www.ziyouz.com кутубхонаси
18
қурилмаларга ҳам эга бўлгандик. Бироқ, йигитлар уларни анча эпақайга келтириб олдилар.
Синтетика, алюминий, ёрқин безаклар ва ҳоказо.
Қария китоб жавончасидан яшил муқовали катта китобни олди-да, ёзув столига қўйди.
— Мана ўша филиаллар, икки юзтача бор, — деди у. Китобни Палмерга томон суриб, у
қўшиб қўйди. — Уни ўзинг билан олиб кет. Бўш вақтларингда кўздан кечирарсан. Бу ерда
қаватлар бўйича режалар, рангли суратлар, умуман, ҳамма нарса бор.
Палмер китобни қўлига олди, ҳатто уни очиб ҳам кўрди. Нимадир кўнгилдагидек эмасди.
Бэркхардтнинг ҳиссиз овозига қулоқ соларкан, қандайдир мавҳум туйғуни ҳис этди: уларнинг
муносабатларида илғаш қийин алланарса бор эди. Бэркхардтнинг сўзларидан гап
нимадалигини пайқаш қийин эди. Шубҳасиз, нимадир бор эди... Лекин нима?
Манфаатдорсизликми? Ички алоқа ўрнатишга қобилиятсизликми?
Нима бўлганда ҳам, иш кўнгилдагидек бўлмаяпти, деб ўйлади Палмер. Албатта, қария билан
ўзининг алоқалари яхши бўлиб кетади деб кутмаганди. Бироқ, Бэркхардтнинг ўз манфаатлари
учун келгусида ўзаро муносабатлари қай тарзда бўлишини аниқлаш мақсадида ушбу
учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан фойдаланиб қолиши керак эди. У бунингсиз ҳам узоқ
тушунтиришни, банк ички тизимини намойиш қилинишини ва бу борада ўз рўлининг белгилаб
берилишини кутмаган эди. Лекин бу ерда, Бэркхардт ўзининг биринчи ўринбосари Палмер
билан кейинчалик биргаликда ишлаши учун жўшқин режани белгилаб олиши даркор эди.
Палмер биринчи қадамини ўзи қўйишга қарор қилди. У бироз олдинга интилиб, йўталиб
олди-да, на таъкидлаш, на савол аломатида сўради:
— Сизни нимадир ташвишга солаяптими?
Бэркхардт ҳайрон бўлиб унга қаради. Кейин бурнини буриштириб, Палмерга тағин кўз қири
билан қараб қўйди.
— Мен ҳозир ўйлаб қолдим, — дея сўз бошлади-ю, бирдан нафас олиб, жимиб қолди. Бирор
сония ўтар-ўтмас, қисқа бармоқлари билан оппоқ сочини силаб, давом этди: — Сенинг
келишинг олдидан мен телефонда гаплашган эдим... Мен Жо Лумис ҳақида ўйлаяпман. У менда
қарийб йигирма йил бошқарув аъзоси бўлган эди, жин урсин.
Палмер тушунаман, дегандай бош ирғади:
— «Жет-Тех индастриз».
— Ҳа. Ҳамда «Вакутерм электроникс».
— Хўш, неча... У неча ёшда? — сўради Палмер. — Етмишга яқинми?
— Етмиш бир. Лекин гап бунда эмас. Худога яқин, токи унинг ёшига етганингда сенда ҳам
ўшандай куч-қувват бўлсин. — Бэркхардт бошини сарак-сарак қилди. — Йўқ, бу ерда гап
бутунлай бошқа нарсада. У турли сармоядорларга васий. Улар эса жами ўн беш миллион
доллар соҳибидир. Бундан ташқари у учта бошқа банк бошқарувининг ҳам аъзосидир.
— Унинг фақат унвонларининг ўзини санашданоқ менинг бошим айланиб кетди.
— Ана шу банклардан бири, — секин давом этди Бэркхардт, — Меррей Хиллнинг омонат
банкидир.
Палмер Бэркхардт ундан қандай жавоб кутаётганини билмай, бошини чайқади. У қариянинг
жойидан туриб, ўз оромкурсиси ортидаги катта дераза ёнига борганини диққат билан кузатди.
Кенглиги йигирма фут1 келадиган улкан дераза ҳар бири икки футдан катакларга бўлиниб
силлиқланган ёғоч муқова билан қопланган эди. Бэркхардт ойна ёнида паришон ҳолда улардан
офтобни тўсиб турган қўшни осмонўпар икки бино оралиғидаги торгина тош тирқишни
кузатарди. Унинг нигоҳи йўналган томонга қараб, Палмер куз қуёши нурида ялтираётган
дарёга кўзи тушди. Айни шу пайтда дарёда танкер оҳиста сузиб кетаётганди.
— Сизда омонат банклари туфайли бирор кўнгилсизлик юз бердими? Шунақами? — сўради
Палмер. Жавоб бўлмагач, бир зумга жим қолди. Айтадиган гапини фикран тўплади-да, давом
этди: — Барибир, душман қароргоҳида дўстингиз борлигини билиш қувончли...
Бэркхардт аста суҳбатдошига ўгирилди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |