www.ziyouz.com
kutubxonasi
14
тикдими, бошқалардан хафа бўлмасам ҳам бўларкан! Тавба!» — дердим жаҳлим чиқиб ўзимга
ўзим.
Eнди Дониёрни мўмин-қобил йигит деб айтмоқ у ёқда турсин, ёмон кўра бошладим. Шундан
кейин мен яна янгамга қўшилиб, уни масхара қила бошладим. Аммо бу ҳазилимизнинг таги зил
бўлди.
Ғалла ташиб юрган қопларимиз орасида олачадан тикилган етти пудлик катта бир қоп бор
эди. Ҳамиша янгам икковимиз уни коппонга олиб бориб ерга тўкардик, чунки уни бир киши
кўтаролмасди. Бир куни хирмонда араваларга юк ортаётиб, янгам билан бирга ҳалиги катта қопни
Дониёрнинг аравасига ташладик-да, устидан бошқа қопларни бостириб қўйдик. Қани, нима қилар
экан, деб ўйладик ўзимизча.
Хирмондан кун чиқарда жўнаб кетдик. Йўлда рус қишлоғида бировнинг боғига кириб,
Жамила икковимиз олма ўғирлаб чиқдик-да, йўл-йўлакай қаҳқаҳлаб кулишиб кетдик. Жамила
бора-боргунча Дониёрга «илиб ол!» деб олма отиб борди. Олма тугагандан кейин биз одатдагича
уни чанг-тўзонда қолдириб, анча узоқлашиб кетдик. Дониёр дарадан чиқа беришдагина бизни
қувиб етди, темир йўл берк экан, унинг очилишини кутиб туришга тўғри келди. Бу ердан то
стансиягача бирга келдик. Бу орада ҳалиги етти пудлик қоп ёдимиздан кўтарилиб кетибди,
хаёлимизда ҳеч гап йўқ, ғаллани ташиб бўлай деб қолдик. Бир маҳал Жамила биқинимга туртиб,
Дониёрни кўрсатиб бир кулиб қўйди. Дониёр арава устида турган экан. «Буни нима қилсам экан?»
дегандек ҳалигж катта қопнинг у ёқ-бу ёғига қараб турарди. Сўнгра у Жамиланинг қиқир-қиқир
кулаётганини пайқаб қолиб, бизнинг синамоқчи бўлганимизни сезди шекилли, қип-қизариб
кетди.
— Ҳой, иштонингни баланд кўтар, тушиб кетмасин тағин! — деб қичқирди Жамила.
Дониёр унга бир ўқрайиб қаради-да, қопни нари-бери суриб араванинг четига келтирди,
сўнгра уни бир қўли билан суяб туриб, ерга сакраб тушди. Ҳаш-паш дегунча бўлмай, зилдек
қопни бир силтаб елкасига олдида, коппон томон юра бошлади. Биз, қани, нима қилар экан, деб
ўзимизни гўлликка солиб, сир бермай турдик, бошқалар ҳам унга парво қилишгани йўқ. Ҳамма
ҳам қоп кўтариб юришибди-да, ким билан кимнинг иши бор дейсиз. Аммо Дониёр трапга
яқинлашганда Жамила унинг орқасидан югуриб кетди:
— Буни қаерга олиб боряпсан, эсинг жойидами ўзи, шу ерга ташла, нима, ҳазилни
тушунмайсанми?
— Нари тур! — деб Дониёр уни жеркиб солди. Шохи синган Жамила ўнғайсизланиб, трапдан
чиқиб кетаётган Дониёрнинг орқасидан кулиб қараб:
— Бу ўлармонни қаранглар, кўтариб кетди-я! — деб худди айбли кишидек илжайиб, ўзича
тўнғиллаб қўйди. Гарчи Жамила ҳадеб қиқир-қиқир кулса ҳам, борган сари унинг кулгиси
сунийлашиб, ўзини зўрлаб кулаётгандек бўлиб туюлди. Дониёр қопни кўтариб борар экан, ярадор
оёғига зўр келиб, оқсай бошлаганидагина, биз уни қандай азобга қўйганимизни тушундик.
Дониёрнинг оёғи ярадор эканини нега илгарироқ ўйламадик ахир? Эҳ, болалигим қурсин-а, шу
гап мендан чиқди-я!
— Орқангга қайт! — деб қичқирди Жамила кулги аралаш. Бироқ энди бунинг иложи йўқ эди.
Чунки орқасидан ҳам қоп кўтарган одамлар келишаётган эди.
Мен эсимдан оғаёзиб, кейин нима бўлганини билмайман. Кўз ўнгимда ўша каттакон қора
қопни кўтарган Дониёр. У букилиб, трапдан ер бағирлаб юқорига чиқиб борарди. Ярадор оёғини
авайлаб босар, унга зўр келмасин деб қанчалик уринмасин, бари бир, ҳар қадам ташлаганда
оғриққа чидаёлмай, тишини тишига қўйиб, бошини чайқарди. У юқорилаган сари устидаги оғир
Жамила (қисса). Чингиз Айтматов
Do'stlaringiz bilan baham: |