Узоқ ва қисқа муддатли инвестицион лойиҳалар самарадорлик кўрсаткичлари.
1-савол баёни. Давлатимиз мустақилликка эришган йиллардан бошлаб, бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос иқтисодий ривожланиш йўлидан бормоқда. Бу йўлда инвестиция сиёсатининг аҳамияти жуда катта. Чунки инвестициялар иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар, техник ва технологик янгиланишлар, корхоналарни қайта таъмирлаш ишларини амалга оширишни рағбатлантиради, мамлакат экспорт ва импорт салоҳиятини оширишга имкон яратади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси ўз тузилмавий инвестиция сиёсатини олиб бормоқда.
9.2.1-расм. Ўзбекистон Республикасининг тузилмавий инвестиция сиёсати
Тузилмавий инвестиция сиёсати ҳудудлар, тармоқлар ва корхона инвестиция сиёсатларидан таркиб топиб, улар ўзаро боғлиқдир. Ҳудудлар инвестиция сиёсати инвестицияни сарфлашда аҳоли, ҳудуд ва инвестор манфаатларини ҳисобга олган ҳолда самарали ишлатишга имкон берувчи ҳудудда олиб бориладиган чора-тадбирлар мажмуи. Тармоқ инвестиция сиёсати эса бу мамлакат иқтисодиётининг ривожланишини таъминловчи тармоқлар, саноат маҳсулотларини экспорт қилиш, импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни ривожлантириш, илмий-техника тараққиётини инвестиция йўли билан қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Давлат тузилмавий инвестиция сиёсатида янги тармоқларни ташкил этиш ва ривожлантириш, аҳолининг истеъмол товарлари, иш жойларга бўлган талабини қисқа вақт ичида юқори даражада таъминлашга эришиш йўлида қуйидаги вазифаларга амал қилмоқда:
-эскирган ишлаб чиқаришларни секин-аста муомаладан чиқариб ташлаш;
-маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш;
-тўлов қобилиятига эга бўлган ва талабга мос ҳолда ишлаб чиқариш тузилмаларини яратиш;
-ишлаб чиқариш ресурсларидан ва илмий-техника салоҳиятидан имкон қадар юқори даражада фойдаланишни таъминлаш;
-мамлакатнинг экологик ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва уни кучайтириш;
-самарали, рақобатга асосланган ишлаб чиқаришлар, бозор инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сохаси ва интеллектуал фаолиятлар ривожланишини уйғунлаштириш;
-иқтисодиётнинг устувор тармоқларини ривожлантириш ва янги тармоқларни барпо этиш;
-аҳолининг иш билан бандлигини ва ҳамда иқтисодий фаоллигини ошириш;
-ҳудудлар ижтимоий инфратузилмасини тўлиқ шакллантириш.
Тузилмавий инвестиция сиёсатини олиб боришда муҳим стратегиялар ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг моҳияти кичик иқтисодий субъектлар ривожланишини қўллаб-қувватлашдан иборат. Мазкур ишларни амалга оширишда хорижий инвестицияларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда сиёсий барқарорлик, инвестиция муҳитини жуда қулайлиги хорижий инвесторлар узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини тузишда асос бўлмоқда. Бундан ташқари, жалб этилган чет эл инвестициялар ва кредитлар учун кафолатлар тақдим этиш, солиқ ва божхона таърифлари бўйича имтиёзлар, заём ва фоиз ставкаларини субсидиялаш каби шарт-шароитлар яратилмоқда, ўнлаб қонуний ҳужжатлар амал қилмоқда51.
Бозор иқтисодиётида корхона инвестиция сиёсатини амалга ошириш, инвестиция фаолиятининг ҳуқуқий асосини талаб этади ва унинг амалга оширилиши давлат томонидан олиб борилади ҳамда бошқарилади. Ўзбекистонда инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлган муносабатлар 1991 йилнинг январидан кучга кирган «Инвестиция фаолияти»нинг қонуний асослари ҳозиргача бир қанча ҳужжатлар билан мувофиқлаштириб келинмоқда. Шулар жумласидан, Ўзбекистон Республикасининг «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги (1998 йил 24 декабрь, 719-1-сонли), Ўзбекистон Республикасининг «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги (1998 йил 30 апрель, 609-1-сонли), Ўзбекистон Республикасининг «Чет эл инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги (1998 йил 30 апрелдаги 612-1-сонли) Қонунлари, «Чет эл инвестициялари ва хорижий инвесторлар фаолиятининг кафолатларини такомиллаштириш тўғрисида»ги 1998 йил 30 апрелдаги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий инвестицияли корхоналарни ташкил этиш ва фаолиятини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1996 йил 31 майдаги УП-1467 сонли Фармони, «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 1998 йил 19 январдаги Фармони, «Хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1998 йил 9 февралдаги Фармони, «Тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишни рағбатлантириш тўғрисида»ги 2005 йил 11 апрелдаги Қарори ва Фармонларини келтириш мумкин.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги 110-сонли қарорига асосан «Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида»ги Низоми ишлаб чиқилди. Мазкур қонун ва фармонлар маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ҳуқуқий асосини ташкил этиш билан бирга инвестицион фаолликни ўсишига янги замин яратади.
Ҳозирги даврда ҳам инвестиция фаолиятининг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш борасидаги бир қатор амалга оширилаётган ишларни мисол келтириш мумкин. Булар жумласига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2008 йил 18 ноябрдаги ПФ - 4053-сонли, “Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора – тадбирлари дастури тўғрисида”ги 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ - 4058-сонли, “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сонли Фармонларини киритиш мумкин.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг асосий йўналишлари орасида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб кўрсатиш мумкин:
-инвестиция жалб қилиш учун халқаро меъёрлар ва конвенцияларга мос келадиган, саноати ривожланган мамлакатлар инвесторлари томонидан тан олинадиган ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга интилиш;
-республикага жаҳон даражасидаги технологияларни етказиб берадиган ва иқтисодиётнинг замонавий тузилишини вужудга келтиришга ёрдам берадиган инвесторлар учун очиқ эшиклар сиёсатини изчиллик билан амалга ошириш;
-ишлаб чиқариш билан боғлиқ инвестицияларни киритишга кўмаклашиш;
-мамлакатнинг кредит қобилиятини қўллаб-қувватлаш;
-мамлакатнинг айрим минтақаларида ижтимоий ва экология муаммоларини ҳал қилишга қаратилган инвестицияларни киритишга ёрдам бериш.