2.2. Молиявий менежментнинг асосий мақсади ва вазифалари
Режа:
Молиявий менежментнинг асосий мақсади ва вазифалари.
Молиявий менежментнинг функция ва тамойиллари.
Молиявий менежмент концепциялари.
Капитал таркиби ва дивиденд сиёсати назарияси.
Агентлик муносабатлари концепцияси.
Таянч сўз ва иборалар: фойдани максималлаштириш, умумий функциялар, махсус функциялар, риск, даромадлилик, дивиденд сиёсати.
1-савол баёни. Молиявий менежментнинг мақсади, хўжалик субъектининг мақсадлари ва иқтисодий стратегияларидан келиб чиқади. Бошқача қилиб айтганда, молиявий менежментнинг мақсади корхонанинг мақсадлари билан тўғри келиши мумкин. Корхонанинг узоқ муддатга белгиланган стратегик мақсадларини амалга ошириш ва уларнинг хўжалик-молиявий фаолиятини ривожлантириш, банкротликни ва йирик молиявий йўқотишларни олдини олиш, кескин рақобат муҳитида бозорда ўз ўрнига ва рақобатчилар орасида маълум устунликка эга бўлиш, харажатларни оптималлаштириш, ишлаб чиқариш ва сотиш хажмини унга таъсир этувчи ички ва ташқи омилларни инобатга олган ҳолда босқичма-босқич ошириб бориш ҳисобига фойдани кўпайтириш ва пировардида корхонанинг таъсисчилари, манфаатдор шахслар ва мулкдорлар даромадларини кўпайтириш, молиявий менежментнинг асосий мақсадларини ифодалайди.
Ҳозирги кунда молиявий менежмент мақсадларининг энг муҳимлари қайсилар деган саволга, иқтисодчи олимлар томонидан турли ҳил қарашлар мавжуд. Кўплаб хорижий адабиётларда корхоналарда молиявий менежментнинг мақсадларини қуйидаги уч гуруҳга ажратиб ўрганилади:
фойдани максималлаштириш ва корхона эгаларининг молиявий талабларини қондириш;
молиявий барқарорликни таъминлаш;
махсулот ва хизматлар реализациясини максималлаштириш (яъни, корхонанинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш хажмини ошириш).
Компанияларнинг ўз олдига қўйилган мақсадларига эришиш кўп жихатдан молиявий менежерни бошқарув қарорларини тўғри ва аниқ қабул қилишига боғлиқдир. Молиявий менежер белгиланган мақсадларга эришишда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича тўғри ва оқилона бошқарув қарорларни қабул қилиши керак бўлади:
операцион фаолият (тахлил, режалаштириш, башоратлаш ва корхонанинг молиявий холатини назорат қилиш);
молиялаштириш – жалб қилинган ва ўз маблағлари манбаларини бошқариш (молиявий қарорлар қабул қилиш);
инвестициялар – инвестиция сиёсати ва активларни бошқариш (инвестицион қарорлар қабул қилиш).
Ушбу йўналишларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қарорлар қабул қилишда алоҳида комплекс вазифалар тизими белгилаб олинади. Корхоналарда молиявий бошқарувни ташкил этиш жараёни ва унинг вазифалари ёки бошқача қилиб айтганда молиявий менежментнинг комплекс вазифаларини, бизнингча қуйидагича таснифлаш мумкин (2.1-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |