www.ziyouz.com кутубхонаси
44
турадиган учи найзадор биноларни узоқдан кўрган эдилар-у, аммо ҳали ичига кирмаган эдилар.
Максимич шу кўкўпар бинолардан бирида, ўн саккизинчи қаватда турар эди. Қасрни эслатувчи
кенг вестибюль ва зиналардан ўтиб, тез юрар лифт билан ўн саккизинчи қаватта чиққанларида
Сатторни бинонинг салобати боса бошлади.
— Максимич мени дуруст эслолмаса керак. Ноқулай бўладими дейман-да, Розия?
— Нега эслолмас экан? Телефонда ўзи таклиф қилди-ку!
Айтилган эшикни қидириб топганларида Саттор қўлида кўтариб келаёттан тўрни ичидаги
олтин ранг қовуни билан Розияга тутқазди. Саттор тортинган сари Розия дадилланар эди. У
олдинга ўтиб, ҳашаматли эшик теп-сидаги кўнғироқ тугмасини босди.
Эшик очилганда Саттор Розиядан бир-икки қадам кетинда турар эди. Сочини
ўсмирларникига ўхшатиб калта қирқтирган нозиккина жувон уларни ичкарига бо-лаб кирди.
Квартира деворларига қимматбаҳо ёғочдан панеллар қилинган. Рангсиз лак билан бўялган
паркет пол ойнадай ялтиллайди. Жувон тўғридаги ойнадан эшикка қараб:
— Ларя, чиқ, келишди! — деди.
Кейин ўша хонадан серюнг қўнғир свитер кийган новча Максимич чиқиб келди:
— А-а-а? Розия!.. Тошкентлик дўстлар! Жуда соз!
У меҳмонлар билан кўришар экан, Сатторнинг и-мини эслаёлмай:
— Хуш кўрдик, коллега! — деди. — Танишинглар, менинг рафиқам Елена Львовна.
Уларга эшик очган хушбичим жувон Розияга қўл бераётиб, ўзини:
— Лена, — деб атади. У энди ўттизга кирган, эридан ўн етти ёш кичик эди.
Максимич Сатторларни ичкарига бошлади. Ҳамма ёқ озода ва саришталик. Ён томондаги
хонанинг кия очиқ эшигидан полга тўшалган чиройли гиламнинг бир чети кўринди. Меҳмонлар
туфлиларини ечмоқчи бўлишган эди, уй эгалари қўйишмади. Шу пайт ён томондаги хонадан
қизил този ит чопиб чиқди: бели ингичка, оёклари узун, бўйнида тасмаси бор. Розия чўчиб
ўзини Сатторнинг панасига олди.
Саттор кулиб шивирлади:
— Қўрқманг, този одамга тегмайди.
— Эльза, бор жойингда ёт! — буюрди Максимич. Този кўзини мўлтиратиб орқага қайтди ва
гилам тўшалган хонага кириб кетди.
Шундай квартирада този ит юрганидан меҳмонлар таажжубланганини сезиб, Максимич
мийиғида кулди-ю:
— Ҳайрон бўлманглар, мен овни яхши кўраман, — деди. — Асли ўзим ўрмонзорлар орасида
ўсганман. Бу тозини табиатнинг тирик бир заррачаси деб ўн саккизинчи қаватда ҳам асраб
юрибман. Табиатни, умуман, табиий гўзалликни мен Худо ўрнида кўраман.
Максимич Розияга томон ўгирилиб, унинг юзига завқли бир назар ташлаб олди. Боя Розия
телефон қилганда Максимич бу қизнинг ажиб бир табиий чиройи борлигини зслаган, уни яна
кўргиси ва севган йигити билан бирга хотинига ҳам кўрсатгиси келган эди. Бир чеккаси шунинг
учун Максимич уларни уйига таклиф қилган эди.
— Хиёл озибсиз, Розия, — деди Максимич. Розия Сатторга юзланиб майин жилмайди:
— Мен боя Сатторга «озибсиз» деган эдим. Ўзим ҳам озибманми?
— Аммо озғинлик икковларингизга ҳам ярашар экан. Тўғрими, Лена?
Ҳижрон азобларидан кейинги учрашув бугун Розиянинг чиройини шундай очиб юборган
эдики, унинг бутун борлиғидан қизлик жозибаси ёғилиб турганга ўхшарди. Сатторнинг юзида
ҳам севимли йигитларда бўладиган мардона бир латофат барқ уриб турибди. Улар бу уйга
ўзлари билан бирга фақат севишганлардагина бўладиган сеҳрли бир гўзаллик ва назокат олиб
киргандай бўлишди. Максимич ғалати бир очиқлик билан:
— Лена, буларга бир қара! — деди. — Табиат икковини фақат бир-бири учун яратганга
ўхшайди-я! Бир-бировига шу қадар муносиб тушганлари ажойиб! Одамнинг ҳаваси келади-я!
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |