2-савол баёни. Корпоратив солиқ менежменти солиқ мажбуриятларини бажариш жараёнида пайдо бўладиган муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Б. Тошмуродова «Корхоналарда солиқ менежменти – солиқ тўловларини оптималлаштириш билан боғлиқ фаолият сифатида уларни самарали бошқаришдир ва у молиявий менежментнинг ажралмас қисми ҳисобланади»69, дея изоҳласа, Е.Н. Евстигнеев фикрича, «Корпоратив солиқ менежменти – иқтисодий субъект молиясини бошқаришнинг таркибий қисмидир»70.
Иқтисодий адабиётдаги турли иқтисодий қарашларни таҳлил қилган ҳолда корпоратив солиқ менежментига қуйидаги таърифни ишлаб чиқдик: солиқ менежменти – давлат солиқ менежменти томонидан белгиланган қонунчилик доирасида микродаражада солиқлар бўйича пул оқимлари ҳаракатини самарали бошқариш орқали солиқ мажбуриятларини минималлаштириш, тартибга солиш, солиқ хатоларининг олдини олиш, солиқ тўлашнинг қулай вазиятларини танлашга қаратилган корпоратив молияни бошқариш тизимининг муҳим бўғинидир.
13.2-расм. Давлат солиқ менежменти ва корпоратив солиқ менежментининг ташкилий хусусиятлари
Корхоналарда солиқларни бошқариш тизими солиқ мажбуриятларини бошқариш, солиқларни режалаштириш, солиқ рискларини бошқариш, ички солиқ назоратини ташкил этиш, солиқ тўловларини ўзаро мувофиқлаштириш, солиқларни қонун доирасида камайтириш бўйича схемалар ишлаб чиқиш ва бошқаларни ўз ичига қамраб олади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда корпоратив солиқ менежментининг асосларини қуйидаги расмда келтириб ўтамиз (2-расм).
Корхоналарда солиқлар бўйича пул оқимларини бошқаришнинг муҳим йўналишларидан бири солиқларни режалаштириш ҳисобланади. Солиқларни режалаштириш тушунчаси айрим иқтисодчи олимлар томонидан «Хўжалик субъектларида солиқларни режалаштириш – хўжалик субъектлари ягона иқтисодий тараққиёт стратегияси доирасидаги молиявий-хўжалик фаолиятини бошқаришнинг ажралмас қисми бўлиб, ресурсларнинг чекланганлиги шароитида корхонанинг келажакдаги молиявий ҳолатини белгилаш учун оптимал қонуний солиқ тўлаш усуллари ва методларидан ҳамда солиқ тўлашнинг мумкин бўлган муқобил вариантларидан фойдаланиш тизимидаги жараёнларни ўзида акс эттиради»71, деб таъкидланса, Е.Н. Евстигнеев томонидан эса «қонуний тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланиш орқали солиқларни айланиб ўтишнинг қонуний усуллари ва солиқ мажбуриятларини камайтириш йўллари»72 сифатида талқин этилади.
Бизнингча, солиқларни режалаштириш – қонунчилик томонидан тақдим этилган енгилликлар ва солиқ мажбуриятларини қисқартиришнинг бошқа қонуний усулларидан фойдаланган ҳолда солиқ ва уларга тенглаштирилган тўловларни камайтириш бўйича белгиланадиган молиявий режалаштириш туридир. Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпция ҳуқуқи тан олиниши солиқларни максимал даражада қисқартириш учун қонунчилик йўл қўйган усул ва воситалар, шу жумладан, қонунчиликдаги қарама-қаршилик ва ноаниқликлардан фойдаланиш имкониятини бериши солиқларни режалаштиришнинг аҳамиятини янада оширади. Мазкур масалани ўрганиш натижасида корпоратив миқёсда солиқларни режалаштириш стратегик режалаштириш, жорий режалаштириш, оператив режалаштириш, режалаштириш самарадорлигини баҳолаш каби босқичларда ва ҳар бир босқич бўйича алоҳида йўналишларда ташкил этилиши ижобий аҳамият касб этади, деган фикрга келдик (13.3-расм).
Солиқ органлари томонидан ўтказиладиган солиқ назорати даврида солиқ ҳуқуқбузарликларининг аниқланиши солиқ тўловчиларга нисбатан амалдаги қонунчиликка кўра жавобгарлик чоралари қўлланилишига ва бу, ўз навбатида, солиқ тўловчининг жиддий молиявий йўқотишларига сабаб бўлади. Мазкур ҳолатда солиқ рискининг олдини олиш мақсадида ички солиқ назоратини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ички солиқ назоратини ташкил этишдан асосий мақсад – солиқ органлари томонидан корхона молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга оид назорат ўтказилгунга қадар солиқ хатоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали молиявий жавобгарликларнинг олдини олишдир.
Корхоналарда солиқ мажбуриятларини бошқаришда солиқ таҳлили ҳам муҳим аҳамият касб этади. Солиқ таҳлили ўтказилаётганда солиқлар вамажбурий ажратмалар умумий таҳлили, солиқ юки таҳлили, солиқлар бўйича қарздорлик таҳлили, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳолати таҳлили, солиқ базаси таҳлили амалга оширилади.
Масалани ўрганиш натижаси ўлароқ таъкидлашимиз мумкинки, ички солиқ назорати ва солиқ таҳлилини ташкил этиш иқтисодиётни модернизациялаш шароитида хўжалик субъектлари маблағларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади, солиқ ҳуқуқбузарликлари туфайли молиявий йўқотишларнинг олдини олади, солиқлар ва мажбурий ажратмаларнинг давлат бюджетига ўз вақтида ва тўлиқ тушишини таъминлайди ҳамда хўжалик субъектлари молиявий барқарорлигини оширади.
Тадқиқот натижалари сифатида корпоратив солиқ менежментини самарали ташкил этиш ва ривожлантиришга қаратилган қуйидаги илмий хулосаларни келтиришимиз мумкин.
Корхоналарда солиқ менежментини ташкил этишда давлат ва солиқ тўловчилар ўртасидаги солиқлар бўйича манфаатлар тўқнашуви ва ўзаро қарама-қаршиликни ҳисобга олиши керак. Зеро давлат имкон қадар кўпроқ солиқ ундиришга интилади, солиқ тўловчилар эса имкон қадар солиқларни камроқ тўлашга ёки умуман тўламасликка ҳаракат қилади. Бунда солиқ тўловчи молиявий қонунчилик бузилишига йўл қўйиши жиддий молиявий йўқотишларга сабаб бўлишини унутмаслик талаб этилади.
Корхоналарда солиқларни режалаштириш амалиётини ташкил этишда солиқли вазиятлардан келиб чиққан ҳолда стратегик режалаштириш, солиқ имтиёзларидан самарали фойдаланишга қаратилган жорий режалаштириш, солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлашга қаратилган, шунингдек шартномавий муносабатларни ҳисобга олувчи оператив режалаштириш тарзида ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Корхоналарда амалга оширилган молиявий операциялар ва улар бўйича ҳисобланадиган солиқларни тўлаш муддатларидан келиб чиққан ҳолда ҳар ой ёки чорак бўйича солиқ бюджетини тузиб чиқиш лозим. Бунда тузиб чиқилган солиқ бюджети солиқларнинг ўз вақтида тўланишига хизмат қилиши билан бир вақтда солиқлар бўйича боқимандалик ҳолатларининг ҳам камайишига хизмат қилади.
Ҳар бир молия йилининг охирида солиқ қонунчилигига кўплаб ўзгаришлар киритилиши натижасида молия йилининг биринчи чорагида солиқ хатолари ва рискларининг юзага келиши кўпроқ кўзга ташланади. Бунинг олдини олиш учун давлат бюджети параметрларини кучга кириш муддатидан камида бир ой олдин матбуотда эълон қилинишини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Давлат томонидан корхоналар фаолиятини солиқлар воситасида тартибга солиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар хатти-ҳаракатларида тегишли ўзгаришлар киритиши табиийдир. Солиқлар мажбурий тўловлар сифатида ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар учун манфаат тўсиғига айланиб, корзонал бутун фаолиятини бошқарувчи омил бўлиб қолмаслиги керак. Амалда эса, солиқлар иқтисодиётни тартибга солишнинг кучли воситаси сифатида корхоналарнинг стратегик қарорларини сезиларли ўзгартиришга мажбур этади. Ривожланган корхоналар амалиётидан биламизки, узоқ муддатга мўлжалланган корхоналар ҳеч қачон солиқлар тасирини ҳисобга олмасдан қабул қилинмайди. Бугунги кунда солиқ қонунчилигида солиқларнинг тартибга солувчилик ролига урғу берувчи ҳуқуқий асослар яратилганига қарамасдан, корхоналар фаолиятида солиқ имтиёзларига эга бўлиш, пасайтирувчи ставкаларда солиққа тортилувчи фаолият билан шуғулланишга ўтиш ва умуман солиқларни режалаштириш ҳолатлари кам учрамоқда. Бунинг асосий сабаби эса бизнингча Ўзбекистон солиққа тортиш амалиётида солиқ менежменти, солиқларни режалаштириш тадбирлари жорий этилмаганлигидадир. Жаҳон амалиётига назар соладиган бўлсак, бу жараёнлар корхона молиявий хўжалик фаолиятида катта аҳамият касб этиб, уларни ўтказишдан нафақат корхона балким давлат ҳам бевосита манфаатдор бўлади. Ушбу таянч сўзларга батафсил тўхталадиган бўлсак, Солиқ менежменти - солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини қонун доирасида қисқартиришга қаратилган ҳатти-ҳаракатлари йиғиндисидир. Бу жараёнда солиқларни қонунчиликка хилоф бўлмаган тарзда четлаб ўтиш, шунингдек солиқ қонунчилигида белгиланган имтиёзларни қўлга киритиш, ёки солиқ мажбуриятларини камайтиришга қаратилган махсус усуллар қўлланилади. Бундай ҳолатларда бу усуллар қонуний ҳисобланиб, солиқ тўловчиларга жарима солишга сабаб бўла олмайди.
Солиқ менежменти солиқ тўловларини оптималлаштириш билан боғлиқ фаолият сифатида, уларни самарали бошқаришдир ва у ҳар қандай корхона менежментининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Солиқ менежментининг ташкил этишнинг афзаллиги шу билан асосланадики, бунинг натижаси ўлароқ, солиқ мажбуриятларининг қисқартирилишига қонунларни бузмаган холда эришилади. Солиқ менежменти корхоналар муваффақиятини таминлаш учун таянч вазифасини ўтайди. Шуни алохида такидлаш лозимки, солиқ менежменти фақатгина микродаражадаги ҳатти-ҳаракатларини ифодалаб, корхоналар томонидан давлатнинг иқтисодиётни солиқлар воситасида тартибга солиш сиёсатига нисбатан жавобидир.
Солиқ менежменти масаласининг ўрганилишида солиқ менежменти самарадорлигига тасир қилувчи омиллар хусусиятини тўғри баҳолаш муҳим аҳамиятга эга. Фикримизча, солиқ менежменти самарадорлигини қуйидаги омиллар асосида баҳолаш мақсадга мувофиқдир, яъни:
қонун доирасидан чиқмаслик;
юқори даражадаги солиқли манфаат;
кам сарф-харажат;
нисбатан қисқа вақт;
ижтимоий масулият.
Корхоналарда бизнеснинг тақдири, унинг сақланиши ва ривожланиш кўп жихатдан солиқ ёки тўловларнинг қандай ва қанча миқдорда тўланишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Республикамиздаги солиқ ва бошқа солиққа тортиш тизимига таъсир этувчи омиллар, қонунчиликка тинимсиз ўзгартиришларнинг киритилиши ва солиқ юкининг юқорилиги шароитида корхоналарда солиқ менежментини ташкил этиш ниҳоятда муҳим ва шу билан бир пайтда жуда мураккабдир. Чунки солиқ қонунчилигининг ўзгариши режалаштирилган бизнес режанинг бузилишига олиб келади. Солиқ менежменти корхонада молиявий ресурслар ва молиявий оқимларни бошқаришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Бозор иқтисодиёти шароитида корхоналар солиқ менежментини ривожлантириш давр талабидир. Шу туфайли корхонада солиқ муносабатларини бошқариш нафақат солиқ тўловчиларнинг, балки аудиторлик ва консалтинг фирмалари фаолиятининг асосий иш объектига айланиб бормоқда, чунки солиқ менежменти тадбиркорлик фаолиятининг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда.
Бизнинг фикримизча Ўзбекистон солиқ тизимида солиқ менежменти, солиқларни режалаштиришни ўтказишни ташкиллаштириш орқали ишлаб чиқаришни ривожлантириб, корхона фаолиятини рағбатлантириш мумкин. Зеро, жаҳон солиққа тортиш амалиётида қўлланиб юқори натижаларга эришилган тажрибадан унумли фойдаланиш фақатгина фойдадан ҳоли бўлмайди.
Корхонада солиқларни оптималлаштиришда солиқ менежменти қуйидагиларни амалга ошириш орқали намоён бўлади:
Солиқларни режалаштириш;
Корхонада ички солиқ назоратини амалга ошириш
Корхоналарда солиқ менежменти солиқ тўловларини оптималлаштириш билан боғлиқ фаолият сифатида уларни самарали бошқаришдир ва у молиявий менежментнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Республикамизда корхоналар солиқ менежментини ривожлантириш ҳали ўзининг яхши ривожини топмаган. Аммо, бозор иқтисодиёти шароитида корпоратив солиқ менежментини ривожлантириш солиқлар воситасида иқтисодий ривожланишга таъсир кўрсатишнинг муҳим йўналиши сифатида шаклланмоқда. 2004 йили Солиқ маслаҳатчилари палатасининг тузилиши ва 2006 йили “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши хўжалик субъектларида солиқ тўловларини оптималлаштиришга бўлган талаб, яъни корхоналарда солиқ менежментини ривожлантириш заруратидан келиб чиқди.
Корхонада солиқ менежментини ташкил этишдан пировард мақсад, солиқ тўловларини қонун доирасида камайтиришга, максимал фойда кўришга қаратилган.
Солиқ менежментини ривожлантиришда корхоналар фаолиятини бевосита ўрганиб, тадқиқот ишида қуйидаги учта корхоналар фаолиятини солиқлар таъсирида ўрганиб чиқишни мақсад қилиб қуйилди (корхоналар номи ўзгартирилган).
1) “А” корхонасининг йиллик ишчилар сони 138 тани ташкил қилиб, саноат тармоғига қарашли асосий ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғилланади. Корхонада умумбелгиланган солиқлар ҳамда бюджетдан ташқари фондларга мажбурий тўловлар тўланади.
2) “Б” корхонасининг йиллик ишчилар сони 116 тани ташкил қилиб, қурилиш тармоғига қарашли асосий қурилиш фаолияти билан шуғилланади. Корхонада умумбелгиланган солиқлар ҳамда бюджетдан ташқари фондларга мажбурий тўловлар тўланади.
3) “С” корхонасининг йиллик ишчилар сони 60 тани ташкил қилиб, хизмат кўрсатиш тармоғига қарашли асосий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғилланади. Корхонада бюджетга ягона солиқ тўлови ҳамда бюджетдан ташқари фондларга мажбурий тўловларни тўлайди.
Биз маълумотлардан фойдаланиб корхоналарнинг йиллик солиқлари ва бюджетга мажбурий туловларининг ҳолатини таҳлил қилиб чиқамиз (13.2-жадвал).