www.ziyouz.com кутубхонаси
55
— Бир қути «Голд флейкс» ҳам.
— Яхши, сэр.
— Телефонниям.
— Ҳозир, сэр.
— Тезроқ.
— Ҳозир олиб келаман, мистер Бернс.
— Яхши.
Палмер уларни қизиқиш билан кузатиб турди.
— Сэр, сизга бирор нарса керакмасми? — сўради бош официант.
Ёмон зарба, қайд қилди ўзича Палмер, чунки у шу заҳоти қайтарилади.
— Йўқ, ташаккур, бошқа ҳеч нарса керакмас, — деди «коптокни кўтариб бериб» Бернс.
— Ихтиёрингиз, сэр. — Бош официант «коптокни тўр ёнида уриб туширди». Бу ҳалокатли
зарба эди. Копток тўғри учиб бориб рақиб оёқлари остига урилди. Бернс қақшатқич зарбага
учради: у коптокни қайтаришга эмас, ҳатто ракеткани кўтаришга ҳам улгурмади. Бош
официант тантанавор жўнаворди. Бернснинг сарғиш кўзларида эса ёвузлик барқ урди. У
Палмерга ўгирилди, ёвуз чақин эса нигоҳида узоқ вақт ёниб турди.
— Ўйлашимча, Лонг-Айленд ишбилармонлари ҳузурида сўзлашга таклиф этилганим, — деди
кескин оҳангда Палмер, — у ерда кўплаб одам тўпланишини таъминламайди.
Бернс унга ташвиш билан қараб, сўради:
— Нега ундай деяпсиз?
Официант уларга мартини олиб келди, қадаҳларни столга қўйиб, орқасига қайтди.
— Ўша одамлар шундоқ ҳам бизлар томонда, — жавоб берди Палмер. — Бизга эса ҳали
ишонтиришимиз лозим бўлган кишилар керак.
— Ишбилармон доиралар вакиллари сиз томонда эканини қаёқдан била қолдингиз?
Яна бир официант пайдо бўлди ва таомномани бериб кетди.
— Чунки тижорат банклари ўша ишбилармонларни бизнинг чўнтагимизга ўзлари солиб
қўйдилар, — тушунтирди унга Палмер. — Улар ўзларининг банк амалиётларини биз орқали
амалга оширмоқдалар. Улар яна қаерда банк ҳисоби очишлари мумкин? Бизлардан эса улар
ўзларига зарур бўлган заёмларни оладилар. Демак, улар бизларсиз яшай олмайдилар.
— Бироқ уларнинг кун кўраётган гаров қўйилган пуллари жамғарма банкларида сақланади,
— эътироз билдирди Бернс.
Шу пайт учинчи официант пайдо бўлди, у «Голд флейкс» сигаретаси олиб келганди. Бернс
на официантга, на сигаретасига эътибор қилди.
— Лекин бу масалани ҳал қилмайди, — деди Палмер. — Гаровга пул қўйиш узоқ муддатли
битим, уни ўзбошимчалик билан ўзгартириш мумкин эмас. Жамғарма банклари истаган
одамнинг бошига тушириш учун улардан фойдалана олмайди.
— Лекин борди-ю, уларда гаров пуллардан ур тўқмоқ сифатида фойдаланиш имкони пайдо
бўлса, уни шу йилдаёқ ишга соладилар, деди Бернс.
Тўртинчи официант келди, унинг қўлида телефон бор эди. У телефонни Палмернинг
тепасидаги уяга улади. Бернс хўмрайиб телефонга қаради.
— Наҳотки биз ҳозир айнан иш ҳақида гаплашсак? — сўради у.
— Ҳа, биз кўп нарсани муҳокама қилишимиз керак, — жавоб берди Палмер.
— Вуди, бир неча дақиқага бўлса ҳам қўйиб тур ўша ишингни. Кел, аввалига ичайлик. Бугун
жудаям бўғилиб кетдим.
— Нима, эрталаб қийин бўлдими?
— Эрталаб эмас, бутун тунни уйқусиз ўтказдим. Эрталаб соат олтида ётдим, икки соатгина
мизғиб олдим. Кейин Вик Калхэйн билан нонушта қилгани югурдим.
— Ҳа-я, Катта Вик билан учрашувда сиз хўрозқанддай бўлишингиз керак.
Бернс қошларини чимирди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |