12-МОДУЛ. КОРПОРАТИВ ТУЗИЛМАЛАРДА СОЛИҚ МЕНЕЖМЕНТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
12.1. Солиқ менежментининг иқтисодий моҳияти ва вазифалари
Режа:
Солиқ менежментининг иқтисодий моҳияти, таснифланиши ва вазифалари. Солиқ менежментининг таркибий қисмлари.
Корпоратив солиқ менежментининг ташкилий йўналишлари ва унда солиқ имтиёзларидан самарали фойдаланиш. Солиқларнинг корхоналар молиявий фаолиятига таъсирини баҳолаш.
Корпоратив тузилмаларда солиқ рискларини бошқариш.
Таянч сўз ва иборалар: солиқ, солиқ тизими, солиқ объекти, солиқ субъекти
1-савол баёни. Солиқ тизимининг шаклланиши ва уни ривожлантириш зарурияти, шунингдек, солиқ менежментини йўлга қўйиш масаласи - мамлакатимизда эркинлаштириш стратегиясининг муҳим шарти саналади. Шу жиҳатдан олиб қараганда бугунги кунда, солиқлар ва солиқ тизимини назарий жиҳатдан ўрганиш ва таҳлил қилиш, солиқларни амалиётда қўлланилиши, хусусан, солиқ бошқаруви, унинг вазифаларини ўрганиш ҳамда самарали ташкил этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бошқарувнинг, хусусан, солиқ менежментининг вазифаси объект-субъект муносабатлари тизимини қарор топтириш жараёнида вужудга келувчи бошқарувчи ва бошқариладиган тизимлар ўртасидаги алоқа доимий равишда мувофиқлаштирилиб туришини таъминлашга қаратилганлиги эътиборга моликдир. Бозор иқтисодиёти шароитида солиқ менежменти асосларини пухта эгаллаб олиш орқали солиқ субъектлари: солиқ йиғувчи ва солиқ тўловчи ўз манфаатларига мос келадиган солиқ муносабатларини ташкил этиш, самарали солиқ бошқарувини амалга ошириш учун нималарни қилиш лозимлигини англаб этиши, тўғри йўл топа билиши мумкин бўлади.
Солиқ менежери қуйидагиларни, яъни:
солиқ менежментининг мазмуни ва моҳиятини;
солиқ менежментининг таркибий қисмларини;
бозор иқтисодиёти шароитида муваффақиятли солиқ бошқарувини амалга ошириш юзасидан масъулиятидаги вазифаларни уддалашни;
солиқ муносабатларини бошқариш борасида тўпланган кўникма ва тажрибани;
солиқ тизимининг мазмун-моҳиятини мукаммал билиши талаб этилади.
Бир томондан, солиқ менежменти ҳозирги замон иқтисодий ривожланиш йўлидаги барча қийинчиликларни, ижтимоий - психологик муаммоларни ишбилармонлик руҳидаги ёндашув орқали ҳал этиш мумкинлигини ўрганади.
Иккинчидан, у ҳар қандай солиқ муносабатлари шароитида ҳам танлов асосида энг мақбул қарорни қабул қилиш ва уни муваффақиятли амалга ошириш ҳақидаги назарий-амалий билимлар мажмуаси саналади.
Солиқ менежменти негизини объект-субъект муносабатлари тизими ташкил этади, улар эса, узлуксиз равишда ўзаро таъсирга эга бўлган муҳитни қарор топтиради (13.1-расм), унинг иэрархияли кесимида вужудга келувчи бошқарувчи ва бошқариладиган тизимлар ўртасидаги алоқани доимий равишда мувофиқлаштириб туриш талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |