www.ziyouz.com кутубхонаси
21
Бэркхардт елкасини қисди.
— Бу нима юз берганини изоҳлаб беролмайди, — дея жавоб берди у Палмердан кўра ўзига.
— Шунинг ўзи омонат қўювчилар пулининг учдан икки қисми нима учун айнан жамғарма
банкларига тушиб қолганини айтиб бермоқда. Ҳолбуки, ўша пуллар бизга ҳаводай зарур.
— Бу қандайдир бемаънилик-ку, ахир.
— Йўқ, бу одатдаги америкача аҳмоқлик, — эътироз билдирди Бэркхардт. — Гап шундаки,
жамғарма банклари ўз дивидендлари бизникига нисбатан ярим фоизга ошиқ деб эълон
қилдилар. Қандайдир аянчли ярим фоиз! Наҳотки шуни пул қўймоқчи бўлган ҳар бир
омонатчига ҳарфма-ҳарф тушунтириш керак бўлса? Охир-оқибатда ҳаммаси шунга бориб
тақаладики, пул қўйган одам ўзининг банкдаги ҳисобида бор-йўғи беш доллар ошиқ сармояга
эга бўлади. Агар омонат қўювчига шу тарзда тушунтирилса, у тентаклик қилаётганини
тушунмасдан қолмайди. Лекин ҳамма бало шундаки, буни унга ҳеч ким тушунтирмаяпти. —
Бэркхардт жимиб қолди, аммо кейин Палмерга юз буриб, сўради: — Нима деб ўйлайсан, бу
ерда гап нимада?
Палмер яна қошини чимирди, жавобини ўйлаяпти деган қиёфага кирди.
— Менимча, сабаби шундаки, — дея бошлади у, юзига унинг жавоби жиддий фикрлашнинг
меваси деган тус бериб, — банкда сақланаётган омонат банкнинг туридан қатъи назар, жуда
кам фойда бераётганини тан олишдан ҳамма қўрқади.
— Худди шундай. Агар одамларга шу тарзда тушунтириладиган бўлса, улар бу банклардан ўз
пулларини олиб, суғурта компаниялари фондларига топширадилар ёхуд ўзлари биржада
ўйнайдилар. Бу соҳада овсарликнинг яна бошқа турлари ҳам бор. Бу — кўчмас мулк
синдикатларига ўхшаш турли бирлашмалардир.
«Роллс-Ройс» ниҳоят Ист Сайдда катта йўлга чиқиб олди ва соатига қирқ беш мил1 тезликда
юмшоқ сирпаниб, шаҳарнинг ишбилармонлар қисмига йўналди.
Палмер маълум муддат ўнг томондаги дарёда сузиб кетаётган танкерлар ва юк катерларига
кўз югуртирди. Енгил туман қоплаган дарё ялтираб ва қарийб ҳаракатсиз турганга ўхшарди.
Август қуёши нури жилваланиб, дарё сатҳида жимир-жимир қиларди. Машина Ўттиз тўртинчи
кўчага бурилди, шундагина Палмер улар анчадан бери гаплашмай келаётганини сезди.
Палмер Бэркхардтга ўгирилиб қаради-ю, ҳайрон бўлди. Қариянинг юзи оғриқдан буришиб
кетганди. Унинг хира-мовий кўзлари чимирилган қошлари остига беркилган, оғзи
бурчакларидан аччиқ ажинлар тортилган, ичида қандайдир оғриқ азоб бераётгандай эди.
Палмер бирор жойингиз оғрияптими, деб сўрамоқчи бўлди, лекин қайта ўйлаб, индамай қўя
қолди. Гапиришга эҳтиёж — фақат бўшлиқни сўз билан тўлдириш Палмернинг ўсмирлик одати
эди, бу қилиғини ҳеч ташлай олмасди.
Гапириб бошига бало орттиргандан кўра жим туриш — ҳаёт ҳикмати. Бу ҳикматни унга отаси
сингдирганди. Отаси унга ўн икки ёшидан айтган бўлса ҳам, жуда кеч, ўттиздан ошгандан сўнг
тушунди.
Энди бўлса, у қирқ ёшдан ошгандан сўнг бу ҳақиқатга шубҳалана бошлади. Ҳозир, шимолга
учиб бораётган «Роллс-Ройс»нинг ўриндиғи суянчиғига ястанганича жим турмоқ чиндан ҳам
кўнгилсизликдан асрар экан. Буни баҳслашиш ортиқча. Бироқ йиллар ўтиши билан Палмер тез-
тез кўнгилсизлик нима деган савол ҳақида ўйлаб қоларди. Ростдан ҳам уларнинг моҳиятидан
қатъи назар, кўнгилсизликдан қочиш керакмикин?
Машинада Бэркхардт билан ёнма-ён ўтириб, айни дамда «кўнгилсизлик» ўзи билан ҳали
узоқ йиллар унга бошлиқ бўладиган одам ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаши мумкинлигини
тушунарди. Ёшлигида отаси берган ўгитни бузиб, энди гап бошлайман деганда:
— Жин урсин, қари тентак! — деб хитоб қилди Бэркхардт.
Палмернинг пешонаси тиришди, Бэркхардтни жунбушга келтирган нима бўлдийкин, деб
ўйлади.
— Сиз Лумис ҳақида айтяпсизми? — сўради у.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |