www.ziyouz.com кутубхонаси
39
тушиб кета бошлади. Сатторнинг оёғи тагидаги зинапоялар эса тинмай юқорига ўрмалаяпти.
Саттор бу зинапояларни дарҳол тўхтатгиси келиб, резинка тутқични икки қўллаб
чангаллаганича Розия томон талпинди.
Розия салом бергандай килиб қўлини кўтарди. Саттор аллакимга суйкалиб, кимнидир
итариб, бир-икки кадам оркага чекинди. Аммо қудратли зиналар уни Розиядан тобора узоққа
олиб кетмоқда эди. У ҳамма нарсани унутиб, баланд овоз билан:
— Розия! — деб қичқирди. — Мен сизни қидириб юрган эдим... Розия!.. Мен ҳозир тушиб
бораман!
Ҳамма унга ўгирилиб қарар, аммо Саттор Розиядан бошқа ҳеч кимни кўрмас эди. У
кўлларини ҳаракатлантириб юқоридан айланиб тушмоқчи эканига ишора қилди. Кўзлари
жавдираб узоқлашиб кетаётган Розия яна қўлини кўтариб, бир-икки силкитди. Бу унинг:
«Тушундим!» деганими ёки хайрлашганими, Саттор билолмай қолди. Розия кутмай кетиб
қолиши ҳам мумкин эди. Саттор унинг шу томонларда юрганини ҳамкасбларидан сўроклаб
билган эди. Неча кундан бери қидириб юриб, Розияни энди топган пайтида наҳотки бирпасгина
қараб турмай кетиб қолса?
Зинанинг юриши Сатторга ҳаддан ортиқ секин туюлди. У одамлар қаторини ёриб ўтиб,
шоша-пиша зинадан зинага кўтарила бошлади. Юқорига чиққан заҳоти «лип» этиб пастга
туширадиган эскалаторга чопиб ўтди. Яна зинадан зинага сакраб, одамларнинг ранжишларига
ҳам карамай пастга томон отилди.
Бу орада Розия ёнидаги аёл билан эскалатордан тушди-ю, сал нарига бориб тўхтади. У
Сатторни кўриб алланечук гарангсиб қолган, оёқ-қўллари бўшашиб, атлас кўйлакли хотиннинг
билагидан ушлаганича унга суяниб турар эди. Розиянинг холаси булган бу аёл ҳайратга тушиб:
— Сенга нима бўлди, Розия? — деди. — Мунча титрайсан?
Розияни кичиклигидан суйиб ўстирган холаси Сорахон унинг ҳамма сирларидан хабардор
эди. Ҳозир эскалаторда учраган йигитнинг кимлигини пайқаб:
— Ўшами? — деди.
Розия унинг саволларига жавоб бермас, қулоғига гап кирмаётганга ўхшарди. У юқоридан
одам олиб тушаётган эскалаторга олазарак бўлиб қараб турарди. Розия Саттор билан яна
учрашишдан қўрқарди, ундан ўзини олиб қочмоқчи бўлар эди. Аммо ўзига бўйсунмайдиган
ички бир куч уни Сатторга қараб тортар, бир лаҳзагина бўлса ҳам дийдор кўришишга ундар эди.
Сорахон Розиянинг эс-ҳуши ўзида эмаслигини сезиб:
— Розияжон, юр, кетайлик! — деди. — Ана, поезд келди. Юр тезроқ!
Сорахон Розияни перронга қараб тортди. Розия бир-икки қадам юрди-ю, яна тўхтади. Саттор
ҳозир уни деб юқоридан чопиб тушиб келаётганини кўз олдига келтирди. Буни сезиб туриб,
кетиб қолишга у ўзини мажбур қила олмас эди. Агар улар Тошкентда дуч келиб қолганларида,
эҳтимол, Розия Саттор билан узоқдан саломлашиб ўтиб кета олар эди. Аммо туғилган
юртларидан минглаб чақирим йирокда, Ўзбекистондан келган ҳар бир нотаниш одам ҳам
алланечук қадрдон кўринадиган бу жойда Саттордай азиз кишисини бир нафасгина кутмай
кетиб қолиш Розияга кечириб бўлмайдиган тошмеҳрлик бўлиб кўринди.
— Холажон... Бирпас туринг!..
— Туриб нима қиласан? Гапни бир жойга қўйган эдик. «Энди учрашмайман» деган эдинг,
Тошкентдан видолашиб чиқиб келган эдинг!
— Излаб юрган экан...
— Изласа излар!
— Бирон иши бордир...
— Иши бўлса ўзи эплайверсин. Бизга нима? Сорахоннинг гапларида Сатторга қарши
қаратилган нафрат бор эди. Розияга бу жуда ўринсиз туюлди:
— Сиз уни билмайсиз!..
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |