www.ziyouz.com кутубхонаси
151
Залда чапак.
Назаримда, бу рақсда ҳамма нарса бор эди: соғинч, ўкинч, ғам, алам...
Мен ўйин билан Унга ҳасрат қилган бўлишим керак.
... Машғулот тугади.
Ташқарига чиқсам, у «Волга»сида ўтирибди. Эшиги очиқ.
Ёлғон айтсам, тепамда Худо бор! Ҳеч нарсани кўрмай, сезмай бориб...
...мошинага кириб ўтирдим.
Кетдик.
— Келишимни билармидингиз?
— Ҳа, — деди у.
— Мен қийналиб кетдим.
— Мен ҳам.
— Болаларингиз тинчми?
— Уларни эслатманг, қийнаманг мени, — деди у уҳ тортиб.
Мен унга суяниб қолдим.
У ақлли эди, катта бир қурилиш ташкилотининг бошлиғи эди.
Аммо у ҳам менинг аҳволимда эди.
Шундай қилиб, сиримиз ошкор бўлиб қолди. Эрим уйдан чиқиб кетди.
Бир куни мен ҳам уйимизга қайтиб бордим. Онам хўп йиғлади, акам ичиб келиб, бутун идиш-
товоқларни уриб синдирди.
Энди клубгаям бормай қўйдим.
...Хуллас, ўтган куни айрапортга чиқдим. «Бошим оққан томонга кетаман, — деб ўйладим. —
Тошкентга борсам, театр институтини топаман, фаррошлик қиламан...»
Ишонасизми, маршрутлар ёзилган жадвални кўздан кечириб турсам, биров тирсагимдан ушлади...
...Ўша!
Йиқилиб тушишимга сал қолди.
— Йўл бўлсин? — деди у.
Мен елкамни қисдим.
— Айлантириб келайми? Тошкентни томоша қиласизми?
— Ҳа..
Тошкентга келдик.
Шуни айтишим керакки, қўналғага тушишимиз билан у тижорат дўконига бошлади мени. Этик,
плаш олиб берди.
— Анаву хонага кириб, кийиб чиқинг, — деди.
Кийиниб, бир бошқача бўлиб чиқдим.
— Бу — катта шаҳар. Одамлар бизга қарашади. Менинг таниш-билишларим кўп...
— Сизга муносиб бўлиб юришга ҳаракат қиламан, — дедим.
«Ўзбекистон» меҳмонхонасига келдик. Ҳе, бу давдаска, бу чет элликлар... Бу денг, башанг кийинган
аёллару эркаклар...
Мен бошқа бир дунёга тушиб қолдим.
...Қисқаси, номерга чиқдик. Уч хонали экан. Шунақа мебелларки, қараб туриб тўймайсан!
Қулайлигини айтмайсизми! Ҳатто оёқни ювадиган махсус тоси ҳам бор экан.
У кимгадир телефон қилди, ўрисчалаб гаплашди.
Сал ўтмай бир аписанка аравачани ғилдиратиб кирди, унда ҳамма нарса бор эди.
Бир нафасда «очил дастурхон» очилгандай бўлди.
— Севгимиз учун, — деди у.
— Ҳа, — дедим. Ичдик.
Бир маҳал денг, телефон ўз-ўзидан жиринглаб кетди. У дастакни олиб эшитди. Кейин: «Я ижду...»
деди.
— Ким у? — деб сўрадим. — Келганингизни қандай билишди?
— Билишарди.
Сўнг у босиб-босиб коньякдан қуя бошлади. Мен ҳам ютоққан туядай ичаверибман.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |