфаатини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилмоқда. Садир Жапаров вазиятни ижобий томонга ўзгартира олишига ишончим комил эмас.
Нима бўлганда ҳам “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши ўз долзарблигини сақлаб қолаверади. Ҳозирда Хитой ва Эроннинг савдо-инвестиция соҳасидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. Бу эса истиқболда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ортиб боришини англатади. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари, Туркия ҳамда Жанубий Европадан юкларни Хитойга Ўзбекистон орқали жўнатиш қандай маршрут танланишидан қатъи назар, масофани ўртача 500-600 километрга қисқартириш имконини беради. Иқтисодий ҳисоб-китоблар кун келиб геосиёсий фобиялардан барибир устун бўлиб чиқишига умид қиламан.
Ўзбекистон “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишидан манфаатдор. Лекин Афғонистондаги нотинчлик сабаб баъзи экспертлар мазкур лойиҳа истиқболига шубҳа билан қарамоқда. Сизнинг фикрингиз қандай? Станислав Притчин: — Юқорида айтганимдек, афғон заминида қачон тинчлик ўрнатилишини ҳеч ким билмайди. Покистон йўналишидаги трансафғон магистралининг техник ҳужжатлари ва иқтисодий асослари ҳали ошкор этилмаган бўлса-да, бироқ лойиҳа жуда катта маблағ талаб қилишини ҳозирдан айтиш қийин эмас. Зотан, темир йўлнинг асосий қисмини тоғли ҳудудлардан ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун кўплаб мураккаб иншоотлар – тоннель ва кўприклар бунёд этиш зарур. Хавфсизлиги кафолатланмаган лойиҳага йўналтириладиган инвестициялар ўзини оқлаши ҳақида гапириш ўринсиз. Демак, “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўлининг истиқболлари Ўзбекистон раҳбарияти истаганчалик ёрқин эмас.
Бахтиёр Эргашев: — Трансафғон темир йўлининг Ўзбекистон учун аҳамияти ниҳоятда катта. У Покистоннинг Ҳинд океани соҳилидаги Гвадар портига чиқиш имконини беради. Гвадар эса дунё бозорларига йўл очувчи эшикдир.
Бироқ бирданига бир нечта йирик логистик лойиҳаларда иштирок этишга Ўзбекистоннинг молиявий ресурслари етмайди. Айни вақтда мамлакат жадал ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда, иқтисодий ислоҳотлар ҳали якунлангани йўқ. Бундай шароитда Пешаворгача темир йўл қурилиши харажатларини гарданимизга ололмаймиз. Ўйлашимча, бу масалага 7-8 йилдан кейин қайтиш мумкин. Ўшанда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш кўрсаткичи 6 фоизга яқинлашиб, иқтисодий ривожланишда анча олдинга чиқиб оламиз.