www.ziyouz.com кутубхонаси
177
акцияси сотув йўли билан уч минг одамдан тахминан 25 нафар одамга ўтган. У бу йигирма беш
нафар янги одамдан биттасини ҳам билмасди ва уларда ҳеч қандай маълум тенденцияни кўзда
тутмасди. Ҳатто уларнинг манзиллари ҳам деярли бутун мамлакат бўйлаб сочиб юборилганди.
Палмер эснади ва кўзларини юмди. Қулоғига Эдиснинг хоналардан биридаги шахдам
одимлари чалинди.
Эдис. Палмер уйқусираганча қачондир иши учун хотинини мақтаганини эслашга ҳаракат
қилиб, икки ой орқага қайтишга уриниб кўрди. Шунга ўхшаган бирон оғиз гапни унга
гапирганмикан ҳеч? Нима деганди? У ёки бу баҳона билан соф шартли манфаат ифодасидан
ташқари умуман бирон-бир танбеҳ қилганми? Мана бу катта қурилиш борасида қачондир ўз
фикрини хотинига баён қилганми? Аслида савол ва жавоблардан ташқари умуман бирон гап
гапирганми?
Уйқу қочди. Палмер ўрнидан турди ва акционерлар рўйхатини стулга қўйди. Хотинини излаб,
хонама-хона юра бошлади. Уни ошхонадан топди. Эдис очиқ музлатгичга тикилиб қараб
турарди. Пастдан тушиб турган ёғдуда унинг ингичка юзи, чўзинчоқ, учли ияги янада яққолроқ
кўзга ташланарди. Пардозсиз, енги калта кенг оқ блузка ва хокийранг шим кийган Эдис,
банкирнинг хотинига ҳам ўхшамасди, ўйлади Палмер. У нигоҳини хотини шимнинг узун
чизиғидан юқорига, болаларча сонидан олиб ўтиб, қора чарм камар таққан белига кўтарди.
— Музхонага ҳеч қандай тажовуз ўтказилмасин, — ҳазиллашди Палмер.
Хотини бурилиб қаради.
— Азизим, — деди у, — кексайганингни ўзинг билдириб қўяяпсан. Ростданам бу “музхона”-
ку! — У музлаткичдан ниманидир суғуриб олгани энгашди ва Палмер ҳатто шу ҳолатида ҳам
хотинининг думбалари ясси, кесимсиз эканини кўрди. — Бузилмайдиган нарсалар бўлса,
бугуноқ ўраб-чирмаб қўя қолсам деб ўйлаётувдим.
— Қолган буюмларга қачон келишади?
— Эртага эрталаб, сен билан болалар кетишгандан беш дақиқа ўтиб.
— Ҳаммаси шунга ҳисоб-китоб қилинганми?
— Ҳали бу ҳолва, — деди хотини гавдасини ростларкан. — Мана, кундузги ишлар сонияма-
сония ҳақиқатан ҳам ҳайратомуз даражада ҳисоб-китоб қилинган. Болалар хонаси соат учга
тайёр бўлиши керак. Бизникилар сабр қилиб туришади.
— Ўзинг болалардан ортмасанг ҳам керак.
— Турган гап. — У ярим бурилди, лекин эрига қарамади. Музлатгич ичидан чиқиб турган
нурда унинг қомати мафтункор акс этиб турарди — мўъжазгина сийналари дўппайган, қорни
шу қадар яссики, белидаги камар тўғаси ортиқча буюмдай кўриниб қолган.
— Бошқаларнинг ишлашларини томоша қиламиз деб оёқ остида ўралашиб юришларини
хоҳламайман — бусиз ҳам улар деярли ҳеч нарса қилишмаяпти, — қўшимча қилди Палмер.
— Улар банд бўлишади. — Хотини жимиб қолди. — Эртага соат нечада кутай сени?
— Соат... —Палмер ҳам жимиб қолди. — Аниғини билмайман. Агар истасанг, эртароқ
келишим мумкин, бир амаллаб.
— Бир амаллаб келсанг, яхши бўларди, ҳарқалай.
Палмер бош ирғади ва шу заҳоти хотини унинг ҳаракатини пайқай олмаслигини англади,
чунки у ҳамон унга қарамаётган эди.
— Менга бирон-бир махсус топшириқ борми?
— Биласан-ку, эртага эрталаб миссис Кейж келади.
— Эртага келадими?
— Соат 12 да у Айдлуайлдда бўлиши керак. Мен унга тўғри уйга такси ол деб айтдим. Агар
учаламиз оқшомни шунга бағишласак, китобларни тахлар, сувратларни осар ва кўримли
бўлиши учун турли услубдаги мебелни жойлаштирар эдик.
Палмер аста оҳ тортиб қўйди:
— Бутун оқшом сувратларни осиш. Зўр-ку.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |