www.ziyouz.com кутубхонаси
58
— Шундай бўлиши ҳам мумкинки, сиз бу лицензияни ололмайсиз, шундайми? — сўради
Палмер.
— Эҳтимол. Мен айнан шундай бўлади деяётганим йўқ. Лекин шундай бўлиши ҳам мумкин,
деб ўйлаяпман. Бу ўринда мен таваккал қиламан. Айни шу пайтда мен Викка мажбур
бўлмасликни афзал кўраман.
— Нега энди айни шу пайтда? — сўради Палмер.
— Бу ҳақда кейин айтаман, — ваъда берди Бернс. — Энди Вик менинг илтимосимни
бажаришга ҳалол уриниб кўради деб фараз қилайлик. Эҳтимол, Вик...
— Тўхтанг-чи, — унинг гапини бўлди Палмер, — бошим гангиб қолди.
— Майли. Бу лицензияни ўтказиш учун Викнинг турли-туман усуллари бор. Хўп, сиёсат
масалалари бўйича биринчи сабоққа шунинг ўзи етарли.
— Демак, бугун эрталаб сизлар бешта келишувни муҳокама қилдингиз, а?
— Ҳа, бешта. Лекин улар бажарилгунча яна ўн бешта қўшимча битим пайдо бўлади...
— И-е, бу геометрик прогрессия-ку! Унинг охири борми?
— Улар сира тугамайди, — жавоб берди Бернс. — Сиёсий битимлар туғилади ва
кўпаяверади, уларнинг ҳар бири ўз навбатида иккита ёки учта янгисини вужудга келтиради.
Шу тариқа, ҳар куни ўнта битим тузишимга тўғри келади. Бир ҳафта давомида у олтмиштага
етади. Улар ўз навбатида юз элликтага яқин янги аҳдлашувларни вужудга келтиради... лекин
унутмангки, бунинг ҳаммасини бир ўзим қиламан. Бир сўз билан айтганда, мен катта томошада
марказий сиймоман...
— Нақадар таъсирли, — минғирлади Палмер шаробни симираркан. — Бу шаҳар
пучмоқларида шундай нарсалар юз бермоқдаки, буларни инсон онги қамраб олишга қодир
эмас!
— Ҳа, анчагина жўшқин жой, — рози бўлди Бернс. — Мен ўз умримнинг ўн йилини Голливуд
деб аталувчи янада қувноқроқ шаҳарга сарфладим, лекин ҳозир дадил айтишим мумкинки,
улар ҳозир қилинаётганларга нисбатан болалар ўйинчоқлари эди. — Бернс ўгирилиб қаради,
бармоғини шақиллатиб, бошини ирғаб, ёнидан ўтаётган официантга деди:
— Бирор яхши нарса борми, Генри?
— Қайнатилган ажойиб мол гўшти бор, мистер Бернс!
— Жуда соз. Фақат ерқалампир қайласи билан. Сиз-чи, нима хоҳлайсиз, Вуди?
— Ясмиқ шўрва, — деди Палмер. — яна ҳалиги, нима эди...
— Ростбифли сэндвич, — деди Бернс.
— Ҳа, шу яхши бўларди.
— Жавдар нонли сэндвич, Генри, — буюртма берди Бернс официантга. — мартинидан яна
олиб келинг.
Бернс истаган нарсаси — ҳокимият, пул, хотинлар билан мақтаниши мумкин эди. Ҳаётда
булардан бошқа яна бирор нарса бормиди ўзи? Э, ҳа, айтмоқчи, худо ҳам бор эди.
Кутилмаганда Палмер Бернсдан сўраб қолди:
— Айтинг-чи, ҳаётдаги барча қувончлар учун ҳали ҳисоб-китоб қилинишига ишонасизми?
Бернс ўгирилиб, Палмерга тик қаради. Унинг кўзлари эҳтиёткорлик билан Палмерга назар
солди.
— Ҳисоб-китоб қилиш? — қайта сўради у. — Нима демоқчисиз, мен унча тушунмаяпман.
— Э, шунчаки, бир гап келиб қолди-да.
— Ўйлаганингизни айтинг, энди!
Ўйламасдан айтган гаплари учун Палмернинг ўзидан жаҳли чиқиб, қўлини силтаб қўя қолди.
— Оддий гап. Агар ҳаётда бирор яхши нарсага эришсанг, бунинг учун одатда, кейин товон
тўлашингга тўғри келади, деб ўйладим.
— Мени кечирасиз-у, Вуди, — деди Бернс қўлини Палмерга теккизиб, — лекин ҳозир сиз
менинг отамга ўхшаб гапираяпсиз...
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |