Ишлаб чиқарилган номолиявий активлар ишлаб чиқариш жараёнида вужудга келади ва уч асосий элементни, асосий фондлар (асосий капитал), моддий айланма маблағлар захираси ва қимматбаҳо бойликларни ўз ичига олади.
Асосий фондлар (асосий капитал) маҳсулот ишлаб чиқариш, бозор ва нобозор хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи ҳамда узоқ давр мобайнида фойдаланишга мўлжалланган активларда ўз аксини топади.
Моддий асосий капитали гуруҳи ишлаб чиқариш ва яшаш бинолари, иншоотлар, машина ва жиҳозлар, шунингдек, ўстириладиган активлардан иборат. Миллий бойликнинг мазкур омилига уй хўжаликлари томонидан охирги истеъмол учун харид қилинган машина ва жиҳозлар ҳисобга олинмайди. (Масалан: автомобиллар, музлатгичлар, телевизорлар ва шунга ўхшаш воситалар). Бундай омиллар “Узоқ муддатда фойдаланишга мўлжалланган истеъмол товарлари” гуруҳи орқали ҳисобга олинади. Бироқ, бундай жиҳозлар ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилса, улар асосий капитал жумласига киритилади, ўстириладиган активлар қишлоқ хўжалигида моддий айланма маблағлар гуруҳининг бош омилларидан бири ҳисобланади ҳамда зотли, маҳсулдор, ишчи ва бошқа чорва моллари, ҳосилдор боғлар, мевазорлар, узоқ муддат ҳосил берувчи кўп йиллик кўчатларни ўз ичига олади.
Шунингдек, асосий капитал таркибига ишлаб чиқарилган номоддий активларни ҳам киритилади. Буларга фойдали қазилмаларни қидиришга кетган харажатлар, инсон меҳнати асосида вужудга келган ва информация сифатида тақдим этилган маълумотлар қиймати киради. Юқорида қайд этилган омилларга ЭҲМ лар учун дастурлар, оригинал ижод жанрлари, адабиёт ва санъат дурдоналарини кўрсатиш мумкин. Асосий капитал миллий бойликнинг муҳим элементи сифатида мамлакат статистикасида ҳисобга олинади, ҳамда уларнинг таркиби МҲТ нинг мазкур иқтисодий тоифасида бир қадар муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Ишлаб чиқарилган номолиявий активлар таркибига кирувчи иккинчи элемент, бу моддий айланма маблағларининг захирасидир. Жорий ёки ўтган даврда тайёрланган ва кейинчалик сотиш ёки ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун мўлжалланган ишлаб чиқариш захиралари, тугалланмаган ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулот, қайта сотиш учун олинган моллар шулар жумласидандир. Ишлаб чиқарилган материал активлар умумий таркибида қимматбаҳо бойликлар алоҳида ўрин тутади. Бу турдаги бойликлар қиймат заҳиралари сифатида сотиб олинади, сақланади ва амалиётда уларни ишлаб чиқариш жараёни ёки истеъмол учун ишлатилади. Ушбу кўринишдаги миллий бойликнинг элементларини эгалари уларнинг реал нархи ошиши ёки сақланиб қолишини мўлжаллаган ҳолда сотиб оладилар. Қимматбаҳо бойликлар тоифасига ишлаб чиқариш заҳираси ҳисобланмайдиган, юқори баҳога эга бўлган қимматбаҳо металл ва тошлар, тилла буюмлар, антиквар буюмлар, санъат асарлари ва коллекциялари киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |