www.ziyouz.com кутубхонаси
36
Менинг кўнглим вайрон бўлиб юрганини нега сезмайсиз, онажон!».
Бундан беш йил олдин Саттор «уйланмайман», деб кўп саркашлик қилган, «аввал ўқишимни
битирай, ишга кирай, кейин бир гап бўлар», деб тўйга розилик бермаган эди. Аммо касалманд
отаси: «Кўзим очиғида сени уйлантирмасам бўлмайди!» деб туриб олган, онаси ҳам: «Ойшахон
ҳозир бўйи етиб турибди, сен ўқишни битириб келгунча ота-онаси қараб ўтирмайди, бошқа
бировга бериб юборади!» деб тўйни тезлатган эди. «Оқибати нима бўлди? — деди Саттор
ҳаёлан онасига мурожаат қилиб.
— Ҳатто шу ипак қуртига ҳам суймаган баргини зўрлаб едирсангиз пилла ўрамас экан. Ахир
мен одамман-ку! Сизнинг ўғлингизман-ку! Мен қандоқ қилай?».
Серсоя айвонда Саттор Ойшахоннинг ёнига ўтириб мастава ичар экан, хотинининг юзига
қарай олмас, бирор жойи унга тегиб кетишидан чўчир, ўзини мажбур қилиб, одоб юзасидан
узуқ-юлуқ гаплашар эди. Шунинг устига Ойшахон ўзининг косасидан чиққан бир парча гўштни
Сатторнинг косасига солди:
— Мен тўйиб қолдим, олинг, Сатторжон ака.
Саттор қошиғини кўтарганича Ойшахонга ҳайратлниб қаради, сўнг кутилмаганда жаҳли чиқди:
— Фаросат борми, ўзи?! Ол, энди буни ҳам ўзинг ич!
Саттор маставасини хотинига томон суриб қўйди. Ойшахон билмасдан гуноҳ қилиб қўйган
боладай бир кизарди, бир бўзарди, сўнг кўзлари ёшланиб, қайнанасига қаради.
— Шаҳарда юриб мунча нозик бўлиб кетибсан! — деб Хосият хола ўғлини жеркиди. — Бир
ёстиққа бош қўйганингдан кейин, бир косадан овқат есанг нима бўлибди?
— Дунёда одоб деган гап бор, маданият деган гап бор! — Саттор ҳеч кимга қарамай бўғилиб
гапирар эди:
— Бу ҳам ўрта мактабда ўқиган-ку, ахир, саккизинчини битирган, наҳотки фаҳми етмаса?
— Хўп, кечирасиз, — деди Ойшахон секин ва Сатторнинг овқатини олиб дастурхон четига
қўйди. Сўнг ўчоқ бошига борди, бошқа косага мастава сузиб келиб, эрининг олдига қйди. —
Олинг, ош бўлсин!
Саттор арзимаган нарсадан шунчалик аччиқлангани учун энди изза бўлди.
— Гап овқатда эмас, умуман... — деб ўзини оқлашга уринди, аммо давомини айтолмади.
— Беш-ўн кун турадиган бўлиб келдингми? — деди Хосият хола гапни янгилаш учун.
Сатторнинг ҳозироқ кетгиси келар эди. Аммо тўрт кунга жавоб олганини эслаб:
— Уч кундан кейин кетаман. — деди.
— Яна «Кетаман!» дейсан. «Келаман!» деган гапингни отанг раҳматлик кута-кута, ахири,
ўлиб кетди. Менинг ҳам неча кунлик умрим қолган, Худо билади. Оёқ-қўлинг боғлоғлик бўлса
тезроқ кайтарсан деб, мана, Ойшахонга уйлантириб қўйдик. Пешанамдан айланай, келинга
ёлчидим. Келиним тилла чиқди. Лекин сен мени куйдиряпсан, болам! Кечалари ўйласам уйқум
қочиб кетади. Ахир, аскарлиқда эмассанки, жавоб ололмасанг! Нега келиб, отангдан қолган шу
ҳовлига эга бўлмайсан?
— Ўттан гал тушунтириб берувдим-ку, ая!
— Э, қўй-э! Сен ўша Тошкентга ёмон ўргангансан. Энди ернинг тагидан ер қазиб, ғордан
алламбало поезд юргизмоқчи эмишсизлар. Ўзи зилзиладан кейин ер ҳилвираб турган бўлса,
сени ҳам босиб қолмасин тағин?
— Мен ғорда ишлармишманми? Ким айтди шуни сизга?
— Мана, Ойшанг у куни шундай деб тушунтирди.
Сатторнинг «метро қурамиз» деб юрганини Ойшахон ҳам эшитган эди. У метрони умрида
кўрмаган, фақат мактабда бир оз таърифини эшитган эди. Ер тагида юрадиган поездларни
ўйласа, кўз олдига каттакон ғор келар эди.
— Ерни ковлайверсалар ер бўлмайдими? — деди у Сатторга уялиб кўз ташларкан.
Саттор заҳарханда қилиб:
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |