www.ziyouz.com кутубхонаси
40
— Лекин мен сени биламан, Розия! Кейин бадтар бўлади, яна ўзинг қийналасан! Ундан кўра,
юр!
Розия бир-икки қадам қўйди-ю, яна тўхтади. Ўзига-ўзи гапиргандай пичирлаб:
— У ҳам одам-ку, — деди.
— Бу бежиз эмас...
— Нима-нима?
Розиянинг ҳаёли паришон, гаплари ҳам пойма-пой. У холасининг сўзларини яхши уқмас,
ҳозир фақат бир нарсани — Саттор билан кўришмасдан кетолмаслигини аниқ сезарди, холос.
— Бу ўзи яхши йигит бўлса, сени энди тинч қўйиши керак эди! — деди Сорахон қаҳр билан.
— Ҳозир келсин, мен уни бир боплай!
Розия холасининг билагини маҳкам қисиб, озорланган товуш билан:
— Йўқ, йўқ! — деди. — Унда нима айб? Сиз аралашманг, итлимос қиламан!
Ниҳоят, эскалатор зиналари билан бирга оқиб тушаётган одамлар орасида Саттор кўринди.
У ўсмир боладай югуриб-елиб келмоқда эди. Юзида, кўзларида, қадам олишида шундай бир
ғайрат ва қувонч бор эди-ки, Розия уни кўрган заҳоти завқи келди. Ҳозиргина Розияни
бўшаштириб турган дармонсизлик қаёққадир йўқолди. Бутун вужудига илиқ бир куч
қуюлгандай бўлди. У холасининг қўлини қўйиб юбориб, Сатторга томон уч-тўрт қадам юрди.
Ўзини кутилмаган даражада бардам ва қувноқ тутиб, Саттор билан кўришди, сўрашди.
— Танишиб қўйинг, менинг холам Сора Акрамхўжаева, — деб Сатторга атлас кўйлакли
аёлни кўрсатди.
Бир четда Сатторга зимдан тикилиб турган Сорахон бу йигитнинг истараси ҳақиқатан ҳам
иссиқ эканини, унга ёмон муомала қилолмаслигини сезди-да, сиполик билан саломлашди.
Саттор ийманиб унинг юзига майин кўз ташлади:
— Кечирасиз, мен сизларни йўлдан қолдирдим.
— Зарари йўқ...
— Москваларда юрибсиз? — жилмайиб сўради Розия Саттордан.
Гўё орада ўша мушкул гаплар ва видолашувлар бўлмаган, гўё ҳамма нарса аслига қайтган-у,
энди фақат учрашув шодлигига ўрин бор! Саттор бунинг бир сабабчиси мана шу атлас кўйлакли
аёл эканини пайқади. Розия холасининг олдида ўзини мумкин қадар босиқ ва сипо
тутаётганини, Сатторни ҳам шунга ундаётганини сезди. Шу билан икковининг орасига алоҳида
бир сирдошлик, иттифоқдошлик ипи тортилаётгандай бўлди. Саттор ҳозир гапни иш мавзуига
буриши кераклигини фаҳмлаб:
— Командировкага келган эдим, — деди.
Саттор билан Розия учун нима ҳакда гаплашишнинг аҳамияти йўқ. Уларнинг жўн, анчайин
гаплари ҳам дийдор кўришиш шодлигига чулғаниб, хароратга тўлиб чиқади. Кўзлар кўзлардан
илҳом олади, бирининг овози иккинчисига завқ беради, бирининг табассуми иккинчисининг
қалбига нур сочади. Бири бирини йўқотган, бир-биридан умидини узган, бир-бирининг
дийдорига ташна бўлган бу иккови ҳозир четдан қараган ҳар қандай одамнинг ҳаваси
келтирадиган даражада бахтиёр эдилар.
Сорахон уларга нима дейишини билмай лол бўлиб қараб турарди. У бир ойдан бери Розияни
қутқариш ҳаракатида юрган эди. Розиянинг оилали йигитни севиб қолгани Сорахоннинг
назарида жуда ёмон бир фалокат. Чунки Сорахоннинг ўзи шунга ўхшаш бир ҳодисанинг
жабрини тортган.
Сора Акрамхўжаева асли хўжалар авлодидан эди. Ота-она «хўжалардан куёв чиқса
узатамиз» деб уни анча йил эрга бермадилар. Сорахон ўқиши битгунча бунга чандон эътибор
қилмади-ю, аммо ёши йигирма олтига кирганда умрбод кари қиз бўлиб қолишдан таҳликага
туша бошлади. Шунда ота-оналари уни хўжа авлодли бир йигитга узатадиган бўлдилар. Йигит
ҳам йигирма олти ёшда эди, улар бир-бирларини яхши билмас эдилар, шундай бўлса ҳам
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |