14-МОДУЛ. КОРПОРАТИВ ТУЗИЛМАЛАРДА ИНҚИРОЗГА ҚАРШИ БОШҚАРУВНИНГ ТАШКИЛИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ
14.1. Корхоналарда инқирозга қарши молиявий бошқарувнинг мақсади ва вазифалари
Режа:
Корхоналарда инқирозга қарши молиявий бошқарув мазмун-моҳияти.
Корхоналарда инқирозга қарши молиявий бошқарув стратегияси.
Корхоналарда инқироз ҳолатларини баҳоловчи молиявий кўрсаткичлар.
Таянч сўз ва иборалар: инқироз, молиявий барқарорлик, тўловга қобилиятсизлик, молиявий қарамлик, ҳаёт цикли.
1-савол баёни: Инқирозга қарши бошқарув молиявий менежментнинг муҳим элементи сифатида янги ривожланаётган йўналишлардан бири ҳисобланади. Инқирозга қарши стратегияни ишлаб чиқиш ва амалиётга самарали жорий этиш, корхона бошқарув қарорларини қабул қилишдаги долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Корхона мутахассислари томонидан ушбу масалага эътиборнинг ошиб бориши кўплаб объектив омилларга боғлиқ. Бозор иқтисодиёти шароитида, инқироз ҳолати ҳар қандай корхоналар фаолиятида юз бериши мумкин бўлган жараён бўлиб, корхона молиявий менежерларидан одатдаги бошқарув йўналишларининг кўплаб жиҳатларини ўзгартирган ҳолда келгусида фаолиятни ташкил этишни талаб қилади. Бозор иқтисодиётида эътиборни қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлардан бири ҳам, корхоналар иқтисодий циклининг ҳар қандай босқичида инқироз ҳолатининг юзага келиш эҳтимоллигининг мавжудлигидадир. Корхонада инқироз оқибатларини бартараф этиш инқирозга қарши чораларни жорий этиш орқали амалга оширилиши мумкин. Корхонада инқироз ҳолатига олиб келувчи сабабларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, инқирозга сабаб бўлувчи омилларни ўрганиш, инқирозга қарши чораларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш кабилар инқирозга қарши бошқарув стратегиянинг асосини ташкил қилади. Бизга маълумки, стратегия дейилганда умумий маънода молиявий менежмент, ишлаб чиқариш, кадрларни бошқариш каби тизимлардаги умумий ҳаракатлар дастури, чора-тадбирлар мажмуи тушунилади. Инқирозга қарши стратегияни ишлаб чиқиш механизми, инқирознинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишдан бошлаб инқирозга қарши дастурлар ва стратегияларнинг натижаларини баҳолаш ва назорат қилиш кабилар босқичларни ўз ичига олади.
Инқирозга қарши молиявий бошқарув – инқирозни прогноз қилиш, мониторингни амалга ошириш, инқирозни келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, корхонани ривожлантириш учун инқироз омилларидан фойдаланиш, инқирознинг салбий оқибатларини камайтириш каби жараёнларни ташкил этиш ҳисобланади. Бошқача айтганда, инқирозга қарши молиявий бошқарувнинг ўзига хос хусусиятини қуйидагилар орқали тавсифлаш мумкин:
– биринчидан – корхонанинг инқироз ҳолатига тушиб қолишини олдини олиш, корхонанинг кучли ва заиф томонларини таҳлил қилиш, банкротлик эҳтимолларини баҳолаш, рискларни бошқариш (аниқлаш, баҳолаш ва бартараф этиш), зарурий чоралар тизимини жорий этиш ва шу сингари масалаларни ҳал қилишга йўналтирилган тадбирлар мажмуи;
– иккинчидан – корхонани суд санацияси ёки реструктуризациялаш орқали инқироз ҳолатидан олиб чиқишга қаратилган корпоратив молияни бошқариш тизимининг элементи ҳисобланади.
Корхонада инқирозга қарши молиявий бошқарув тизими ҳар қандай бошқарув тизими сингари, ташкил этилиш нуқтаи назаридан самарали ёки самарасиз бўлиши мумкин. Унинг самарадорлиги инқирознинг олдини олиш, бартараф этиш, инқироз оқибатларини юмшатиш ёки инқироз омилларидан ижобий фойдаланиш каби масалаларни қай даражада ҳал қилинганлиги билан ифодаланади. Шунинг учун, инқирозга қарши молиявий бошқарувнинг корхона умумий бошқарув тизимидаги ўрни, унинг аниқ мақсад ва вазифаларини шакллантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Инқирозга қарши молиявий бошқарув тизимининг бундай кўринишда ташкил қилиниши, корхонага турли ташқи омиллар таъсири шароитида белгиланган мақсадларга эришишда оқилона бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилишда долзарб аҳамият касб этади. Инқирозга қарши молиявий бошқарув мақсад ва вазифаларининг ҳар бир босқичидаги масалалар кейинги босқичда бажариши лозим бўлган фаолият учун замин яратиб, ушбу жараённи самарали ташкил этилиши, корхонани банкрот бўлишини олдини олишда муҳим ўрин эгаллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |