www.ziyouz.com кутубхонаси
117
Раис бобо «дайро» деганда, мен китобларда ўқиганим каттакон наҳрни кўз олдимга келтирган
бўлишим лозим — шунинг учун бу дарё менга сой бўлиб кўринди. Мен унга беписандлик билан боқиб:
— Э, шуми? — дедим.
— Журинглар! Қайтишда чўмиламиз! — деди Оқбой. Ва биз унга эргашдик.
Қирғоқ бўйлаб сал юрганимиздан кейин шундоқ қаршимизда жарлик қиртоқларини улаб турган узун
осмакўприкка кўзим тушди. У эртаклардаги пули сирот кўпригидай туюлди менга! Ва юрагим гурс-гурс
ура бошлади: «Ўтаётганимизда, узилиб кетса... Худо урди! Онам Жўрани айблайди...»
Дарвоқе, узр этасиз, онамнинг бу йигитчага ишонмасдан қарашининг сабабини ғира-шира
тушунгандек эдим: ахир онам Раис бобога тегар эмиш...
Раис бобонинг эса хотини анавинақа аҳволда: ўғли бу... Демак, Жўра менга ғайирлик билан қараши
мумкин-да.
Лекин ҳозирча бу нарсани сезмаган эдим. Ҳозироқ айтиб қўяйки, кейинчалик ҳам сезмадим. Жўра
тақдирга тан берган, бунинг устига, у ҳам мени тезроқ кўриш ва дейлик, дарёни кўрсатиш, молтишни
ўрга-тишни ўйлаб юрар экан.
Кўприкка қадам босдик. Йўлдан фарқи йўқ. Аммо ўртасига етганда, унинг нари-берига бориб
келаётгани, аммо бу сезилмас даражада эканини кўриб, ҳа кўриб қолиб, капалагим учиб кетди.
Жўранинг билагидан ушлаб олдим.
— Қўрқма, ука. Узилмайди. Маҳкам бу, — деди у тирсагимдан қисиб. — Пода-пода мол ўтади
бундан. Сурув-сурув қўй... Бултур бир чол ўлди. Унинг тобути ортидан минглаб одам эргашиб жўнади.
Шуниям кўтарди бу...
Жўранинг онаси охирги кунларини кечираётган капа қабристондан берида, қўзиқоринга ўхшаш
улкан гужум остида экан. Унга яқинлашганда, Жўра Оқбойдан тугунни олди.
— Қоламиз, — деди Оқбой менга. — Бориб бўлмайди.
— Нимага?
— Бўлмайди-да.
— Майли.
Жўра кетди. Бориб, капага кирди. Биз ҳар томонга қараб, томоша қилиб турардик. Яйдоқ, хас-хашак
босиб кетган каттакон қабристонда сўпитўрғайлар кўп, улар хуш овозда чулдирашиб учишар, қайси
бири учмасин — том бўйи кўтарилгач, ҳавода муаллақ туриб сайраб олар, кейин ерга-қовжираган
тиканлар, алафлар орасига қўнарди. Бир-иккитаси атрофимизда пилдираб юрарди.
— Бу қушни ўлдириб бўлмайди, — деб қолди Оқбой. — Гуноҳ бўлади. Ёмон бўлади.
— Қандай «ёмон бўлади?»
— Ёмон-да.
Кейин гужумга қараб дабдурустдан шу шеърни айтди:
Муллатўрғай — отим бўлғай.
Мени ўлдирган
Етти эшикда етим бўлғай.
— Ў-ў, — дедим. — Чумчуқни ўлдирса бўладими?
— Унинг турган-битгани зиён, — деди Оқбой. — Ҳалиги палапонларни нима қилдим, биласанми?
— Йўқ. Нима қилдинг?
— Битталаб ит билан пишакка жедирдим, — жавоб берди у бамайлихотир. — Мундай олиб тепага
отаман. Ё ит илиб олади, ё пишак. Чумчуқнинг турган-битгани зиён, — деб такрорлади яна. —
Ғалланиям шу қуритаяпти. Раис бобо бизни машоқ теришгаям қўймайди!
Қамчилаб уради. Чумчуқ бўлса, жеб кетаяпти. Шунинг учун палахмон билан...
Жўра кападан чиқди. Кўзлари нам эди. Юзларини кафти билан арта-арта келди-да:
— Сени алқадилар, — деди менга.
— Мени?
— Ҳа. Кўпга кирсин. Яхши бола экан, дедилар...
— Раҳмат, ака. Эртага яна келамиз-а? Жўра кифтини учириб сўқмоққа тушди.
У — менинг ўлчовим бўйича — ўртабўй, елкалари кенг, юзи ҳам кенг ва кўзлари қийиқроқ эди. Раис
бобонинг ўғли бўлишига қарамасдан эгнидаги сурп кўйлаги тирсакларига ямоқ тушган, иштонининг
бир почаси узун, дўпписиям ҳилвиллаб кетган эди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |