www.ziyouz.com кутубхонаси
119
ташлади ва гоҳ кўриниб-гоҳ кўринмай кета бошлади. Мен ҳам сувга кирдим. Муздек. Икки қадам
босганимни биламан, оёғим тойиб кетиб, чалқанча йиқилдим-ку! Тураман дейман — думалайман.
Ичимга сув киряпти. Бирон нарсадан ушлайин дейман — гоҳ қўлим етмайди, гоҳ сирпаниб кетади.
Қандайдир ваҳимага тушган пайтимда ҳалиги кўкариб турган жойга яқинлашдим-у, оёғим ердан-сув
тубидан узилди! Узилиши замон чўкиб кетаётганимни англаб, апил-тапил тепага интилдим-да, қирғоққа
қараб суздим!
Бу ерда оқим суст эди: ҳадемай юлғунлардан ушлаб, тошлоққа чиқиб олдим.
Менинг аҳволимни кўриб ҳавотирга тушишганми — Жўра билан қотма йигитча изимдан қулоч отиб
келишаётган экан. Улар ҳам соҳилга чиқишди.
— Қашқа бўлмадингми? Айтдим-ку, тезоқар бу, — деди Жўра ҳансирааб.
— Ҳа, йўқ, — дедим. — Тошлар сирғанчиқ экан... Лекин рост, оёкдан чалар экан.
— Уф. Манаву ийримга кириб кетадиёв деб қўрқиб эдим, — деди мурти сабза урган. — Таги чуқур.
Уч-тўрт одам бўйи келади. Кейин оқим зўр. Бир марта ўзимниям чирпирак қилиб опкетган Ҳув кечувга
борганда, зўрға чиқиб олганман. Ўшанда ўн ёшда эдим... Уч йил бўпти!
— Сен яхши сузолмайсан, — деди Жўра менга. — Ўргатаман... Қўрқмасанг бўлди.
— Ҳа, қўрқмасанг бўлди, — деди у йигит ҳам.
Шу палла сувнинг кўм-кўк сатҳида Оқбой пайдо бўлди-да, қўлларини юқорига кўтариб шўнғиди.
Зум ўтмай ўн қадамлар нарида, сувнинг камардан чиқаётган жойида пайдо бўлди боши! Кейин бизга
қараб молтиб, иҳраб-иҳраб чиқиб келди.
Шу нарсани айтишим шартки, биз ўтирган жой жуда-а ажойиб эди. Думалоқ кўк, малла тошлар —
курсимиз. Қизалоқлар ҳам томошадан қуруқ қоладигандай етиб келишган. Улар иккита тошда чўмилиб
чиққан каклик жўжаларидек ғуж бўлиб, гўё ўзларини офтобга тоблаб, патларини қуритишар эди.
Шундоқ оёғимиз остида — ўша кўк ийрим. Яъни гирдоб! Бироқ унинг қирғоқ қўлтиғига урилиб,
ўрама ҳосил қилиб ўтаётгани сезилмас, айтишларича, оқимнинг зўри сувнинг тубида эди. Сирти эса
шундай сокин.
Тепамизда гўё айвон шифти бор. Яъни, метин қиртоқ дарёга чўзилиб бағрини тутиб турар, биз унинг
соясида ўтирардикки, ҳақиқатан ҳам айвонда ўтиргандек эдик.
Устимизда қалдирғочларнинг чий-чийлаб учиши-е! Бизни бу ердан қувиб юборишга аҳд
қилишгандек!
Хуллас калом, мен хиёл мулзам бўлган ҳолда, бош-қалар ғолибона кўринишда эди, ҳалиги мурти
чиқиб қолган йигитча:
— Эй, жўралар! «Оқтош» ўйнайлик, а? Жўра ака, хўп денг, — деди. — Кейин тўғри ғаллага кетамиз!
— Ўйнанглар, ўйнанглар! — деб қолишди қизлар ҳам.
«Қизиқ, қанақа ўйин экан бу?» деб ўйладим-да, Жўрага қаровдим, у:
— Оқбой, сен баковул, — деди. — Олдин тушунтиргин ўйинни. Содиқ ҳам билсин!
— Мен тушунтираман, — деб тошдан турди ўйиннинг ташаббусчиси ва қўлидаги оппоқ, жудаям оқ
— қуйруқдек тошни менга кўрсатди.
...Ана шу тошни сувнинг энг чуқур жойига отаркан. Отаётганида, ҳамманинг кўз юмиб туриши шарт
экан. Кейин баковулнинг гапи билан болалар кўзла-рини очишаркан-да, «Бир, икки, уч!» дейилиши
билан ўзларини сувга отишаркан.
Ийримнинг тубидан ана ўша тошни олиб чиқиш лозим экан.
Ким топиб-олиб чиқса, демак, ўша — ғолиб!
Дарёнинг энг чуқур еридан у тошни қанақа қилиб топиб чиқиш мумкин?
Хаёлингизга шу савол келди, а?
Мен ҳам шуни ўйлаб, лол қолиб турган эдим, бу ёғини Жўра тушунтирди:
— Сувнинг тагида кўзни очиб юриш керак. Билдингми? Сув тиниқ...
— Билдим, — дедим.
Сувнинг тагида кўзни очиб, демак, тубидаги тошларга тикилиб юриш?!
Ҳовузнинг лойқа сувига тушганингда ҳатто бурнингни, қулоқларингни ҳам иложи бўлса бекитиб
оласан-у, ажаб, кўзни очиш... Ақлга сиғадими шу гап?
Лекин бу ердагилар учун бу — ўта жўн гап, оддий ўйин экан!
Оқбой:
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |