www.ziyouz.com кутубхонаси
183
миллий иқтисодиётимизнинг ҳозирги босқичида омонат банклари пулларнинг боши берк кўчаси
бўлиб қолган; шахсий омонатлар — яхши нарса, аммо бундай омонатлар кўпайиб кетаверса,
албатта, яхши бўлиши шарт бўлмай қолади; омонатларнинг мунтазам ўсиши аслида
иқтисодиётнинг табиий ривожланишини қийинлаштиради; шундай қилиб, омонат банкларининг
босқинчилик талаблари жамият манфаатига зиддир.
Моллетт бироз ўйланиб қолди, сўнг стаканни кўтарди.
— Мен силтаб ташламоқчи эмасман, — деди у музли вискига қараб, — аммо сиз айтган
гаплардан биронтасини шов-шувли янгилик деб атай олмасдим.
— Биламан, — унга қўшилди Палмер, — бироқ матбуот учун бошқа ҳеч нарса айтолмайман.
Моллетт хўрсинди.
— Унда, келинг, норасмий гаплашайлик. Агар мен арзийдиган бир нарса кўра олсам, биз
буни бошқатдан ёзиб чиқамиз-да, расмий тус берамиз. Майлими?
— Ҳар ҳолда, бир синаб кўрсак ёмон бўлмасди.
Моллетт бош ирғади-да, Виржинияга қаради:
— Банкир учун ёмон эмас. — Ўша-ўша ширин жилмайганча у яна Палмер томонга ўгирилди.
— Матбуот учун эмас. Ҳозиргина баён этган бўлмағур гапларингиздан ҳеч бўлмаса биттасига
ўзингиз ишонасизми?
Палмер кинояли жилмайди:
— Матбуот учун эмас, “бўлмағур” — бу топиб айтилган сўз эмас. Бу ерда “заҳарлаш” сўзи
кўпроқ мос келади. Бироқ — ҳамон матбуот учун эмас — мен айтган нарсалар иқтисодий сиёсат
ясаладиган Вашингтонда ва бошқа олий доираларда муқаддас ҳақиқат саналади.
— Банкир бўлишингиз ўлароқ сиз шахсий кредитни чексиз равишда кенгайтиришга қандай
қарайсиз?
— Уни инкор этиш учун банкир бўлмоқ мутлақо шарт эмас, — жавоб берди Палмер. — Ўз
мамлакатининг фаровонлигини қадрловчи ҳар қандай одам бунинг телбалик эканини билади.
Бошқа томондан, бу одам шуни ҳам биладики, — қўшимча қилди у, — кредитни қисиб қўйиб,
биз шундай иқтисодий исканжа ичига кириб қоламизки, бунинг олдида 1929 йилги бўҳрон
секин чалинувчи вальсга ўхшаб қолади. Жуда-жуда кеч бўлади. Йўлбарсни думидан тутдингми,
энди уни қўйиб юбориб бўлмайди.
— Жуда яхши, — деди Моллетт. — Иқтибос келтирсам майлими?
— Арзимайди.
— Йўлбарснинг думи борасидаги таърифни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин, — давом этди
репортёр. — Масалан, Таммани йўлбарси1 олдида рақс тушадиган банкка нисбатан. Ҳатто
воситачи сифатидаги Мак Бернсга эга бўлиб туриб ҳам.
Палмер қошини чимирди:
— “Рақс тушадиган” иборасини аниқроқ изоҳлаб бера олмайсизми?
— Уни қайтиб олдим. Келинг, бошқача айтайлик — Таммани таъсиридан ўз иқтисодий
мақсадларида фойдаланадиган банк.
— Бу ҳақда мистер Бэркхардтдан сўрашингизга тўғри келмасмикан деб қўрқаман. Мак Бернс
менинг саҳнада пайдо бўлишимдан анча олдин ёллаб олинган.
— Агар мен Бэркхардтдан илтимос қилгудек бўлсам, — эътироз билдирди Моллетт, — у
менга ўшқириб бериши тайин. Мен сиздан сўраётганим сабаби шундаки, сиз соғлом фикрли
одамга ўхшаяпсиз. Сиз банкирнинг замонавий намунасини ўзингизда намоён қилгансиз, —
қўшиб қўйди у Виржинияга кўз қисиб, — ҳамкорлик қилишга ҳозиру нозирсиз ва умуман олий
даражадаги заковат соҳибисиз.
— Мақтов сўзларингиз мақоладан бошқа сиз учун ҳамма нарса қилиб бера олади, — жавоб
берди Палмер. — Яна ўшандай матбуот учун эмас — мен Бернс ва Таммани билан алоқани
мерос қилиб олганман. Бунда қандайдир мантиқ бор. ЮБТК сизнинг саволларингизга ўхшаган
саволларга ўрин қолдирмайдиган қилиб иш кўрмоғи лозим, холос.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |