www.ziyouz.com кутубхонаси
184
— Бошқача айтганда, Таммани билан ҳамкорлик қилиш сизга ёқмайди, шундайми?
— Мен қарши эмасман, фақат мен уни ўйиннинг асосий қоидаларидан бири деб биламан,
холос.
— Уҳ-ҳ, — деди Моллетт. У яна Виржиния томон ўгирилди: — Келаси сафар мен ундан
интервью олганимда қаламни хонада қолдиришимни эслатиб қўй.
— Бунақа тикка саволлар бермагин-да, — маслаҳат солди Виржиния.
— Биз норасмий гаплашаяпмиз. Чегара — осмон билан ерча, хўпми? — деди у Палмер
томонга ўгирилиб.
— Сўранг.
— Ҳа, албатта-да, — кулди Моллетт, — яна қанақа йўл билан бирон нарса билиб олардим?
— У столга шунчалик чуқур энгашиб олдики, вискили стакан унинг кўкрагига қисилиб қолди. —
Бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз: сиз Мак Бернсга ишонасизми?
— Ишонмаслигим керакми? — уни қайириб ташлади Палмер.
— Касодгарчилик борасидаги ишларни олиб борувчи судлар унга ишонадиган одамларга лиқ
тўла.
— Тушунишимча, унинг мижозларидан кўпчилиги анча бой одамлар бўлган.
— Мен айнан ана шундайлар ҳақида гапираётибман ҳозир, Макнинг сиёсий таъсиридан
фойдаланиш ниятида унинг олдига танда қўювчи чакана-чуканалар ҳақида эмас. У бундай
одамларнинг аямай сиқиб сувини ичди ва агар улардан лоақал бир фоизгинаси қачонлардир
ҳукумат шартномасини олган бўлса, ҳайратдан ёқа ушлаган бўлардим.
— Бундай одамларга кўзингиз тушганида юрагингиз қонга тўлмайди, шундай эмасми? —
сўради Палмер. — Бундай ўйиннинг моҳияти шундан иборатки, юракни сиқиб, қонини ичувчи
одамнинг юраги тошдан бўлиши керак.
— Тўғри. ЮБТК га нисбатан мени худди шу нарса ташвишга солади.
Палмер яна официантни чақирди.
— Қайтаринг.
— Зўр, — рози бўлди Моллетт.
— Меники — бас, — деди Виржиния.
— Айтмоқчи, ейишга у-бу буюрсак қалай бўларкин? — қўшимча қилди Моллетт. — Мен озроқ
омар оламан, қовурилганидан ва янги сабзавотдан салат ҳам. Сен-чи, Жинний?
— Ньюбургча омар.
— Пушти мағиз бифштекси, чала қовурилганидан, — деди Палмер. — Қанақа газак бўлсин?
— Менга ҳеч нарса. — Моллетт бошини бир ёнга солинтирди. — Биласизми, у буюртма олиб
кетганида мен сизга яна ўша саволни бераман?
— Худди шундан қўрқиб турувдим, Виржиния!
— Раҳмат, омардан бошқа ҳеч нарса керак эмас.
— Бўлди. — Палмер официантнинг узоқлашаётганини кузатиб турди. — Сиз, — деб давом
этди у, — ЮБТКнинг кўнглида ўғирликка мойиллик бор экан, деб ўйлаяпсизми?
— Кўнглида шундай мойиллик борга ўхшаб иш тутиляпти деяпман.
— Сизнинг банк ҳақида бундай ўйлашингиздан ҳайронман. Банк бизнеси — бу инсониятга
маълум ягона қонунлаштирилган ўғрилик эканини наҳотки билмайсиз?
Моллетт тугмадеккина семиз лабларини бужмайтириб, босиқ жилмайди.
— Сиз менинг саволимга ҳазил билан чап бериб кетмоқчимисиз?
— Бўпти. Буни бошқача ифода қилиб беришимга ижозат беринг: ўтган йилларда Олбанида
штат чеккаларидаги қонун чиқарувчилар тижорат банкларини ҳомийликка олдилар. Нью-Йорк
қонун чиқарувчилар омонат банкларини афзал деб топдилар. Агар биз Таммани ёрдамида бир
қанча ньюйоркликни ўз ўрдамизга авраб киритиб олсак, бу ўғрилик бўладими?
— Бу Тамманининг қайси йўл билан сизга ёрдам кўрсатишига боғлиқ.
— Бу энди Тамманининг иши.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |