www.ziyouz.com кутубхонаси
173
долларлик акцияларига эга бўлса, бугунги кунда унинг маблағи 240 долларни ташкил этаяпти.
Ҳамма ЮБТКни сотиб олмоқда. Биржада бизнинг акцияларимиз энг барқарори. Ғиштларни
улоқтирганингда кимни мўлжалга олганингни мен қаёқдан билай? Такрор айтаманки, бу
ҳақиқатан ҳам бир чақага қиммат. Бизнинг мулкларимиз шу қадар кенгки, бизга зарар
келтирмоқ учун кўнглингдагидай катта бўлакни ушатиб ололмайсан.
— Сиз таваккал қилиш ва бундан нима чиқаркин, деб қараб туриш керак демоқчимисиз?
— Бўпти. Фараз қилайликки, шундай. Лекин мен бир нарсани тушунмай турибман, бу сени
нега ташвишга солмоқда? Нега айнан ҳозир? Нега бирданига?
Бэркхардтнинг кўзлари катта-катта очилди, бу ҳам бир лаҳзагина, қорачиқлар нурдан
қисилгунча давом этди, холос. Палмерга бу кўзларда намойишкорона такаббурликдан бошқа
яна нимадир йилт этгандек бўлди. Балки, у буни эшитдимикан ё? Бэркхардт ҳаддан ортиқ
қизишиб кетмадимикан? Ёки Палмернинг ўзи исботларни қидириб, уларни аслида йўқ жойдан
топмадимикан?
Жавоб ўрнига Палмер ликобчани суриб қўйди, ўзини орқага ташлади ва сигарета тутатди.
— Cўнгги вақтларда мен биржадаги аҳволни кузатдим, — ёлғонлади у, ҳозиргина
маклеридан олган маълумотларга таяниб. — Биласизми, — давом этди у, — ЮБТК акциялари
аҳволи билан қизиқиш учун бир амаллаб вақт топишга ҳаракат қилаяпман. Мен ҳар куни
сотувга қанча акция келиб тушишини текшираяпман. Аста-секинлик билан бўлса ҳам, аммо
активлар мунтазам ўсиб бормоқда.
— Сенинг кўзларинг меникидан ўткирроқ, — кескин оҳангда жавоб берди Бэркхардт.
— Сиз ҳеч нарсани кўрмадингизми?
— Мен одатдаги актив талаби ва таклифини кўрганман, холос. ЮБТК акциялари бошқа
акциялар қатори жадал сотилмоқда ва сотиб олинмоқда. Аммо жадаллик умумий. Бу бевосита
ЮБТКга дахл қилмайди.
— Мен бунга ишонмайман.
— Вуди. — Бэркхардт санчқини шундай кескин қўйдики, Палмер чўчиб тушди. — Бу ўзи, жин
урсин, гапни қаёққа бураяпсан?
— Модомики сиз бу фаоллик рисоладагидай дедингизми, мен сизнинг сўзингизга ишонишим
керак.
— Ишонавер, жин урсин, — шартта деди Бэркхардт.
— Яхши, — ён берди Палмер. — Келинг, сўнгги бир неча ойни олайлик. Акция баҳолари
бироз тушди. Унинг биржадаги нархлари тебраниб турибди. Шундай кун ва ҳафталар
бўладики, ЮБТК акциялари кўпайиб кетади, шундай кун ва ҳафталар бўладики, улар озайиб
қолади. Бу беқарор бозор. Вақти-вақти билан нарх кўтарилиши кузатилади, чунки уларда
кўплаб тажрибасиз ҳаваскорлар иштирок этадилар. Аммо нархни тушириб ўйнайдиган
чайқовчилар ҳамон фаол ва вақтинчалик вазиятдан ўз манфаатларига фойдаланиб қоладилар.
Агар сиз ҳисоботларни ўрганган бўлсангиз, кўплаб тарқоқ банк ишларини пайқаган бўлишингиз
керак. Мен сизга айтган ҳалиги иккитасини истисно қилганда ёрқин тенденцияларнинг
йўқлиги. Биржада нима қилинаётганидан, у ёки бу ҳафтанинг умумий йўналиши қандайлигидан
қатъи назар, сиз ЮБТКнинг сотилган акциялари миқдорининг бирмунча ортганини албатта,
кўрасиз. Бир неча ой муқаддам кундузги меъёр тахминан соат учларга тенг келган эди. Кеча
олти мингтаси сотилганди. Бу битта тенденция. Иккинчиси — бу нарх. Бир неча ой муқаддам у
етмиш иккида муқим турган эди. Кеча, биржа ёпилганда, етмиш саккиз эди.
Бэркхардт қўлларини икки томонга ёйди.
— Мен сенга ҳозиргина айтдим, бизлар — биржанинг асосий устунимиз, деб. Ўзинг айт-чи,
нима учун бизнинг акцияларимиз шунчалик кўп жамғармаларнинг портфелларида бор? Агар
жиладиган бўлсак, юқорига қараб жиламиз. Аста-секину аммо бир текис жиламиз. Энди бунақа
сафсаталарингга бало борми? Ундан кўра муддаога ўтиб қўя қол.
Палмер лабларини қимтиди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |