www.ziyouz.com кутубхонаси
99
Палмер билдирмайгина қоп-қоронғи танобийга ўтди-да, нигоҳи билан олти рақамли столни
қидира бошлади. У яна ҳайъатга кўтарилиб, ўз жойини эгаллашга журъат қилолмаётганди.
— ... қуёш остидан ўрин олсин! — гулдираб гапирарди Калхэйн. — Ҳар кимнинг эрки ўз
қўлида...
Қуёш остида мен учун ҳам жой топилди, деб ўйлади Палмер ниҳоят олти рақамли столни
қидириб топгач. У столга ёни билан юриб борди ва Виржиния Клэри ёнидаги бўш ўринга енгил
нафас олиб чўкди.
Жувон унинг пайдо бўлганини пайқамади. Унинг икки кўзи Калхэйнда эди. Палмер уни ён
томонламагина кўриб турарди. Шу пайтгача у ҳеч қачон унга бу қадар бевосита яқин
бўлмаганди — нари борса йигирма-ўттиз сантиметр келарди оралари. Думалоқ юзи ва дўрдоқ
лаблари ёноқларининг чиқиқлигини сездирмасди. Жувоннинг ингичка ва учи тўмтоқроқ,
чўзинчоқ бурнининг катаклари бироз керилган. Агар Виржинияга шунақа ёнламасигина
қаралса, унинг чиндан ҳам гўзал эканини Палмер энди англади. Борди-ю, жувон унга томон
юзланиб қараса, уни шунчаки кўҳликкина экан деб айтиш мумкин бўларди. Виржиния қаддини
тик тутиб ўтирарди. Ғоят калта боғичли, ўмизи чуқур оқ кўйлаги унинг бўртиқ сийнасини хиёл
яшириб турарди. Палмер ўтирган жойидан бироз орқароқ ва юқорироқдан жувоннинг нақ
ўмизи узра учбурчак соя ташлаб турган дум-думалоқ сийнасини аниқ-таниқ кўра олар эди.
Палмер юзлари ловиллаб ёнганини ҳис этди ва ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади. У ҳайъат
томонга қаради. Бир лаҳза ўриндиқ чайқалиб кетгандек туюлиб кетди унга. У кўзларини юмди
ва томоғида уни бўғиб турган нарсанинг йўқолишини кута бошлади.
— ...бу хатти-ҳаракатлар уларнинг қайсарлиги, мағлубияти ва очкўзлиги руҳидан келиб
чиқади! — гулдирашда давом этди Калхэйн. — Аммо сизларни зериктириб қўймаслик учун
уларнинг барча хусусиятларини бир-бир санаб ўтирмайман. Фақат шуни айтмоқчиманки...
Кўзларини очгач, Палмер бирдан ўзининг “Юнайтед бэнк”даги муовини Гарри Элдер
нигоҳига тўқнаш келди. Палмер кўзларини қисиб қаради, Гарри эса жавобан им қоқиб қўйди,
кейин нигоҳи билан олдида турган баҳайбат шотланд вискиси шишасини кўрсатди ва савол
нигоҳи билан Палмерга боқди. Палмер хўп дегандек бош ирғади ва кекса ёшдаги ҳамкасби
ичига бир нечта муз бўлаги ташланган қадаҳни қандай қўлга олганини, уни деярли лиммо-лим
тўлатганини ва Палмерга ишора қилиб, уни қўшнисига тутганини кузатиб турди. “Таймс”данми
ё “Ньюс”данми бўлган репортёр қўшниси ўз навбатида индамай қадаҳни бошқа қўшнига
узатди.
Ушбу маросим Виржинияни бутунлай ўзига маҳлиё қилиб қўйганди. Жувон ўгирилди,
Палмерни кўрди ва лабларига хиёл табассум югурди. У репортёрдан қадаҳни олиб, Палмерга
узатаркан, шивирлаб деди:
— Душманларни ер ютсин. — Сўнг яна юзини тўғрига буриб, нотиқнинг гапларига диққат
билан қулоқ сола бошлади. Кўйлаги ўмизида сийнаси аввалгидан ҳам яққолроқ кўзга
ташланди.
Палмер вискидан ҳўпларкан, ҳисоб бўйича бу нечанчиси — учинчисими ё тўртинчиси
эканини эслашга беҳуда уринарди, бироқ охири вискини Гарри Элдер сузаётганида қанча
ичилганини ҳисобга олишнинг ҳожати қолмайди деган қарорга келди.
— ...ва куч эмас, фақат ҳақиқатгина адолат тантанасига олиб келишини билиб, бизлар
хотиржаммиз, — якун ясади Калхэйн. — Эътиборингиз учун раҳмат.
Улкан танобий гулдурос қарсаклардан ларзага келди. Калхэйн юзлари ял-ял ёниб олқиш
маъносида қўлини кўтарди, сўнг жойига бориб ўтирди-да, яна қўшниси Кармин де Сапио томон
ўгирилиб, у билан узоқ гаплашиб қолди. Раислик қилувчи Грорк ўрнидан турди ва гарчи
қарсаклар ҳали тинмаган бўлса-да, қўл ишораси билан тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилди,
бироқ шу билан бирга, Палмернинг назарида, бу ишора бир вақтнинг ўзида йиғилганларнинг
янги куч билан яна гулдурос қарсаклар чалишига умидни ҳам ифода этар эди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |