www.ziyouz.com кутубхонаси
16
Марказий дарвозанинг ҳар икки томонида яшил чарм диванлар қўйилган, улар орасидаги
нафис тагликларда тиллойи кулдонлар ялтирарди. Залнинг тўрида иккита лифт ёнида
кичкинагина, сочлари оппоқ, озғин одамча турарди. Унинг касбий кийими ва ёнига осган
полициячи тўппончасининг ғилофи бўлмаганида уни рутбали хизматчи ёки дарбон дейиш
мумкин эди.
Шифтнинг баландлиги уч қават уй бўйи келадиган ҳашаматли залда сукунат ҳукм сурар,
электрон жиҳознинг майин чиқиллагани эшитиларди. Афтидан, хизмат хоналарида
ҳужжатларни саралаётган ускунанинг овозига ўхшайди. Палмер бир зум дарчалардан
келаётган товушга қулоқ тутди: заёмлар бўйича қарздорликни ҳисоблаётган бўлса керак.
Унинг келганига ҳеч ким эътибор бермагандек кўринди: банкка кираверишда ўтирган
хизматчилар, дарбон ва ҳатто лифт ёнидаги қоровул ҳам у томонга бир бор қайрилиб
қарашмади. Тилласи ялтираб турган мармар тўшама бўйлаб одимлаб бораркан, у
пошналаридан таралаётган бўғиқ товушни ҳис қиларди, холос.
Палмер яқинлашиб келиши билан қоровул унга бош эгиб сассиз саломлашди ва тугмани
босди, лифтнинг қопқалари икки ёнга сурилди.
— Сиз ўн саккизинчи қаватга чиқасиз, мистер Палмер, — деди қоровул.
Палмер бу ерда кўрсатилаётган «томоша» учун ўзича истеҳзоли жилмайди-да, кескин орқага
бурилди. Уни диққат билан кузатиб турган банк хизматчилари — маъмурлардан тортиб
ғазначиларгача — қотиб қолишди. Уларнинг ноқулай аҳволга тушиб қолишганини кўрмаслик
учун Палмер шу заҳоти яна орқага бурилди-да, лифтга кирди ва тугмани босди. Эшиклар
ёпилди. У соатига қараб қўйди. Бир дақиқаси кам ўн бир. Жуда соз.
Лифт юқорига майин кўтарилиб бораркан, Палмер яна банк биносининг биринчи қаватидаги
тарҳини ким ишлаб чиққанини ўйлади. Бинонинг биринчи қаватидаги залнинг ғояси умрини
яшаб бўлган консерватизм қонунлари асосида пайдо бўлганлиги шундоққина кўриниб турарди.
Ахир, бу чекланган, қари, мижғов, шаробхўр сармоядорлар ўз ниятларида театр безаклари
наққошлари ҳам амалга оширолмаган нарсаларни кўра билган ва бунёд этгандилар.
Ана шу кекса япалоққушлар эришган ютуқлар ўзининг кутилмаганлиги ва такомиллиги билан
ҳайратга соларди. Биргина залнинг ички кўринишдаги тиллойи ва яшил ранглар уйғунлиги ҳам
шуни тасдиқлаб турибдики, улар ривожланган дунёнинг кўпчилик малакатларида ана шу икки
ранг пулни билдиришини ҳам ҳисобга олганлар.
Клеркларнинг1 анъанавий эҳтироссизлиги-чи? Палмер ҳеч бир томошада актёрларнинг ўз
рўлларини бунақа зўр ўйнаганини ҳали кўрмаган эди. Ҳолбуки, уларга ҳеч ким ва ҳеч қачон
ўзларини мана шундай тутишлари кераклигини айтгани йўқ. Уларнинг ўзларини шу тарзда
тутишлари аста-секин анъанага айланди ва авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Палмер шу ерда ишлаши кераклигини сезганидан бирданига қувонч ҳис этди. Аммо бу туйғу
шу лавозимга тайинланганида ҳис этган тантана завқига сира ўхшамасди. Палмер жилмайиб
қўйди. Лифт эшиги очилиб, у бинонинг охирги қаватидан ташқари чиққанида ҳам унинг
чеҳрасидан табассум аримаганди.
Йўлакдаги каттакон стол ёнида ўтирган қиз пайпоғини тўғрилаш учун энгашди. Палмер
нигоҳи билан унинг оёқлари бўйлаб бир сузиб ўтди-да, кўзини четга олди. Бироқ атрофида
диққатга сазовор бирор нарса учратмагач, орқасидаги лифт эшиги ёпилиши билан яна қизга
қаради.
Савол аломати билан унга қараган қиз сўради:
— Мистер Палмерми?
У тасдиқлаб бош ирғади. Қиз шошилиб ўрнидан турди-да, йўлак бўйлаб юраркан, орқасидан
юришини таклиф этди: «Бу ёққа, марҳамат». У қизга эргашди, кенг ва яшил йўлак бўйлаб
бораркан, унинг қадди-қоматига қарамасликка ҳаракат қилди.
Йўлак уни сайқал берилган ёғочдан ишланган икки табақали катта эшикка олиб келди.
Палмер юқори лабининг енгил терлаганини ҳис қилди ва бармоғи билан артиб қўйди. У зўр
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |