www.ziyouz.com кутубхонаси
161
Мансур яна олға босганди, Шотўра уни қучиб ушлади.
— Ҳўв, ҳўв, эсингни йиғ, ука... Маст-паст эмасмисан? Йўқ, оғзингдан ҳиди келмаяпти.
Мансур энди Шотўрага тикилиб қолди-да, башарасига туфлаб юборди.
Шотўра бирдан тисланиб кетиб, қўлларини осилтирганча тек қолди. Сўнг чуқур ҳўрсинди-да:
— Ҳа, раҳмат, ука, — деди. Кейин бир чангал қор олиб, юзини ишқай бошлади.
Бир неча марта қон тупурган директор муовини:
— Кетамиз, бобой, — деди. — Йиғиштиринг буларни...
Мансур чайқалиб кетди, яъни, уни яна уриш, тўғрироғи, дабдала қилишдан, ўзини тийиб қолди-да,
хириллаб:
— Ҳей, мундай тур, — деди. — Шотўра ака, сиз ҳам келинг. Бир минут ўтиринг... Ҳўв, бобой, сиз
ҳам чўкинг. Тайсалламанг. Соқолингизни ушламанг. Шу соқолдан эчкидаям бор. Ўтиринглар деяпман.
Бир минут гапимга қулоқ солмасанглар, ака, унда нима десанг дейверинглар мени... Хўпми? — У бир он
ўйланиб, ҳали беихтиёр ташлаворган заранг таёғини қўлига олди. — Қани, марҳамат қилинглар!
Директор ўринбосари Шотўра муаллимга зимдан тикилиб турарди. Шотўра:
— Майли, — деди. — Чол, ўтиринг. Кабобни жойига қўйинг... Курра, сен ҳам ўтир.
Ҳар ким ўз жойига ўтирди. Мансур ҳам тошга чўкди-да, бошини эгиб қолди: у нима дейишни
билмас, аммо гаплари кўп, жуда кўп эканини билар, бунинг устига, хўрлиги келар ва энди йиғламоқдан
ўзини зўрға тутиб турарди.
— Ҳа, ука, бошла, — деди мусиқа муаллими.
— Ҳозир, — деди Мансур.
Чол томоқ қирди ва кабобни кафтида елпиган бўлди-да, ҳалиги какликнинг этини салмоқлаб:
— Семизгина экан, — деди. — Мен бари озиб-тўзиб қолган деб ўйлаган эдим. — Сўнг дам унга, дам
бунга қаради. Ҳеч кимдан садо чикмагач, давом этди: — Тоғда дон қолмаган-да, бориям қор остида...
Лекин бу семиз бўлгани учун анча ҳаракат қилди. Кучи бор экан-да, баччағар.
— Алжиманг! — деди директор муовини чолга ва ёнидан бир дона сигарет чиқариб, чалада тутатди.
— Эшитамиз, Мансур ака... Лекин эсдан чиқарманг: бу муштумзўрлигингиз, ҳақоратларингиз бежиз
кетмайди.
Мансур энди чўғни чангаллаб унга отадигандек пан-жаларини ёйиб, қўрга қўлини юборди-ю тортди.
«Оғир бўл, фойдаси йўқ», деди ичида, аммо бармоқлари титраб, тил калимага келмаганда унинг ишини
қилиб ўрганган қўли, о, ўзига эрк тиларди: зотан, қалби билан сезардики, бунга ҳаққи бор: ахир, у яна
таҳқирланди, камситилди, йўқ айби — туҳмат яна бўйнига тушди...
Ҳа, булар — одамлар, айниқса, мана бу «жиблажибон» — қуруқвойлар унутишмас экан.
Тағин унинг қўрқитишини кўринг... Ҳа-ҳа, шундан бошқа қуроли йўқ.
Ажабо, шу гапларнинг ғирт бемаънилик эканини, анчайин қўрқоқликни такаббурлик билан яшириш
ва шу тариқа ўзини оппоқ қилиб олиш эканини тушунар-а?
Тушунади-билади. Аммо бошқача йўл тута олмайди: ахир, муппта мушт билан жавоб бериш —
бунинг ақлига сиғмаса керак. Бунинг учун киши эркак бўлиши лозим: бу эса оддий бир сўтак, қуруқвой.
Мана бу мусиқа муаллими эса — маккор. Ва буям ўлгудек қўрқоқ.
Тавба, юзига тупурсанг-у, «раҳмат» деса... Бу билан ўзини маданиятли, вазмин, одобли киши қилиб
кўрсатади-да? Бўлмаган гап: буям ўзининг ночорлигини шу йўл билан хаспўшлади ва, афтидан,
охиригача ўзини шу тариқа тутмоқчи...
Бу чол — галварс, аммо тулкилик ҳам қўлидан келади. Бунда иймон-эътиқод деган нарсаларнинг
уруғи ҳам йўқ. Бироқ ўрганган беш-ўн калимаси борки, уларни ҳам тирикчилик жўнида ишлатади ва
лозим пайтда ўзига қалқон қилади...
Мансур эриниб тутаётган чалаларга жилмайиб тикилганча шу ўйларни дилидан ўтказаркан,
директор муовини энди анча ғолибона овозда:
— Эшитамиз, ака, — деди ва кичкина чўпни бармоқлари учида ушлаб, қўрни кавлаган бўлди-ю,
Шотўрага ҳам иш топилгандек, бирдан чалаларни бармоқлари билан бемалол туртиб-туртиб, бир-
бирига қалади ва:
— Қани, оқсоқол, бир дам беринг, — деди.
Қоровул чол шуни кутиб тургандек шарт энгашиб пуфламоқчи бўлганди, муовин:
— Ҳай-ҳай, — деди. — Чангиб кетади-ку? Ҳе-е, тегманг, шуниси яхши. Кабоб сингиб пишади...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |