www.ziyouz.com кутубхонаси
179
— Буни қаердан билишингга ақлим етмайди, — деди эр ярим ҳазил тариқасида гапиришга
уриниб, — ахир ўз миннатдорлигимни изҳор этишга жуда нўноқман-да.
Эдис бошини чайқаб қўйди:
— Бундай эмас. Фақат сен мантиқан фикрловчи одамсан. Ҳар қандай мантиқан фикрловчи
одам эса сен нимани кўрсанг шуни кўриб туради. Ва миннатдорликни ҳам... — Аёл жим бўлиб
қолди. Палмер унинг лаблари бир лаҳзада унсиз қимирлаганини кўрди, — ҳис қилади, —
гапини тугатди Эдис.
— Мен ҳис қиламан, жуда чуқур миннатдорлик туйғусини ҳис қиламан ва мен... — ўз
фикрини сўзларсиз ифода этишга ҳаракат қилиб, у қўлини силтаб қўйди.
— Ва бу моддани ўз ҳисоботингга киритмоқчи бўлгансан, — деди аёл эри учун.
— Тахминан шундай.
Эдиснинг нигоҳи юқорига ва бироз четга, Палмернинг юзига сирпаниб борди.
— Ҳисобот бериш сен учун жуда ҳам муҳим, Вудс. Банкир учун бу энг асосий нарса, шундай
эмасми?
— Қайсидир даражада, ҳа.
— Ҳисобот, — такрорлади хотини унга қарашда давом этаркан, — бу, аслида, якун чиқариш.
Мен, ҳалиги... йиллик балансни назарда тутаяпман. Сизларда буни нима дейди? Якуний
чизиқми?
— Якуний чизиқ. Ҳа.
— Якуний чизиқдан ташқари деярли ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, — хотини шу қадар паст
овозда гапирар эдики, яхшироқ эшитиш учун Палмер ҳатто энгашишга мажбур бўлди. — У
ишга хотима ясайди. Бунгача ҳамма нарса бўлиши мумкин: яхши ҳам, ёмон ҳам, ажойиби ҳам,
азоб-уқубати ҳам — ҳар қанақаси. Якуний чизиқ қора сиёҳда тортилдими, демак ҳаммаси
жойида.
— Ана, холос... — Палмер ҳиссиётининг бирмунча муддат ҳавода осилиб туришига изн
берди, чунки гарчи хотинининг адоватини яққол ҳис этиб турган бўлса-да, унинг нимага шама
қилаётгани тагига етолмаётганди. — Мен ҳеч қачон дебет ва кредитни бу қадар завқ билан
изоҳлашганини эшитмаганман, аммо сен ҳақсан деб қўрқаман. Якуний чизиқ — фақат шу
аҳамиятга эга.
— Бундан ҳам муҳимроғи шундаки, у кредитни кўрсатиб турса.
— Ҳа.
Хотини бош ирғаб қўйди:
— Яхши. Сен қора якуний чизиқ тортдинг, азизим. Омадинг бор экан.
— Эдис. — Палмер хотинининг гавдаси ростланганини ва ўзини яқинлашиб келаётган
ҳужумдан сақлашга чоғлаётгандек яна ҳам таранг тортилганини кўрди. — Мен сенга нимани
ҳис қилаётганимни айтмоқчи эдим, холос.
— Айтдинг ҳам.
— Хўш?
— Раҳмат, азизим. — Аёл яна ерга тикилди. — Жиддий айтаяпман. Раҳмат.
— Сен менга раҳмат айтма, мен айтишим керак сенга.
Хотини қисқа, кескин кулиб қўйди:
— Алфонс ва Гастон жўмардларча бир-бирини ҳурмат қилганларидайми?
— Тағин мени кексалигингни билдириб қўяяпсан дейсан-а.
Аёлдаги таранглик йўқолгандай бўлди ва у эрига бурилди. Палмерга ҳатто хотини чеҳрасида
табассум жилва қилгандай туюлди.
— Бизлар нимадан изтироб чекишимизни топмоқчи бўлгандим, холос, — деди Эдис. — Нью-
Йорк касаллигидан экан. Аломатлари — бошқалар билан муносабатнинг мутлақо йўқлиги.
Сабаби эса — қаттиқ толиқиш.
— Эҳтимол, сен ҳақдирсан.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |