www.ziyouz.com кутубхонаси
48
уйларингизга борганда, йўлнинг бир қисмини Тошкент метросининг поездида босиб ўтайлик.
— Яшанг! — завқланиб деди Розия.
— Бўлмаса яна битта олловерди, — деди Сатторнинг илҳоми келиб: — Бизнинг Тошкент
иссиқ жой: Максимич билан Елена Львовна бўлажак метродан чиққанларидан кейин то
манзилга етгунларича толиқиб қолишлари мумкин, шунинг учун икковлари бугун биз айтган
чинорлар билан эманларнинг соясида бирпас салқинланиб ўтсинлар! Ўшангача бу дарахтлар
омон турсин!
Максимич яна боягидай таъсирланиб:
— Қўлни беринг! — деди. Саттор кафтини тутган эди, Максимич қўлининг учи билан
енгилгина уриб қўйди. — Биз бу тилакларни рўёбга чиқармагунча қўймай-миз!
Розия бунақа меҳмондорчиликда Саттор билан биринчи ўтириши эди. Саттор Максимичга
чиндан ҳам ёқиб қолаётгани Розиянинг кўнглини ўстирар, қалбидаги меҳрга меҳр қўшар эди.
«Қизиқ! — деб Розия ўзича ўйлади. — Агар Максимич Сатторнинг оиласи борлигини билса
нима деркин? Боягидай пинагини бузмай, «бунинг аҳамияти йўқ» дейиши ҳам мумкин».
Розиянинг ўзига ҳозир бунинг аҳамияти илгаригидай катта кўринмас эди. Ичимлик уни
беғам ва ботир қилиб қўйдими ёки бу даврада кўнгли ўсиб, ўзига ишончи ошдими, ҳар қалай,
Саттор икковининг олдида турган ишкаллик энди ечиш мумкин бўлган бир тугунга ўхшаб
кўрина бошлади. Қачондир бир вақт Саттор билан Розиянинг тақдирлари қўшилишига унинг
ишонгиси келарди. Бу йўлда учрайдиган ҳамма довонларни ошиб ўтишга етадиган бир куч
ҳозир қалбида мавжланиб турганга ўхшарди.
Бир вақт улар мезбонлар билан хўшлашиб чиқиб, лифтга кирдилар. Лифтда бошкд ҳеч ким
йўқ эди. Саттор эшикни ёпаётиб, завқли товуш билан:
— Қойилмисиз? — деди.
— Мезбонларгами? — сўради Розия. — Қойилман. Сизга ҳам!
Саттор лифтнинг пастга олиб тушадиган тугмасини босмоқчи эди. Тугмани босмасдан
Розияга ўгирилди:
— Менга қойилсиз?
— Ҳа, бугун жуда илҳомингиз келди!
Розия бў сўзларни Сатторга меҳри товланиб, кўзлари порлаб айтди. Саттор буни сезди-ю,
лифтни ҳам унутиб Розияга яқинлашди. Бошқа вақтда унга айтолмайдиган, айтишга тили
бормайдиган сўзлари юрагига қуйилиб келди.
— Розия, мен сиз билан бирга бўлсам, жаҳонда ҳеч бир одамдан қолишмайман, деб
ўйлайман. Ўзимни шундай қудратли сезаманки, бахт деган нарсанинг бир нишонаси шу бўлса
керак. Сизда мени юксакларга ундайдиган бир куч бор. Мен фақат сиз билан бирга чинакам
олижаноб одам бўла олишимни айрилиқ кунларда сездим!
Розия лифтнинг тўхтаб турганини сезиб, тугмасини босди. Лифт майин силкиниб пастга
тушаётганида Розиянинг товуши олиниб:
— Саттор, буни мен ҳам сезаман, — деди. — Лекин...
— Шошманг! Бугун биз Москва метросида юрдик. Тўғрими? Йигирманчи асрнинг
мўъжизаларидан бири шу. Жаҳон савиясида фикрлашни талаб қиладиган иш. Биз шу ишга
иштирок қилаётганимиздан фахрлансак арзийди. Лекин сиз ҳалигидай «алвидо» деб
кетганингиздан кейин мен бу ишни ҳам ташлаб кетмоқчи бўлдим. Энди эсласам ҳайрон
бўламан. Бирдан ўн йил орқага кетиб қолган эканманми дейман. Хайрият, бошлиғимиз жавоб
бермади. Бўлмаса бугун кўришармидик, йўқми...
Кутилмаганда Розия қўлларини Сатторнинг кўкрагига қўйди. Табиат уларни бир-бирлари
учун яратганига ҳозир Розиянинг ишонгиси келар эди.
— Майли, энди ихтиёр сизда, — деди у эҳтиросдан бўшашган товуш билан. — Мен сизга
ишонаман, Саттор. Сиз учун ҳамма қийноқларга тайёрман!..
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |