www.ziyouz.com кутубхонаси
11
— Ҳа, Тошкентга оид ҳаракатларингиздан хабардормиз.
Саттор Розияга савол назари билан қаради. Шунда Розия Максимичнинг Тошкентга нима
иш билан келганини, ҳозир нима мақсадда шаҳар айланганларини гоҳ жиддий туриб, гоҳ кулиб
ҳикоя қила бошлади.
Бу орада такси сабрсизланиб бир-икки марта дудутлади.
— Машинага жавоб берайлик, биз билан бирга дам олинг, — деди Саттор Максимичга.
Аммо у ҳам, Розия ҳам, бу Анҳор бўйига фақат бир-бирларини деб келганликлари, икковининг
фақат бир-бирига аталган розлари борлиги шундоққина билиниб турарди.
— Жоним билан эди-ю, — деб, Максимич чап кўкрагини ушлаб қўйди: — Лекин юрак
санчяпти. Бугун кўп юрдим. Ёш ҳам анчага бориб қолган-да. Энди бориб ётиб дам олишим
керак. Розия, мен сиздан жуда миннатдорман. Мана, бизнинг адрес, агар Москвага йўлларингиз
тушса, марҳамат!
Максимич чўнтагидан бир томонига русча, иккинчи томонига инглизча ёзилган визит
карточкасини олди. У чет элларга ҳам бориб ишлаган, Москвада ҳам чет элликларни кўп қабул
қиладиган мутахассислардан эди. Визит карточкаси ажнабийларга мўлжаллаб бостирилган
бўлса-да, Максимич уни қулайлиги учун ўз одамларимиз орасида ҳам ишлатар эди. У
карточкасини Розияга узатмоқчи бўлганда бир нарсани сезиб қолди: Розия астойдил хурсанд
бўлиши учун буни йигитга бериши керак эди.
— Марҳамат, коллега, — деб Максимич карточкани Сатторга берди. — Икковларингиз учун
менинг эшигим ҳамиша очиқ.
Максимич хайрлашиб, таксига чиқди.
4
Оқшом ғира-ширасида Саттор билан Розия анҳор қирғоғи бўйлаб юқорига қараб ўтишди.
Ўнгдан сув салқини уфуриб турарди. Чапдаги стадиондан ўн минглаб томошабиннинг
афсонавий алплардай наъра тортиши, гоҳо яхлит бир овоз билан «у-ў-о-а-аҳ!» деб, оҳ уриши
эшитиларди.
Сув бўйида сайр қилиб юрган одамлар беҳисоб. Аммо Саттор билан Розия учун оламда гўё
икковидан бошка ҳеч ким йўқ. Кўзлари фақат бир-бирларини кўради. Қулоқларига фақат бир-
бирларининг гапигина киради. Розия таксида нотаниш одам билан бошлашиб келганда ҳийла
таажжубланган Саттор воқеанинг тафсилотларини эшитгач, гап нимадалигини фаҳмлади.
Розиядай қиз унга шу қадар меҳр қўйса, унинг ўзинигина эмас, яхши кўрган ишини ҳам
шунчалик севса, эъзозласа, бундан ортиқ нима бўлиши мумкин? Саттор Розиянинг елкасидан
қучиб, ҳиёл эгилди. Юзини Розиянинг юзига босиб, уни секин силкитиб қўйди.
— Дунёда қизларнинг яхшисидан яхшироқ зот бўлмас экан-да, мен буни энди биляпман,
Розия.
Розиянинг елкасидан қучган залворли қўл ҳам, унинг юзига тегинган эркакча юз ҳам худди
гулга ёки болага тегингандай эҳтиёткор эди. Сатторнинг қандайдир дард аралаш завқ билан
айтган сўзларида, ширали, йўғон овозида, соқоли яқинда олинган мармардай ёноғида Розия
мардона нафислик ва софлик сезди. Сатторни астойдил қувонтиролгани бунинг устига
қўшилиб, Розиянинг қалбидаги бахтиёрлик туйғусини жуда ошириб юборди. Бу туйғу ҳаддан
ташқари ширин эди. Розиянинг эътироз қилгиси келди.
— Қизларнинг яхшисидан яхшироқ зот йўқ дедингизми?
— Ҳа.
— Менимча бор.
— Ким?
— Буни тан олган йигитлар!
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |