www.ziyouz.com кутубхонаси
120
— ...Уч! — дейиши билан иштонини липа уриб, почаларини ҳам ҳимариб олган болалар гув-гув
этиб сувга ўзларини отишди. Ва ҳаммаси ғойиб бўлиб кетди.
Қизлар билан мен... соҳилда қолгандим. Сувга тикиляпман. «Ҳозир чиқади... Ана чиқди. Йўқ!
Нафаси қайтиб кетмасмикан буларни?»
Яноқлари туртиб чиққан ва кўп чўмилганиданми шўралаб кетган, аммо қувлиги шундоқ билиниб
турган бир қизча:
— Ҳув бола! Отинг Содиқ-а? — деб сўради.
— Содиқ, — дедим. Ва беихтиёр китобларда ёзилганидек: — Сеники-чи? — деб сўрадим.
— Мени отимни нима қиласан? — У бирдан шарақлаб кулди. — Майли, оқтошни опчиқсанг, отимни
айтаман.
Дугоналари у билан келишиб қўйишгандек кулиб-қиқиллаб юборишди.
Мен ўз-ўзимдан қизиб-қизариб кетдим. Ва аста ўрнимдан турдим. Аммо сув тагида кўзни очиб
юриш... Бунинг устига, бундай оқар сувда сузишниям билмайман. Тағин: дарё тубида оқим бор экан.
Шу нарсалар миядан ғувиллаб ўтганча сувга қараб жилаётганимни фаҳмлаб қолганимда...
...сув юзасига шўлп этиб бир бош чиқди. Кейин яна бир калла, сўнг тағин биттаси...
Жўра ҳам чиқиб келди.
— Оқимга тушиб қолдим. Аранг қутилдим. Оқбой ҳам чиқди, келиб кулди.
— Оқим опкетипти дейман!
— Ғирром, — деб тўнғиллади Жўра. — Баковул бўлиб ўтирмайсанми?
— Ўтиролмадим-да.
Назаримда, икки дақиқалар ўтди. Ҳамма чиқиб бўлди. Фақат ҳалиги мурти сабза урган...
Хайрият-э!
Бошидан олдин тошни тутган қўли чиқди сувдан! Ва бу ёқда қийқириқ бўлиб кетди!
Айниқса, қизларнинг қувонишгани!
Шунда, ишонасизми, ўша боладек бўлгим келди-е! Ахир, яхши-да.
...қизлар ҳам чуввос солиб, чапак чалиб, олқишлаб қарши олишса сени!
Ғолибни!
Аммо ундай бўлишимга сира кўзим етмасди; йўқ-йўқ, сув остида, нари борса, ярим дақиқа турарман.
Кўзни очиб...
Оқимга тушиб қолсам...
Оббо, олдин шунчаки сузишни ўрганишинг керак, хомтама бўлма, Содиқ!
Қизлар у болани, ўзларича олқишлаб: «Жамол ютди! Жутди!» деганларидан унинг исмини билиб
олдим. Ва у билан жўра бўлиш, ундан уни-буни ўрганишга қасд қилдим.
Бироқ ҳозироқ айтиб қўя қолай: у менигина эмас, бошқа болаларни ҳам писанд этмас экан.
— Бўлди қилинглар. Далага кетдик, — деб сўқмоққа тушди. Афтидан у, умуман, кўйлак киймас,
шунинг учун бадани темирдек ялтираб кетган эди.
Жўра менга:
— Ҳозир, ҳозир, — деб ўзини сувга отди-да, ҳаш-паш дегунча нариги қирғоққа чиқиб ва юлғунлар
орасидан менинг ҳам кийимларимни олиб дарёга тушди. Ва бир қўллаб сузиб, чиқиб кетди.
Қойил!
Кийиниб, Жамолнинг орқасидан тушдик. Қизлар кулиб, гап отиб қолишди. Бояги қув қизча бўлса;
— Жўра ака! Содиқни ташлаб кетинг! Биз молтишни ўргатиб қўямиз, — деди.
Жўра унга қарамай:
— Юрабер. Ўрганасан. Қўрқмасанг бўлди, — деди менга.
— Қўрқмайман. Ўргатинг, ака, — дедим.
— Майли.
— Эртага яна келамизми? Онангизниям кўриб кетамиз... Хўпми?
У менинг елкамга қўл солди-да:
— Хўп, — деди. Пича юрганимиздан кейин... — Содиқ, кўнглишта олмасанг, бир гап айтаман, — деб
қолди.
— Ҳеч ҳам кўнгилга олмайман, — деб тўхтадим.
У билагимдан тортди. Биз тупроғи қайнаб ётган сўқмоқдан ўрлаб борардик.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |