www.ziyouz.com кутубхонаси
156
бошлади.
— Ҳе-ҳе, жонидан, — деб чайқалди Мансур. - Нима бўлди? Донингиз бор, сувингиз бор...
Соғиндингизми эгангизни? Ё уйга бегоналар келганини сезиб, безовта бўлдингизми?.. Кетишди. Ўзимиз
қолдик.
Сўнгра қафасни ҳалқасидан кўтариб ва чироқни ўчириб чиқди. Совуқ, совуқ. Лекин қор тинипти.
Аммо кечаси аёз бўлса, о, чарсиллайди.
Мансур тўғри меҳмонхонага кириб, қафасни печка ёнига қўйди.
— Сал исиниб олсин, жонивор.
Кўрпачаларни қайта тўшаётган хотини:
— Чанг қилади-да, — деди.
— Устини ёпиб қўямиз. — Мансур ёпинчиқ омборда қолганини эслаб, печка биқинидаги ёлғиз эчки
терисига — пўстакка ўтирди. Қўлларини иссиққа тутаркан, бирдан ирғиб туриб кетди.
У қўра чироғини ёқиб, қўй-эчкиларини санагудек— кўздан кечирди, охур ичларини пайпаслаб,
вақтлироқ туғишини мўлжаллаган икки совлиғининг қорнини-елинини ушлаб кўрди, сўнг уларни
қандайдир доялик меҳри билан силаб-сийпаб ва эркалаб, сигири қошига борди.
Ниҳоят, эшикни тамбалаб, суяк ғажиб ётган итига бир нималарни тайинлаган бўлиб ҳамда атай
йўталиб — томоқ қириб, уйга кирганида хотини ўрин солиб бўлган, Полвонни ҳам ётқизиб, кифтига
аста-аста урганча ғунғилар эди:
— Алла-ё, ал-ла.
— Ҳа-а, яхши, — дея яна пўстак томонга ўтди Мансур. — Лекин, кампир, шу уйни тузаб қўйиш
керак. Меҳмонхона-ку бу... Ўзимизга кичкина уй ҳам бўлаверади.
— У уй зах, — деди хотини. — Алла-ё, алла... Бир-иккита бўйра бўлганда кигизни остидан тўшар
эдик.
— Сен чий тўқишни биласан-а? Эй, кампир, как-ликка қара. Кўзини юмибгина қолипти. Ана, очди...
Ҳе, Қаламқош... Шуям туш кўрса керак-а?
— Печкага чалмидан соб қўйинг. Алла-йўў... Кулхонасини бекитинг.
Мансур нос отди.
— Меҳмонлай хуйсан бўп кетди-я?.. Эй, кампий, мени йўғимда қийналиб қомадингми? Тузук
гапласмадик ҳам... Лекин мен кўп азоб чекдим. Айтмоқчи, шопий билан ябочи этталаб келади. Яхшилаб
меймон қилиш кеяк.
Хотини ийманибгина жилмайди.
— Носингизни тупуринг.
Мансур қих-қихлаб кулиб, носни ахлат челакка ташлади. Печка устидаги чойнак жўмрагидан бир
қулт олиб, оғзини чайди. Кейин хўрсиниб:
— Ҳа, худога шукур, — дея ўрнидан турди. — Айтмоқчи, сени қишлоғингдан ҳам бормиди? Ўлай
агар, мен баъзиларни, умуман, танимадим.
— Какликнинг устини ёпиб қўйинг, тинчроқ ётади... Лекин шуни кўп эркалатасиз-да, чол. Бунинг
шериклари ҳозир тоғларда, э-ҳе, донсиз, бошпанасиз юришипти...
— Нега бошпанасиз бўларкан? Камарлар, ғорлар... Қизиқ гапирасан. Донниям топиб ейишади! —
Мансур ечина бошлади. — Улар шароитга кўникиб қолишган. Кўникмаганда, минг йил бурун қирилиб
кетарди.
— Бе, одамларнинг аҳволи шу бўлса, шундай ҳам қириб юборишади, — деди хотини ҳам кўрпага
кираркан.
— Овчиларни айтяпсан-да?
— Овчисиям, бошқасиям.
Мансур чироқни ўчирди. Авайлаб келиб, ўринга кирди-ю, хотинини қучоқлаб олди.
— Ухлайлик. Сиз ҳам чарчадингиз, — деди хотини. — Кўрасиз, анави каклигингиз соат тўрт бўлмай
уйғотиб юборади. Нари хонадан ҳам сайраши...
— Кўп гапирма.
Ҳақиқатан ҳам, каклик сайраб ва патир-путир қилиб, Мансурни уйғотиб юборганида дераза орти
ҳали кўройдин эди. Полвон ғашланиб ғинғиллар экан, Мансур худди қўрасига бўри оралагандай
ҳовлиқиб туриб кетди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |