Ишлаб чиқарилмаган номолиявий активлар ишлаб чиқариш натижаси ҳисобланмайди ва улар моддий ҳамда номоддий гуруҳларга бўлинади.
Ишлаб чиқарилмаган моддий активлар ер, ер ости бойликлари, биологик ва сув ресурсларидир. Табиий бойликларни баҳолашда улардан фойдаланиш учун ва ҳолатини яхшилаш учун кетган ҳаражатлар ҳам уларнинг қийматига қўшилиши керак. Ернинг тупроқ таркиби ҳолатини яхшилаш учун йўналтирилган харажатлар ҳам ернинг баҳосига киритилади.
Иқтисодий самара берувчи ва ишлатиш учун яроқли бўлган қазилма бойликларининг аниқланган захиралари, шунингдек, ишлаб чиқарилмаган моддий активлар тоифасига киради.
Ўстирилмайдиган биологик ресурслар таркибига ҳосилдор ўсимликлар, чорва каби хўжалик субъектлари томонидан ҳисобга олинмайдиган, бироқ иқтисодий фаолият учун фойдаланадиган (ўрмонлар, балиқ каби махсус етиштирилмаган) бойликлар киритилади. Ўстирилмайдиган биологик ресурслар миллий бойликнинг фойдаланиш ҳуқуқи берилган субъект қисмида акс этади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Статистика комиссиясининг тавсиясига биноан ер усти сувлари ер бойлиги таркибига киради, сув ресурсларига эса фақат ер ости сувлари киритилиши мумкин.
Ишлаб чиқарилмаган номоддий активлар ишлаб чиқаришдан ташқари жараёнда вужудга келади ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи мос равишда юридик ёки ҳисоб ҳаракатлари орқали амалга оширилади. Улар жумласига фойдаланувчига фаолиятнинг маълум тури бўйича шуғулланишга рухсат берувчи ва бошқа субъектлар учун мазкур фаолиятни таъқиқловчи ҳужжатлар киради. Активларнинг юқорида кўрсатилган гуруҳи патентлар, муаллифлик ҳуқуқи, ижара шартномлари ва бошқа шартномаларни ўз ичига олади.
Молиявий активларнинг характерли томони шунда намоён бўлади-ки, уларнинг кўп қисми молиявий мажбуриятларга тескари таъсир этади. Молиявий мажбурият бир ташкилот иккинчи ташкилотга молиявий ресурсларини тақдим этганда содир бўлади. Бу ҳолатда кредитор маблағлари унинг молиявий активи ҳисобланади, чунки қарздор ташкилот унинг маблағларидан фойдаланганлиги учун тўлов тўлайди. Қарздор ташкилот учун олинган молиявий маблағлар мажбуриятдир.
Монетар олтин – бу мамлакатнинг пул-кредит сиёсатини амалга оширувчи бошқарув ташкилотларида молиявий актив сифатида сақланадиган олтин ҳисобланади. Қолган барча корхоналар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар қўлларидаги олтин ва олтин буюмлари миллий ҳисоблар тизимида товар ёки айланма маблағлар захираси сифатида акс этади.
Нақд пуллар молиявий актив сифатида ўзининг таркибига муомалада мавжуд бўлган шу мамлакатнинг ёки бошқа мамлакатнинг барча пул бирликларини олади. Шу билан бирга мамлакатдаги муомалада бўлмаган юбилей ва коллекция тариқасида сақланаётган тангалар молиявий активнинг нақд пуллар таркибига кирмайди.
Депозитлар ҳам нақд пул сингари тўлов воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Шу боис улар М2-пул агрегати орқали кенг маънодаги пул массаси таркибига киради. Депозитларни ҳисоб рақамларидан жамғармада мавжуд маблағ доирасида нақд пул шаклида олиб, ишлаб чиқаришда ишлатиш ҳам мумкин ёки ҳисоб чеклари орқали фойдаланиш мумкин.