www.ziyouz.com кутубхонаси
97
вақтда қандай хизмат кўрсатаётганини аъло даражада тушуниб турарди. Бернс гўё уларни
кузатиб турган омма ўнгида уни Калхэйн билан кўринмас ришта ила боғлаб қўйганди. Барибир
Палмер ўзининг бемаъни руҳ ва нотиқларга нисбатан ҳурматсизлик намойиш этилган томоша
иштирокчиси эканини ҳис қилиб, хижолатдан чиқолмаётганди. Бунинг устига кўпсонли
томошабинларнинг диққат марказида бўлиб қолиши унга сира ёқмаётганди.
— Ҳой биродар, энди овқатланиб олсанг ҳам бўларди! — Бернс Палмернинг елкасига қоқиб
қўйди ва гўё туришига ёрдам бермоқчидай унинг қўлтиғидан олди.
— Аввал қулоқ солсангиз-чи, — сўз бошламоқчи бўлди Палмер.
Шу лаҳзада гўё унга қандайдир ғоят муҳим ва ишончли бир нарсани шипшитиб қўймоқчидай
Бернснинг юпқа лаблари тез-тез қимтилди. Қўли танобийнинг тўрдаги узоқ бурчагини
кўрсатганича Палмернинг боши узра айланди. У бир неча бор тез-тез, қарийб ғазаб билан
бошини сараклатди ва сарғиш кўзлари чақнади. Бу барча аломатлардан уни кузатиб турган ҳар
қандай одам Палмерни муҳим иш билан шошилинч чақиришаётганини англаб олиши тайин эди.
Бернснинг ёрдамида у ўрнидан кўтарилди ва у билан изма-из ҳайъат супачаларидан тушиб,
қоп-қоронғи катта танобийга кириб кетди.
Улар қийинчилик билан беҳисоб столлар оралаб ён эшиккача етиб боришди-да, танобийни
тарк этишди. Бу ер салқин эди. Ортларидан эшик ёпилиши билан Гроркнинг овози бирдан
тинди ва қулоққа элас-элас чалинувчи бидирлашга айланди.
— Ана, дўстим, сени қутқарганим учун менга раҳмат айт, — деди Бернс мийиғида кулиб.
— Ўзи нима гап? — сўради Палмер. — Бу ерда менинг бўлишим нима учун бу қадар
шошилинч керак бўлиб қолди?
Бернс илжайиб қўйди:
— Грорк даҳанаки ичкетар дардига йўлиққан. Жуфтакни ростлаб қолиш учун бу узрли сабаб
бўлмай нима?
Палмер кулимсираганча бошини чайқаб қўйди:
— Сизнинг аввал Калхэйн билан гаплашганингизни, ундан кейин менинг олдимга
келганингизни одамлар кўрмади деб ўйлайсизми?
Бернснинг кўзлари бир лаҳза қисилди, бироқ ўша заҳоти катта-катта очилди-да, қаҳ-қаҳ
уриб кулиб юборди.
— Нима ҳам дердим, зеҳнингизга қойил қолмай илож йўқ, мистер Палмер, — деди у. —
Ҳозиргина қилган ишимиз шарофати билан танобийда ўтирган ўн-ўн беш нафар омонат
банклар раҳбарлари рамақдажон бўлиб ётишибди.
— Барибир ҳам Олбанида республикачилар партияси кўпчилик овозга эга бўлишига
қарамай, — ўйчан ҳолда деди Палмер. — Калхэйн сингари шундай залворга эга бўлиб туриб
ҳам демократик партия арбоби ҳисобдон дўстларимиздан биронтаси учун уйқусиз тун
сабабчиси бўлишига кўзим етмайди.
Бернснинг кўзлари атрофга олазарак қарарди ва Палмернинг кўнглидан ғалати фикр кечди:
у ташлаган луқма Бернсга қаттиқ тегиб, гўё енгил зарбаларни кутаётгандай, энди тез-тез ён-
верига алангламоқда эди.
— Жоним, — деди Бернс, — республикачилар партияси омонат банклар эгалари учун бир
жон-бир тан бўлиб курашаяпти деб сизга ким ва қаерда айтди? Эҳтимол, мен ухлаб
қолгандирман, эҳтимол Мусо тоғдан тушиб кетиб, ўн биринчи сурани ёзгандир? — У димоғидан
қулқиллашга ўхшаган овоз чиқариб босиқ ҳингирлаб қўйди ва Палмер унинг ғирт маст
эканлигини англади.
— Буни ҳамма билади, — жавоб берди Палмер. — Сиз бошқача фикрдамисиз?
Бернс маънодор елка учириб қўйди ва шу аснода Палмернинг қўлига шап этиб урди.
— Менинг айтарли фикрим йўқ, — деди у тўсатдан овозига ўзгача маъноли тус бериб. —
Борди-ю, дўстимга айтадиган гапим бўлганида, ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта айтардим-
қўярдим.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |