www.ziyouz.com кутубхонаси
22
— Лаънати чол! Эсини еган тентак! Шайтон ақлдан оздирди, шекилли, эрталаб менга
телефон қилди!
— Нима керак экан?
— Бутун сайёрамиз... фақат шу керак экан.
— Афтидан, бунга жамғарма банклар аралашган. Шундайми?
— Мана шуниси менга алам қилаяпти-да! — тўнғиллади Бэркхардт. — У, хабаринг бор, тул
бўлиб қолди. Йилига бир бор шаҳримизга дам олгани келади. Камдан-кам бирга овқатланамиз.
Баъзан клубда учрашамиз, бир қадаҳдан отиб оламиз. У ЮБТК бошқаруви мажлисига умуман
келмаслиги мумкин. Биз у билан асосан жамоат кўз ўнгида учрашамиз. Мен ундан шахсий
манфаатларига мос тушадиган ҳеч нарса сўраганим йўқ. У ҳам менга нисбатан худди шундай
йўл тутарди. Лекин бугун, жин урсин, у бирдан тўғридан-тўғри «Меррей Хилл» васийлари
мажлисидан телефон қилиб қолди. Улар бу йил штатнинг қонун чиқарувчи йиғилишига тақдим
этишга тайёрланаётган қонун лойиҳасига ЮБТК қарши эътироз билан чиқмаслигини сўради.
— Унча нозик илтимос эмас.
— Лекин менинг жаҳлимни чиқарган бу эмас, — тўнғиллади Бэркхардт. — Албатта, у ўша
ерда тўпланган барча васийлар олдида бунақа илтимос билан мурожаат қилиши мени
қувонтирмайди. Асло йўқ. Мени ҳамма нарсадан кўра кўпроқ ғазаблантирган нарса менинг...
менинг... — у керакли сўзни қидириб, тутилиб қолди ва ёрдам кутгандек жаҳл билан Палмерга
қаради.
Нима демоқчи? Этиками? Виждонми? Ахлоқми? Турмуш тарзими? Нима экан? — дея Палмер
хотирасини тита бошлади. Лекин бирорта сўзни овоз чиқариб айтмади. Кутиб туришни лозим
топди ва қариянинг ғазабли нигоҳига бардош берди.
— Ҳаммасидан ҳам мени боши берк кўчага киритиб қўйишга уринаётган одамнинг бемаъни
сурбетлиги ғазаблантираяпти. У ё ЮБТК манфаатларини ёхуд эски дўстлигимиз
манфаатларидан бирини танлашни кўндаланг қилиб қўймоқда. Буни кечириб бўлмайди! —
деди қария.
— Унга нима деб жавоб бердингиз? — сўради Палмер.
— Жавоб бердим? Унга нима дея олардим? Жавоб беришдан бош тортдим.
— Охир-оқибат жавоб беришга тўғри келади-ку, ахир.
Бэркхардт кескин бош ирғади. Унинг юзини қатъий, қарийб шафқатсиз ифода эгаллади.
Кўзлари катта-катта очилган, нигоҳи ҳайдовчининг елкасига қадалганди. Гўё у ердан бўлажак
воқеалар натижасини уқиб олмоқчидай эди.
— Фақат менгина ёлғиз унинг дўстиман, деб ўйлама, — қўшиб қўйди қария. — Жо буни
мендангина сўрамайди. Жамғарма банкларининг васийларида ҳам, тижорат банклари
бошқаруви аъзолари орасида ҳам дўстлари топилиши мумкин. Ҳозир улар бу ҳақда бутун
шаҳар бўйлаб сўрай бошлайдилар. Лекин бу биз учун мутлақо номақбулдир. Бу борада менга
тазйиқ ўтказишларига йўл қўёлмайман.
— Қайси қонун лойиҳаси ҳақида гап бўлганди?
— Мундоқ тузук эсимда ҳам йўқ, — деди қария. Бўлиб ўтган воқеани таҳлил қиларкан, у сал
ўзига кела бошлаганди. Эски дўсти берган зарбадан у ларзага тушганди.
— Балки бу филиаллар ҳақидаги сон-саноқсиз қонун лойиҳаларидан биттасидир?
Бэркхардт ғазабланди, кейин оҳиста Палмерга ўгирилди.
— Қизиқ, сенинг бундан қанчалик хабаринг бор, Вуди? — сўради у тутоқиб. — Бундан
хабаринг меникидан кам эмасга ўхшайди.
— Ие, нима деяпсиз! Бундан сал-пал хабарим бор, холос.
— Чолни мазах қилмоқчи бўлдингми-а? — совуқ тўнғиллади Бэркхардт. — Вуди, кел,
келишиб олайлик. Сен бирор нарсани билмаган бўлишинг мумкин, шунда, албатта, қандайдир
хабарга муҳтож бўласан. Фақат билиб қўй, ўзингни гўлликка солиб, мени аҳмоқ қилма.
Тушундингми?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |