www.ziyouz.com кутубхонаси
107
— Зинҳор ундай эмас. — Палмер яна ўйлаб олишга улгурмай сўз қотди. У тишларини бир-
бирига босди, бироқ юзидаги энг кичик ўзгаришни ҳам жувон сезиб турганини фаҳмлаб, ўз
хатосини енгил жилмайиш билан суваб юборишга ҳаракат қилди.
— Нима бўлганда ҳам бу ҳар доим маъносиз эмас.
— Агар бу сизга дахл қиладиган бўлса, умуман ҳар доим эмасми ё шунчаки ҳар доим эмасми?
Палмер чуқур хўрсинди, сўнг тантанавор оҳангда нидо солди:
— Мен шунга асосланиб бу саволга жавоб бермайманки, менинг жавобим айбимга иқрор
сифатида, айбнинг билвосита далили сифатида ёки шуни кўриб чиқиш ҳолатига боғлиқ
равишда ишга дахлдор бўлмаган арзнома сифатида фойдаланилиши мумкин.
— Аммо сиз прокурор билан эмас, дўст билан гаплашяпсиз-ку, — деди Виржиния. Жувон
бироз жим бўлди. — Конституцияга киритилган Бешинчи тузатиш ортига яширинишга ҳожат
йўқ.
Йигит бунга ҳеч нарса деб жавоб бермади.
— Агар ёнимиздаги ҳақиқат ҳам дўст бўлса, — қўшиб қўйди жувон ва қуруқшаган
лабларидан тилини айлантирди.
Ҳаддан ташқари кўп ичиб қўйганини Палмер эндигина англади. У ҳар бир сўздаги пинҳоний
маънодан чўчиб қолганди. Ўзи йўқ хатарлардан хавфсирамоқда, ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик
қилмоқда эди, чунки у росмана ҳушёр одамга хос соғлом ақлга таянадиган аҳволда эмасди-да.
Бу шаҳарда унинг дўстлари қаторига қўшадиган биронта одам бўлса, у ҳам Виржиния-ку. Бироқ
бу ҳақда унинг ўзига айтиш ўрнига у яна ўз овозини эшитди:
— Ростданам шундаймикан?
Жувон жавоб беришга шошилмаётганди. Энди Палмернинг ўзи кўриб турибдики, берган
саволи аслида ғирт ҳақоратдан бошқа нарса эмас. У бир умр қандай иш тутиб келган бўлса,
кўра-била туриб яна шундай иш тутганини тушунди: атрофидагиларни ўзидан маълум
масофада сақлаб турарди. Аммо, наҳотки, у ҳозир ҳам шундай қилаётган бўлса? Наҳотки,
масофани ўзининг Виржиния билан муносабатларида ҳам сақламоқчи бўлаётган бўлса?
— Бундай савол жавоб беришга арзимайди деб ўйлайман, — деди Виржиния. У гўё полиция
машинасининг лип-лип қилган қизил чироғини яна кўришни хоҳлаётгандек Учинчи авенюга
индамай кўз югуртирмоқда эди.
— Дўстлик учун камида икки жиҳат талаб этилади, у бир жиҳатли бўлиши мумкин эмас, —
деди жувон аста ва ўйчан ҳолда. Бироқ у йигитга ўгирилганда, Палмернинг нигоҳидаги
нимадир уни қўшимча қилишга мажбур этди: — Ҳарҳолда мен ўзимни сизга нисбатан дўст
тутишга ҳаракат қиламан.
Палмер бош ирғади:
— Биламан.
— Бу муносабат... — Жувон тараддудланди, бироқ барибир гапини охирига етказишга аҳд
қилди. — Бу муносабат ортида қандайдир шахсий мажбуриятлар яширинмайди. Сиз тўғри
айтгансиз: бизлар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб битта ишни қиламиз. Нега энди бизлар
дўст бўлмаслигимиз керак? Тамом, вассалом.
— Биламан, — деди яна Палмер, — мен ж... ж... — У биргина сирни айтишга тўсатдан
қийналиб қолганидан хижолат тортиб, кўзларини пирпиратди. У чуқур нафас олди. — Мен
жуда сиздан миннатдорман бунинг учун. Раҳмат.
Жувон аста қўлини кўтарди, унинг узун ва ингичка бармоғи бир лаҳза йигитнинг юзига
тўқинди. Бу бармоқнинг қанақадир иссиқ туюлиб кетганидан у лол қолди.
— Бу гапни айтиш учун сиз озмунча куч сарфламадингиз. Тўғрими? — Жувон жилмайди.
Палмер икки бор “ҳа” дегандек бош ирғади, унинг гапиришга мажоли қолмаганди.
— Майли, ҳечқиси йўқ, — паст овозда деди жувон. У катта-катта кўзлари билан йигитнинг
юзига диққат ила, шошилмай разм солиб чиқди. — Агар керакли сўзларни топиш сизга
шунчалик қийин бўлаётган бўлса, буни мен энг яхши лутф деб қабул қиламан. Хайрли тун.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |