www.ziyouz.com кутубхонаси
37
— Дурустсан, — деди. — Ҳалигача менинг нима иш қилишимни билмайсанми?
— Биламан. Анақа... режа чизасиз.
— Ғордами?
— Йўқ, анақа... бултур борганимизда уч қаватли уйни кўрсатган эдингиз-ку. Ўша ерда
ишлайсиз-а? Режани чизиб бўлганингиздан кейин... анақа... ернинг та-гида ишлайдиганларга
ўзингиз олиб бориб... анақа... тушунтириб берасиз. Шундайми?
Ойшахон дарсда тутилиб-тутилиб жавоб бераёттан талабага ўхшар эди. Хосият хола
келинидан завқланиб кулиб қўйди. Саттор эса оғир «уҳ» тортди.
«Умр йўлдошим шу! — ўйланди у ички бир дард билан. — Менинг бутун ҳаётимга шерик,
бутун фаолиятимга ҳамкор бўладиган сирдош аёл, кўнглимни ипидан-игнасигача тушуниши
керак бўлган ҳамдард хотин шу!..»
Бирдан Сатторнинг эсига Розия тушди. Москвалик катта олимни Тошкент бўйлаб олиб
юрган, кейин анҳор соҳилида Сатторга шу қадар нафис, шу қадар теран гапларни айтган Розия...
— Нима бўлганда ҳам, энди шаҳар бас, шу ерга кел, — деди Хосият хола ўғлига. Саттор
индамас эди. — Ё бўлмаса бошқа бир йўлини топ! Токайгача саргардон бўлиб юрасан?
Хотининг билан ўғлинг бу ёқда интизор, сен у ёкда сарсон! Бўлди-да энди!
Хосият хола шу тарзда гапира-гапира қуртхонага кириб кетди. Ойшахон чой дамлаб келди.
Қўл ковуштириб келинчаклик одоби билан Сатторга чой узатди.
— Сиз ҳам... ёлғиз юриб жуда зериккан кўринасиз, Сатторжон ака. Иссиқ-совуғингиздан
хабар оладиган одам йўқ... Агар келолмайдиган бўлсангиз... Майли, биз Мухтор билан
борайлик...
— Аям-чи?
— Аям бу ҳовлини ташлаб кетолмасалар керак. Ёлғиз қолмасинлар десангиз, холамга
айтамиз, келиб бирга туради. Мен гаплашиб қўйганман.
— Астойдил-ку!.. Раис тоғанг билан ҳам гаплашганмисан? Сенга жавоб берармикан?
— Бермай нима! Эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша ерда бўлишини биладилар. Бир марта
ўзлари шундай деганларини эшитганман.
— Хўп, Тошкентда қаерда турмоқчисан?
— Яқинда уй беради, демадингизми!..
— Қачон айтибман?
— Бугун кечаси... — Ойшахон уялиб, айни вақтда боланинг ширин гапини эслагандай
завқланиб давом этди: — Эсингиздан чиқдими? «Сен пешанамга битилгансан» ҳам дедингиз.
Саттор кайф билан алжиб айтган гапларни Ойшахон бунчалик ёқтириб ва фахрланиб
эслаётгани унинг ғашини келтирди. Пиёладаги чойига макруҳ бир нарса тушгандай, Саттор уни
ҳовлига сепиб ташлади. Энсаси қотиб:
— Ҳали уй бергани йўқ, — деди. — Аввал берсин, кейин кўрармиз.
— Вой, кўрармиз деганингиз нимаси? Уй берса ҳам бир ўзингиз турмоқчимисиз? Бизсиз-а?
Сатторнинг назарида, Ойшахон ҳали берилмаган уйга олдиндан эга бўлмоқчидай, хотинлик
ҳақини даъво қилиб, эрининг келажагини ҳам қўлига олмоқчидай кўринди. Сатторнинг
кўнглидаги ғашлик яна бирдан жаҳлга айланди:
— Ҳали уй бергани йўқ дедим-ку! Берса кейин даъво қиласан!
Ойшахон эсанкираб, довдираб қолди:
— Ие... а... мен нима даъво қилибман? Нима бўлди сизга, Сатторжон ака? Тўғри гапга ҳам
аччиғингиз келади!
— Сен нимани тушунасан?! Пешонамга битилган эмиш... Қуриб кетсин бундай пешона!
Саттор ўрнидан туриб, ҳовлидан чиқиб кетди. Кечгача дарёда балиқ овлаб, қишлоқда
таниш-билишлар билан айланиб юрди.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |