www.ziyouz.com кутубхонаси
49
... Лифт аллақачон пастга тушиб тўхтаган эди. Кимдир эшикни очди. Саттор Розияни
қўлидан олиб ташқарига бошлади.
13
Августнинг охирлари эди. Теримга тушишдан олдин уч-тўрт кун бўш вақт берилган.
Ойшахон айвоннинг соя томонида иш тикиб ўтирар, пастдаги гулзорда ўғилчаси Мухтор
капалак қувиб юрар эди.
Шу пайт дарвозадан Саттор кириб келди. У ўтган гал келганида қовоғини очмагани ва
охирида хафалашиб кетгани учун Ойшахон эрини, яна уч-тўрт ойсиз келмайди, деб юрар эди.
Энди Сатторнинг алланечук мулойим бўлиб ҳовлига кириб келганини кўрди-ю, қувониб
айвондан яланг оёқ чопиб тушди:
— Вой, Сатторжон ака, қандай шамол учирди! — деб эрини елкасидан олиб кўришди,
дарров қўлидан чамадонини олди. — Мухтор, чоп, даданг билан кўриш!
Лабларида яқинда еган қовунининг шираси қолган лўппи юзли болача бир қўли билан
ойисининг этагидан тутган ҳолда иккинчи қўлчасини дадасига кўришиш учун узатди. Кўзлари
ялтиллаб, эшитилар-эшитилмас товуш билан:
— Ассаём! — деб шивирлади. Саттор унинг қўлчасини кафтига олиб секин силкитар экан,
юраги «жиз» этди. Москвадан кўнглига тугиб келган ниятини амалга ошириши энди аввалгадан
қийинроқ туюлди. У атрофга аланглаб:
— Аям кўринмайдими? — деди.
— Аям районга кетганлар. Топширган пиллаларига газвор берармиш. Кечқурун келадилар.
— Ҳамма соғми ахир?
— Ҳа, шукур, эсон-омон юрибмиз.
Саттор онаси уйда йўқлигидан ўзича мамнун бўлиб қўйди. У аввал Ойшахон билан яккама-
якка гаплашмоқчи эди. Чамадонини очиб, Мухторга олиб келган ўйинчоқ машиналарни олиб
берди:
— Бор, ана у сояда ўйна, — деб сўрини кўрсатди. Ойшахонга қараб: — Ичкарига кирамиз,
гап бор, — деди.
Саттор бугун жуда бошқача. Унинг мулойим гапириши Ойшахонга аввал ёқди, кейин эса
меҳмонга келган бегона йигитнинг сиполигидай совуқ туюлди. Ойшахон чой дамлаб кирмоқчи
эди, Саттор:
— Чой керак эмас, — деб уйга кириб диванга ўтирди. — Қани, сен ҳам ўтир.
Ойшахон ёмон бир кўнгилсизликни олдиндан сезаётгандай юраги увушиб, атлас рўйжо
ёпилган сим каравотнинг бир четига омонатгина ўтирди.
— Ойша, мен сен билан бугун очиқчасига гаплашмоқчиман.
— Нимани?
— Икковимизнинг турмушимиз нотўғри қурилганини. Биласанми, девор қийшиқ урилса,
бир кун эмас, бир кун қулайди.
Ойшахон каравотдан йиқилиб кетаётгандай бўлиб, яллтироқ никель дастани маҳкам
чангаллади.
— Бу нима деганингиз?!
— Биз эскича турмуш қурганмиз, тўғрими? Ота-онанинг измига бўйсунганмиз. Бир-
биримизнинг кўнглимиз билан ҳисоблашмаганмиз. Мана энди бунинг жабрини тортиб
юрибмиз.
— Мен сиздан жабр кўрганим йўқ. Бирда-яримда қийналган бўлсам, ҳаммасига чидаб
юрибман. Ё мени биров сизга ёмонлаб бордими? Бировларнинг гапига ишонманг, Сатторжон
ака! Мана, тепамизда Худо турипти! Мен ўлгунимча сизга содиқман!
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |