www.ziyouz.com кутубхонаси
178
— Осмаймиз. Наҳотки осиш устаси бўлмаган одамга мен бу ишни шундоқ ишониб топшириб
қўяверсам.
— Сенинг мутахассисларча ишлаб чиққан режанг барча санъат асарларини осишни кўзда
тутмаганми ҳали? — сўради Палмер. Гапини охирига етказмаёқ у сўзларидаги ошкора
саркашликни ўзи ҳам аниқ ҳис этди. — Айтмоқчи эдимки, — шошиб гапини тўғрилади Палмер,
— шифт чироқлари наҳотки ўрнатилмаган бўлса?
Бу гал аёл бурилиб унга қаради. Ёруғ унинг орқасидан тушиб тургани боис, Палмер
хотинининг юзидаги ифодани ўқиб ололмаётганди.
— Вудс, — хотиржам оҳангда деди Эдис, — чироқлар кўчма, уларни истаган вақтда истаган
жойга тўғриласа бўлаверади.
— Мен, мен ундай...
— Ҳечқиси йўқ, — унинг сўзини бўлди хотини. Қандайдир чорасиз ҳаракатни бошлаб,
аёлнинг қўллари юқорига кўтарилди ва ўша заҳоти қотиб қолди. — Ҳечқиси йўқ. — Эдис
орқаси билан унга ўгирилди ва тағин музлаткичга тикилди. — Лекин илтимос, уйга тушликка
келишга ҳаракат қил. Бу бизнинг янги уйимиздаги биринчи тушлигимиз бўлади.
— Албатта.
Яна бирон нарса айтар деб ўйлаб, Палмер кутиб турди. Лекин хотини жим эди. Шунда
Палмер биронта жўяли гап топиб, суҳбатларига кўнгилли хотима ясашни ўйлай бошлади.
Хотинига қараб туриб, у бирданига Эдиснинг қаттиқ жаҳли чиққанини англади, акс ҳолда унинг
музлаткич эшигини бу тахлит узоқ очиқ тутиб туришини бошқа нима билан изоҳлаш мумкин?
Эдиснинг билмаган нарсаси йўқ деса бўларди; онаси ва оқсоч хотиндан ҳам у одатдаги,
Уэллесли коллежидан ҳам одатдаги билим ва уқувларни олган эди. Бироқ Палмер унинг ўзига
хос ва мос бўлмаган маълумотларни қаердан олганлигини билолмай боши қотгани-қотган эди.
Эдис, масалан, электрга оид ҳаддан ташқари кўп нарсаларни биларди. Ўзига таниш бўлган
аёллар ичида электр печкаси, чангюткич ва торшерни битта розеткага тиқиб бўлмаслигини,
акс ҳолда қисқа туташув рўй беришини биргина у билар эди. Музлаткичда ҳароратнинг муайян
даражасини тиклаш учун қанча вақт кетишини ҳам биларди. Шундай бўлишига қарамай, мана,
неча дақиқадирки, музлаткич ҳамон очиқ турарди.
— Бориб ишимни тугатиб қўяй, — деди Палмер.
— Яхши. — Хотини соатига қаради. — Бироздан кейин ётсак ҳам бўлади.
— Мен тезроқ бўлишга ҳаракат қиламан.
— Дуруст.
Палмер бурилди-да, бу ерга нега келганини эслаб, тўхтади.
— Менга қара, — аста деди у, — сен роса чарчаган бўлишинг керак. Ҳозир бориб ётсанг
нима қилибди?
— Ҳозир ётаман.
— Охирги икки ой ростданам оғир бўлди.
Юпқа оқ блузка остидан Палмер салқи тақилган камар узра унинг белини кўрди. Гўё
умуртқаси бир хил ҳолатда маҳкамланиб қўйгандай Эдис қийшиқ ҳаракат билан хиёл ўгирилди.
— Ҳа, — босиқ оҳангда жавоб берди у пастга, ерга қараганича.
— Мен сенинг режанг ва сенинг раҳбарлигинг остида нималар қилинган бўлса, ҳаммасини
назарда тутаяпман, — давом этди Палмер. — Бу катта иш эди. Ҳаммаси деярли охирига етиб,
сенинг қанчалик бахтиёр эканингни тасаввур қилаяпман.
— Ҳа.
— Бу ёққа қара, мен... — Палмер жим бўлиб қолди ва хотини кўрмаётганидан хурсанд бўлиб,
пастки лабини ялаб қўйди. — Мен илгари сира айтмагандим. Аммо ҳаммаси учун сендан жуда-
жуда миннатдорман.
Аёл бош ирғаб қўйди. Унинг нигоҳи ҳамон ерда эди.
— Мен буни биламан, — деди ниҳоят у.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |