www.ziyouz.com кутубхонаси
20
бу низо алоҳида кескин тус оларди.
— Бу борада сенга нима маълум ўзи? — сўради Бэркхардт тиллойи мармар тўшалган
даҳлиздан ташқарига чиқиш эшигига йўналишаркан. Уларни сочлари оқ қоровул кутарди. У
эшик дастасини ушлаганича, ҳар дақиқада уни айлантиришга шай турарди.
— Фақат улар, ҳалиги...
— Бу ҳақда машинада гаплашамиз, — унинг сўзини бўлди Бэркхардт ва банк
хизматчиларидан бирига бош ирғади. У илиқ табассум билан жавоб қайтарди. Аслида
жаҳаннамга эмас, жаннатга тушишини билган бандагина шундай табассум қилиши мумкин,
ўйлади Палмер. Йўлка четида уларни кулранг «Роллс-Ройс» кутиб турарди. У бу ерга ҳозиргина
келганини ким ҳам ўйларди дейсиз: кўчага айнан шу машина юриши учун сув сепилгандек эди.
Бэркхардтдан сўнг Палмер ҳам кириб, қорамтир-кулранг чарм қопланган орқа ўриндиқда ёнма-
ён ўтирди.
Машина ўрнидан равон қўзғалиб, текис йўлга тушиб олди-да, Броуд-стрит бўйлаб ялпи
оқимда сассиз юриб кетди. Бэркхардт уларни ҳайдовчидан ажратиб турган ойнани туширди-да:
— Бешинчи авенюдаги офисга, Гарри, — деди.
Палмер ойнанинг яна кўтарилганини сезди, шиша тўсиқ ёнидаги махсус токчадаги
телефонга кўзи тушди. — Энди ҳаммаси жойида, қани, гапир-чи, — амр этди Бэркхардт.
Палмер чимирилди, гўё нимадир устида бош қотирарди. Ҳолбуки, баъзи нарсалардан умумий
хулоса чиқариш унга чўт эмасди.
— Бу ерда ҳамма масала янги пулларда, — деди бамайлихотир. — Омонат банклари катта
дивиденд тўлайдилар, шу боисдан янги-янги пул қўйишни жалб қиладилар. Вазифа — ана шу
пулларни бизга йўналтиришга эришишдан иборат.
— Гапнинг индаллосини айтдинг. Қўшимча қилишимнинг ҳожати қолмади.
— Мен мамнунман, — деди Палмер. — Лекин бу борада сизнинг нима қилганингиз менга
қоронғи. Мен шуни билишим лозим.
“Баъзан алдашга тўғри келади, — ўйлади Палмер, — лекин бу ёлғон яхши ниятда тўқилади.
Қария, ахир, ўлимигача ҳаммасини тўкиб солгиси келаяпти, шунинг учун илк имкониятга ҳам
ёпишиб олди”.
— Нима қилдингиз, деяпсанми? — тўнғиллади Беркхардт. — Биз бу ерда лақиллаб, юлдуз
санаб юрдик, мана нима қилдик. Бутун ўн беш йил давомида бепарво ўтириб, омонат банклари
шундоққина бурнимиз тагидан доллар кетидан долларни ташиб кетаётганини томоша қилиб
ўтирдик. Чунки биз ўз вақтида бундай майда-чуйда иш билан шуғулланишни эп кўрмадик. Энди
бўлса, ана ўша долларлар бизга керак бўлиб қолганида, ҳатто нима қилишниям билмаяпмиз.
— Худди мана шуни мен тушунмаяпман-да, — яна ёлғон гапирди Палмер. — Мен шуни
айтмоқчиманки, ўша омонат банклари фаолиятида мен ҳеч қанақа сир кўрмаяпман. Улар ўзи
қанча? Бутун штат бўйича юз ўттизта ҳам чиқмайди, ахир?
— Ҳа, тахминан шунча, филиаллари билан биргаликда икки юз элликтага бориб қолади.
— Шундайку-я, лекин биргина ЮБТКнинг ўзи уларнинг барча тизимларида мавжуд
бўлганчалик филиалга эга-ку?
Бэркхардт бунга жавоб бермади. Палмер эса қария дилида борини тўкиб солсин дея сўраб-
суриштиришда давом этди.
— Менга ҳаммадан кўра айнан шуни тушуниш қийин бўлаяпти, — деди тағин Палмер. —
Мана, доимий маош оладиган одамни олиб кўрайлик. Одатда, унинг маошининг учдан икки
қисми қарзларни тўлашга кетади. Лекин, барибир, у ҳафтасига 10 доллардан, айтайлик, ҳатто
5 доллардан олиб қўяди. Унинг қанчалиги аҳамиятсиз. Савол туғилади, у мана шу
жамғармасини қаерга қўйиши керак? Ҳамма жойда, қарийб ҳар бир бурчакда ЮБТК, «Мэню-
фэнчерерз» ёки «Чейз Манхэттен», «Фёрст нэшнл», ниҳоят, Кимё банкларининг бўлимлари
жойлашган. Бошқача айтганда, омонат қўювчи ўзи учун тижорат банки сингари қулай бўлган
жамғарма банки бўлимини излаб топишга вақт сарфлаши керак бўлади. Шундай эмасми?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |