www.ziyouz.com кутубхонаси
34
кийинди-да, ҳовлига чикди. Кўрган тушининг даҳшати кўз олдидан нари кетмас эди. Назарида,
Розияга бир гап бўлган ёки бўлади. Қулаган деворнинг деразасидан Ойшахон ҳам кўринган эди-
ку?
Сатторни олдинда ёмон бир фалокат кутаётгандай кўнгли безовта. У ўзини гуноҳкор сезади.
Вужуди бўшашган, таъби кир. Ҳали Ойшахон уйғонса у билан қандай юз кўришишини, қандай
гаплашишини билмайди.
Тонг бўзарганда Саттор кўчага чиқиб кетди.
10
Қишлоқ ёзда эрта уйғонади. Ҳали уфқ сарғаймасдан мўриларда тутун пайдо бўлади.
Ҳовлилардан сигир соғаётган аёлларнинг товуши келади, далаларда туни билан ғўза суғорган
деҳқонларнинг шарпаси кўринади, кўчалардан машина ва аравалар чанг кўтариб ўтади.
Саттор тонг саҳардан беда ташишга чиққан Йўлдошнинг автокачкасига миниб, бедазорга
борди. Сўнг автокачкага том бўйи қилиб ортилган юмшоқ йўнғичқа устида ёнбошлаб ётиб
қишлоққа қайтди.
Тагидаги йўнғичқанинг ёқимли ҳиди Сатторга уйланмасдан олдинги беғам, беташвиш
ўсмирлик йилларини эслатар эди. Тепадан унга таниш кўчалар, таниш уйлар, далалар бир-бир
кўриниб ўтарди. Ҳў нариги катта йўл асфальт бўлибди, атрофига бир катор янги уйлар
тушибди. Болаликда Йўлдош иккови мол боқиб юрган қўриқларга ҳам пахта экилибди. Олдинда
сарғиш рашта бўялган мактаб биноси кўринди. Саттор маъсум ўқувчилик йилларини эслаб,
бунинг энди ҳеч қачон қайтмаслигини ўйлади-ю, юраги эзилди. Кўнглида яна бугун ёмон туш
кўриб уйғонгандаги хиралик ва ғашлик пайдо бўлди.
Бир пайт Йўлдош тизгинни икки қўллаб тортиб, автокачкани тўхтатди-да, Сатторга
ўгирилди:
— Раис турибди. Тушиб кўришмайсанми?
Саттор қаддини кўтариб пастга қаради. Ариқ бўйида ер ковлайдиган ва тупроқ сурадиган
қизил трактор ёнида яшил газик кўринди. Нарирокда сариқ шоҳи китель ва қўнғир брезент этик
кийган раис бир-иккита одамлар билан гаплашиб турибди. Ўттиз беш ёшлардаги бу миқти
йигит Ойшахоннинг тоғаси. Саттор қишлоққа ҳар келганда уни махсус бориб кўрар эди. Бу гал
уни шу ерда кўриб ўтгиси келди-ю, автокачкадан тушиб қолди.
— Э, Саттормисан? — деб раис у билан илиқ сўрашди: — Сен ҳам беда ташиб юрибсанми?
Қачон келдинг?
— Кеча. Ҳормангизлар энди!
— Ҳа, мана водопроводни ариқнинг тагидан қандай олиб ўтишнинг маслаҳатини қиляпмиз.
Ишимиз кимёлашиб, дори кўпайиб кетди. Қишлоқчилик, ариқлар ҳаммаси очиқ. Одамлар сувни
водопроводдан ичмаса бўлмай қолди.
— Э, жуда тўғри!
Саттор қишлоққа ўтган гал келганида водопровод лойиҳасининг у ёқ-бу ёқларини кўриб,
баъзи нозикроқ жойларига аниқлик киритиб берган эди. Қурувчиларнинг бригадири унга шуни
эслатди:
— Қувурни мана бу ариқдан ҳам ўша сиз чизиб берган схема билан олиб ўтмоқчимиз.
— Тўғри келяптими ахир?
— Схема яхши, лекин материал етишмаяпти.
— Бери кел, — деб раис Сатторни билагидан олиб четроққа чиқарди: — бу бригадир
бўшроқ чиқиб қолди. Ҳали қувур тополмайди. Ҳали жўмрак йўқ, ҳали у, ҳали бу. Майда-
чуйдалар жонга тегди. Сал ёрдам берсанг-чи!
— Мен ҳам шу... топоғонлиқда йўқроқман.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |