Корхона мажбуриятларини мунтазам назорат қилиб бориш ва уларни оқилона бошқариш инқирозга қарши бошқарув жараёнининг ажралмас қисми ҳисобланади. Чунки, пул маблағлари кирим-чиқимини, корхона тўлов қобилиятини мунтазам кузатиб бориш мажбуриятларни бошқариш асносида содир бўлади. Корхоналарни инқирозга юз тутиши ва иқтисодий ночорликни бошдан кечиришининг охирги сабаби ҳам мана шу мажбурияитларни кескин даражада кўпайиб кетиши натижасида, тўлов қобилиятини тушиб кетиши билан ифодаланади. Шу сабабли, мажбуриятларни турли классификацияси бўйича тўғри бошқариб бориш, кредиторлар билан доимий илиқ муносабатни шакллантириш инқироз рискини камайтиради.
Корхона қарздорлигин шартли равишда қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
Фискал тизим олдидаги қарзлар. Бу давлат бюджети олдидаги қарзлар ҳисобланиб, унга корхона ўз ихтиёридан ташқари мажбурий белгиланган тартибда тўлайдиган тўловлар киради. Булар солиқлар, пенсия фондига ажратмалар, ягона ижтимоий тўлов ва шу кабилар. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бюджет олдидаги қарздорлик жазоловчи бўлиши ҳам мумкин. Яъни пенчлар турли кўринишдаги жарималар бунга мисол бўла олади.
Молия-кредит тизими олдидаги қарздорлик. Бунга турли молия муассасалари, молия бозорлари билан бўладиган муносабатларда вужудга келадиган қарздорликлар киради. Булар даврий фоиз тўловлари, кредитнинг тани, қимматли қоғозлар юзасидан вужудга келган тўловлардан қарздорликлар ҳисобланади. Шу билан биргаликда бу турдаги қарздорликка суғурта компаниялар олдидаги қарздорликларни ҳам киритиш мумкин.
Кредиторларга улар томонидан таклиф этилган товарлар ва хизматлар учун мажбуриятлар. Бу бошқа ҳамкорлар, мол этказиб берувчилар ва турли хизмат кўрсатувчилар билан тузилган шартномалар юзасидан келиб чиқадиган қарздорликни англатади. Бугунги кунда корхоналар қарздорлигини энг катта қисми шу турдаги мажбуриятларга тўғри келмоқда. Бу эса ўз вақтида корхоналар ўртасидаги иммобилизациялашган пул маблағлари ҳажмини ортиб келишига олиб келмоқда.
Акциядорлар ва корхона ишчи ҳодимлари олдидаги қарздорлик (ички қарздорлик). Бу гуруҳга иш ҳақи тўловларидан, турли мукофот ва хизмат сафари учун тўловлардан, дивиденд ва бошқа тўловлардан қарздорликлар киради. Ички қарздорликни ўсиб кетиши корхона имиджини омма олдида пасайиб кетишига ва инвестор ва ишчи-хизматчилар ўртасида ишончни йўқолиб кетишига олиб келади.
Корхонанинг молиявий-хўжалик фаолияти натижасида вужудга келган мажбуриятларни аниқ бажариш вақтлари мавжуд. Мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик, тўлов интизомини бузилиши ҳамкорлар ва бошқа кредиторларнинг хатар даражасини оширади. Корхонанинг тўлов қобилияти бўйича ҳатар даражасини ортиб бориши ва тўлов муддатини узайиб кетиши муассислар, инвесторлар, ҳамкорлар олдидига корхонага бўлган ишончни пасайтиради. Бундай корхоналар ўз фаолиятларини ишончсиз шериклар билан давом эттиришга мажбур бўладилар. Ва улар бевосита жамият олдида интизомсиз тўловчига айланадилар.